Сенат давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Мансабдорлар давлат мулкини шартнома тузмасдан ижарага берган, ижарачининг мулкни қабул қилиб олишига асоссиз тўсқинлик қилган ва бошқа ҳолларда жаримага тортилади.
Сенат Ўзбекистон ва АҚШ Мудофаа вазирликлари ўртасидаги махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат ахборот алмашинуви, ҳарбий-техник ёрдам олиш ва бошқа масалаларни қамраб олади.
Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Лицензияни олиш учун БҲМнинг 10 бараварида бож белгиланмоқда. Шунингдек, эндиликда Умра тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияни қалбакилаштириш БҲМнинг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.
Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки уларни пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Сенат тегишли қонунни маъқуллади.
Сенаторлар Солиқ кодексининг 227−1-моддасини ўзгартириш бўйича қонунни маъқуллади. Бу модда юзасидан жарима чоракдаги соф даромаднинг 100 фоизидан 2 фоизигача камаяди. Маълум бўлишича, модда бўйича 1,5 мингдан ортиқ тадбиркор жаримага тортилган ва 735 млрд сўм жарима солинган.
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлиси 18 май куни ўтказилади. Унда Солиқ кодексининг 227−1-моддасига ўзгартириш киритиш, давлат мулкини ижарага беришда маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритиш муҳокама қилинади. Марказий банкининг 2023 йилдаги ҳисоботи эшитилади.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистонда бўлиб турган Дэвид Кэмеронни қабул қилди. Улар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Сенати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи ўзгартиришни ҳали кўриб чиққани йўқ. Конституцияга кўра, Сенат қонунни кўриб чиқиши, акс ҳолда ҳужжат тўғридан-тўғри президентга юборилиши керак эди.
Ўзбекистонда судьяларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси унга нафақат ўта оғир, балки оғир жиноят айби қўйилганда ҳам қўлланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Сенат тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Нормадан мақсад коррупцияга қарши курашиш экани айтилди.
Сенаторлар «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Ҳужжатда бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлиши, хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Президент парламент палаталари ваколатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирувчи ўзгартишларни тасдиқлади. Ўзгаришлар орасида ҳар икки палатанинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати, бош вазирни тайинлашнинг янги тартиби, қонунларни тасдиқлаш муддатини ўзгартириш ва бошқалар бор.
Сенаторлар Марказий сайлов комиссиясининг 21 нафар аъзосидан 14 нафарини ўз аризаларига кўра ваколатини тугатиш ва 2 нафар янги аъзо сайлаш бўйича қарор қабул қилди. Бунинг ортидан МСК аъзолари сони 9 нафаргача тушди.
Сенат пенсиянинг минимал миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгиловчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан пенсиялар миқдорини йил давомида истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олиб ошириб бориш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Давлат ёнғин назорати органларига тадбиркорларга тегишли объектларда ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий жазоларни тўғридан-тўғри қўллаш ваколати берилмоқда. Сенат қонунни мақуллади.
Қонунчилик палатаси депутатлари Марказий сайлов комиссиясининг 14 нафар аъзоси ваколатларини тугатиш ва 2 нафар янги аъзони сайлаш бўйича қарорлар қабул қилиб, Сенатга юборди. Амалдаги қонунчиликда МСК парламент палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши белгиланган.
Сенат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқиб, маъқуллади. 2023 йилда мамлакатда 10 минг 204 та ёнғин юз бериб, унда 251 фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган.
Сенат маъқуллаган қонунга кўра, Болалар омбудсманига раҳбарлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, болаларга тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий бўлади.
Сенат тадбиркорларга ташкил этган янги иш ўринларига қараб айрим солиқ имтиёзлари берилишини кўзда тутувчи қонунни маъқуллади. Бунда «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлар солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.
Сенат микроқарзнинг максимал миқдорини 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Шунингдек, ҳужжат билан қарздорда мажбуриятларини тўлаш учун маблағ етарли бўлмаганда асосий қарзни тўлашга устуворлик берилиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб туриш шартларини аниқлаштирувчи ўзгартишларни маъқуллади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг