ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги сайловчилар билан учрашувда хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни «қаҳрамон» деб атади. Сайловолди дастуридан оғир аҳволдаги мигрантларнинг харажати қоплаб берилиши, ҳуқуқий ва Call-марказлар ташкил этилиши ва бошқалар ўрин олган.
Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш 28 июндан бошланиб 5 июлда якунланади. Муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этади.
ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши, суд мустақиллигини ошириш ва миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ташқи сиёсат олиб бориш қайд этилган.
Экологик партиядан президентликка номзод Абдушукур Хамзаев 2030 йилдан бошлаб 2009 йилдан кейин туғилганларга ёшидан қатъи назар сигарет сотишни тақиқлашни таклиф қилди. Шунингдек, у 2030 йилдан ички ёнув двигателли автомобилларни сотиш ва импорт қилишни тақиқлаш тарафдорилигини таъкидлади.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ҳамда ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.
Бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш Қорақалпоғистондан бошланган эди. Олис овуллардаги болалар учун мактаб автобуслари қатновини йўлга қўйиш ҳам шу заминдан бошланади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев. Шунингдек, у республика мактабларида тўлиб-тошган синфлар бўлмаслигига ваъда берди.
Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида сайловчилар билан илк учрашувини Нукусда ўтказди. У ҳар кунини халққа хизмат қилишга бағишлашга ваъда берди. Нафақат Ўзбекистон, балки Қорақалпоғистоннинг фарзанди эканини яна бир бор таъкидлади. «Шунга муносиб бўлиш учун ҳаракат қиламан», — деди у.
Экологик партиясидан президентликка номзод Абдушукур Хамзаев сайловолди дастурида 2030 йилдан бошлаб, 2009 йилдан кейин туғилганларга сигарет сотишни таъқиқлаш, чиқиндилардан энергия манбаи сифатида фойдаланиш, 100 ёшдан ошган дарахтларга табиий ёдгорлик мақомини бериш каби масалалар ўрин олган.
«Адолат» партиясидан президентликка номзод Робахон Маҳмудова суд қарорларини ижро қилиш ваколатини прокуратура ва ички ишлар органларидан адлия идораларига бериш, ягона Тергов қўмитасини тузиш, болаларга бепул стамотология хизмати кўрсатилиш каби масалаларни ўз сайловолди дастурига киритди.
ХДПдан президентликка номзод Улуғбек Иноятов энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш, коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, «мактаб солиғи»ни жорий этиш каби масалаларини ўз сайловолди дастурида илгари сурди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловини кузатиш учун миссиясини очди. Экспертлар сайловнинг халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди.
Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқлади. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБнинг 12 нафар сайловни кузатувчи миссияси вакилларини рўйхатга олди, шунингдек, президентликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатдан ўтказди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тасдиқланган тўрт нафар номзодни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида рўйхатга олди. Сайловолди ташвиқотлари эса 7 июндан бошланиши белгиланди.
«Миллий тикланиш» партияси муддатидан олдинги президентлик сайловида ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллади. «Буни давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарор деб ҳисоблайман», — деди партия етакчиси Алишер Қодиров.
Экологик партиядан президент сайлови учун Абдушукур Хамзаев номзод этиб тасдиқланди. Унинг дастурида бир марталик пластик ва полиэтилен идишлардан воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни, 2030 йилдан бензинли автомобилларни сотиш ва сотиб олишни тақиқлаш ва бошқалар таклиф қилинган.
«Адолат» СДПдан президентлик сайлови учун Робахон Маҳмудова номзод сифатида тасдиқланди. Унинг сайловолди дастурида «Ижтимоий давлат-2030» дастурини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва бошқалар кўзда тутилган.
Улуғбек Иноятов президентлик сайловларида ХДПдан номзод сифатида тасдиқланди. Партия қурултойида номзоднинг қиммат мол-мулк учун солиқ жорий этиш, судлов ҳайъати институтини ташкил қилиш ва бошқаларни назарда тутувчи дастури ҳам тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссияси президент сайлови учун 56 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Хусусан, АҚШ, БАА, Германия, Қирғизистон, Туркияда — 2 тадан; Қозоғистон ва Хитойда — 3 тадан; Россияда — 7 та сайлов участкалари тузилади. Улар Тошкентдаги 14-округга бириктирилади.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 млрд 130 млн сўм этиб тасдиқлади. Сиёсий партияларга жами 19 млрд 655 млн сўм, ҳар бир номзодга эса 4 млрд 914 млн сўмдан ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг