Тошкентда 1,3 тоннадан ортиқ ёки ўтган йилга нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўпроқ наркотиклар партияси йўқ қилинди. Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 та, яъни аввалги йилга нисбатан 20 фоиз кўпроқ жиноят фош этилгани маълум қилинди.
ДХХ томонидан Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийсидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 3,8 кг опий ва 9,7 кг гашиш гиёҳвандлик моддаларининг айланмасига чек қўйилди.
ДХХ ва ИИВ томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда яширин фаолият олиб бораётган «жиҳодчилар» оқими аъзоларининг 10 нафари қўлга олинди. Улар «жиҳод» мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлганлиги айтилмоқда.
Бухорода 10 минг доллар эвазига ваколатли танишлари ёрдамида уй-жой қуриш учун ер олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга тушди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан иш очилди.
ДХХ ва прокуратура томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Фарғонанинг Бешариқ туманида 35 сотих, Олтиариқда 20 сотих, Боғдодда 4,75 гектар ерни, Наманганнинг Чортоқ туманида 8 гектар ва Сурхондарёнинг Бандихон туманида 2 гектар майдонни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Андижон вилоятида Кореяга ишга юборишни ваъда бериб, бунинг эвазига 6 минг доллар сўраган шахс қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентда 5 нафар фуқаро ҳарбий қисмларидан бирида режалаштирилган 65 млрд сўмлик капитал таъмирлаш ишларини қурилиш фирмаси бошлиғига олиб бериш эвазига, шартнома қийматининг 4 фоизи миқдорида пул беришини талаб қилган. Улар олдиндан 30 минг долларни олган вақтида ушланди. Тошкент вилоятида яна бир шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Шунингдек, Тошкент вилоятида фуқарони ноқонуний тарзда ўқишга кириб қўйиш ҳамда Сирдарё вилоятида кредит бериш эвазига пул талаб қилиш каби ҳолатлар аниқланди.
Департамент ва ДХХ ходимлари 4200 ва 7000 доллар эвазига Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига киритиб қўйишни ваъда қилган аграр аграр университети спорт мураббийи ва жисмоний тарбия университети стажёр-ўқитувчисини қўлга олди.
Яшнобод туманида 6000 доллар эвазига фуқарога Ўш давлат университетини 1-курсини тамомлаганлиги тўғрисида ҳужжатларни расмийлаштириб бериб, кейинчалик ўқишини Тошкент тиббиёт Академиясига кўчиртириб беришни ваъда қилган шахс ушланди.
Фарғона вилоятида қурилиш балансида бўлган 50 сотих ер майдонини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Шунингдек, Наманган вилояти, Бухоро вилояти, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Тошкент шаҳрининг Чилонзор ҳамда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманларида ҳам ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида от спортига ихтисослашган МЧЖга ажратилган 25,4 гектар ер майдонини 1 млн. 500 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган шаҳс қўлга олинди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Наманган вилоятининг Косонсой ва Фарғона вилоятининг Қува туманларида ҳам ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида жами 3,3 кг, Тошкент вилоятида жами 5,4 кг гиёҳвандлик моддалари топилди ва мусодара қилинди. Барча ҳолатларда наркотик моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Сирдарёда интернет орқали экстремистик ва террорчилик ташкилотлар таъсирига тушиб, радикал ғояларни тарғиб қилишда гумонланаётган 20 киши қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Навоий вилоятида тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 1 гектар ерни 20 минг доллар эвазига олиб бермоқчи бўлган шахс қўлга олингани айтилмоқда. Вилоятдаги яна бир ҳолатда, фермер ўзига тегишли майдондан 6 гектарини 90 млн сўмга пуллашга уринди. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Самарқандда Сурия ва Яқин шарқдаги террористик ташкилотлар жангарилари сафига бориб қўшилишни режалаштирган 14 нафар шахслардан иборат гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
ДХХ томонидан Сирдарё ва Самарқандда жами 7 кг, Данғара туманида 1 кг дан ортиқ, Фарғона вилоятида 1,3 кг гиёҳвандлик моддалари топилди ва мусодара қилинди.
Юнусобод тумани солиқ инспекциясининг катта инспектори 3500 долларни олган вақтида қўлга олинди. У камераль текширувлар якунида ижобий ҳулоса беришни ваъда қилгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Булақбоши туман давлат солиқ инспекцияси бош инспектори, Жиззах шаҳри ҳамда Янгиқўрғон тумани ҳокимлари ўринбосарлари ҳам ушланган.
Андижон вилоятида мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 128 минг доллар олган фуқаролар вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб, саноат зонасидан 80 сотих ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, 50 минг доллар талаб қилган фуқаро жиноят устида қўлга олинган.
Пайариқ туманида фуқаро ўз хонадонида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйин ташкил этгани аниқланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан иш очилиб, у процессуал тартибда ушланди.
Бош прокуратура туркшунос олим Андрей Кубатинга ДХХ томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилмаганлигини маълум қилди. Хибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмагани, соғлиғи бўйича шикоятлар бўлмагани ва руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳолангани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг