Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид режаларга кўра, келаси йилда 425 минг аҳолини ишли қилиб, 320 млн доллар экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, хитойлик инвесторлар мис ва кумуш конларига инвестиция киритиш орқали икки минг иш ўрни яратишни таклиф қилмоқда.
Президент ҳузурида 2025 йилда Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 1,5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, бу орқали иш ўринлари ва корхоналар яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 44 та мактаб ва боғча таъмирланиб, ДХШ асосида янгилари қурилади.
Президентга маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимот қилинди. Режага кўра, ҳудудлардаги театр бинолари мукаммал таъмирланиб, таълим муассасаларида театр жамоалари тузилади. 2025 йилдан шу соҳа ходимларининг иш ҳақи оширилиб, моддий манфаат KPI кўрсаткичларига боғланади.
Президент Россия бош прокурори Игорь Краснов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Томонлар икки мамлакат бош прокуратураларининг терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳукумат аъзолигига 24 нафар номзодларни маъқуллади (тўлиқ рўйхат). Президент Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тўғрисида фармонни имзолади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва „яшил“ иқтисодиёт йили» деб номланишига изоҳ берди. «Йилни шунга бағишлаб, қонунларни чархлаб, ишларни саранжом қилиб оламиз. Ҳар бир қарор, фармонни яшилликка олиб борсак, яхши бўлади», деди у.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалар билан танишди. 2025 йилда 1,8 млрд доллар инвестиция жалб қилиш орқали 20 минг иш ўрни яратиш, захирадаги ерларда саноат зоналари ташкил этиш, яйловларни туристик ҳудудга айлантириш — шулар жумласидан.
Президент Шавкат Мирзиёев дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилишини айтди. У халқнинг тинч ва эркин ҳаётини асраш энг муҳим вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Президент 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирди ва 160 млрд долларлик мақсад қўйилганда айримлар бунга шубҳа билан қараганини айтди. «Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!», — деди у.
Президент 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилашга доир йиғилиш ўтказди. Мақсадли вазифаларга кўра, инвестиция ҳисобига 305 минг аҳоли иш билан таъминланиб, 1 млрд доллар экспорт қилинади. Қир-адирлар тоифаси ўзгартирилиб, фойдаланишга топширилади.
Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди. Шунингдек, у депутатларга Ҳукумат аъзоси ҳисоботи якунларига кўра, раҳбарни истеъфога чиқариш бўйича президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилганини эслатди.
«Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат 6 ойдан сўнг кучга киради.
Шавкат Мирзиёев COP29 конференцияси доирасида ЖСТ бош директори билан учрашди. Улар Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилишидаги долзарб жиҳатлар, хусусан, аъзо мамлакатлар билан музокаралар, қонунчиликни мослаштириш, шунингдек, экспорт субсидияларини бекор қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Боку шаҳридаги COP29 саммити доирасида Ўзбекистон ва Финляндия президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, саноат кооперациясини кенгайтириш, таълим ва экология соҳаларидаги алмашинувларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталди.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан президент соғлиқни сақлаш тизимидаги хизматлари учун айрим соҳа мутахассисларини орден ва медаллар билан тақдирлади.
Президент насос станцияларидаги маълумотларни жамлаб, таҳлил қилувчи ахборот тизими йўқлигини танқид қилди. Шу сабабли энди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади ва у худди шундай тизим ишга туширади.
Шавкат Мирзиёев кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаётганини таъкидлади. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида эса бу кўрсаткич 2−3 баробар юқори. Тўртта вилоятда насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетмоқда.
Ўзбекистон президенти амалий ташриф билан Қирғизистон пойтахти Бишкекка етиб борди. У эртага Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.
Президент электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. У 2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш, деди давлат раҳбари.
Президент Навоий вилоятида янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида қатнашди. Хусусан, Конимехда ёнувчи сланецларни қазиш ва қайта ишлаш, Карманада қуёш фото электр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизими лойиҳалари қурилиши бошланди. Навоий шаҳрида пахта целлюлозаси корхонаси ишга тушди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг