1 октябрдан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга олганларга БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия берилади. Улар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, махсус тизим орқали ишга жойлаштирилади.
Президент қарори билан хориждан келган ҳар бир турист учун туроператорларга тенг улушларда 20 дан 100 долларгача субсидия ажратилади. Шунингдек, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўқимоқчи бўлган айрим хорижий мамлакатлар фуқаролари учун давлат грантлари шакллантирилади.
1 мартдан пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади. Шунингдек, хом ипакни экспорт қилиш тартиби соддалашади.
Президент қарори билан чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига чорвачилик ва парранда гўшти, сут ва балиқ етиштириш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори икки баробарга қисқартирилди. Бу ушбу маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин, деди фермерлардан бири.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган корхона эгаларига субсидия бериш имконияти яратилди. Бунда иш берувчилар ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия олиши мумкун.
Ҳукумат қарори билан қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратилади. Талабгор субсидия олиш учун электрон тартибда мурожаат йўллайди. Мазкур янгилик 1 октябрдан амалга киритилади.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар ижара субсидиясининг шартномасиз варианти устида иш олиб борилаётганини айтди. Унга кўра, ижара субсидиясини кимларга беришни талабалар гуруҳда ўзи ҳал қилади. Илмий кенгаш тасдиқлагач, субсидия талабаларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади.
Ҳукумат қарори билан 2024 йилгача 13 та тумандаги пахта майдонларида ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун субсидия берилади. Бунда ҳар бир гектарга 1 млн сўмдан маблағ ажратилади. Талабгорлар 25 июлгача ариза билан мурожаат қилиши лозим.
«Ёшлар дафтари»даги имтиёзлар сони 25 тагача кўпайтирилади, ёшларга IT ва чет тилини ўрганиш учун 1,2 млн сўмдан субсидия ажратилади, халқаро олимпиадалар иштирокчиларига харажатлари учун 12 млн сўмдан берилади, фортепиано, мақом ва бахшичиликка ўқийдиганларнинг контрактини давлат тўлаб беради.
Ҳукумат қарори билан хўраки ва кишмишбоп токзорларни барпо этган талабгорга Боғдорчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан, саноатбоп токзорларни барпо этганга эса Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан бир марталик субсидия берилади.
Ҳукумат қарорига кўра, «Ёшлар дафтари»даги ва моддий аҳволи оғир ёшларга 1 млн 200 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади. Янги ёш оилаларга уй қуриш учун гаровсиз кредит, ижара компенсацияси, даволаниш ва тил ўрганиш учун моддий ёрдам — ёшлар учун қатор субсидиялар жорий қилинди.
Ҳукумат қарорига кўра, 10 гектардан кам бўлмаган пахта ва дон экин майдонларида сувни тежовчи технологияларни қўллаш учун 100 млн сўмгача субсидия ажратилади. Ариза туман ҳокимлигида қабул қилинади, субсидиялар Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари томонидан тўлаб берилади.
Ҳукумат қарори билан Хорижий ОТМда контракт асосида ўқиётган Президент мактаблари битирувчиларига субсидия ажратилади. Қолаверса, «Янги Ўзбекистон» университетининг айрим талабаларига давлат гранти берилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам талабгорлар ўқиш тугагач 5 йилгача ишлаб бериши керак бўлади.
Президент фармони билан доривор ўсимликларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи оилавий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектлари учун солиқ ва кредит имтиёзлари берилди. Беш йилда 36 минг гектарда доривор ўсимликларнинг янги плантациялари яратилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар эса 2025 йилгача божхона божидан озод қилинди, ҚҚСни кечиктириб тўлашга рухсат этилиб, ташиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қопланиши белгиланди.
Меҳнат вазирлиги хорижда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни кўриш таклифини билдирди. Улар қаторидан «50×50» дастури доирасида 40,5 млн сўмгача ҳамда ҳар бир мигрант учун иш берувчига 405 минг сўмдан субсидиялар ажратиш, 1 гектаргача ерни 30 йилга ижарага бериш, қолаверса, 50 мингдан ортиқ мигрантни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ўрин олган.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, энди хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари қишлоқ хўжалигидаги ширкат хўжалигининг улушдори бўлиш учун субсидия олиши мумкин. Шунингдек, ишсиз фуқаролар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтса, дастлабки 3 ойда бино ва иншоотларнинг ижараси қоплаб берилади. Қолаверса, иссиқхона қуриш, суғориш воситалари ва кўчатларни харид қилиш учун 810 мингдан 8,1 млн сўмгача судсидия берилади.
Давлат хусусий шерикчилик асосида талабалар турар жойларини қуришни истаган тадбиркорларга бажарилган ишнинг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади. ТТЖлар лойиҳаси тендер орқали аниқланади.
Президент қарори билан 2022−2023 йилларда синов тариқасида тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини оширган, суғоришнинг янги технологияларини жорий этган фермер ва кластерларга ҳар бир гектар ер учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади. Қолаверса, тупроқ унумдорлигини оширганлик ва эрозиядан муҳофаза қилганлик учун солиқ имтиёзлари ҳам берилади.
Президент қарори билан қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига субсидия берилади. Бунда пахта майдонлари учун 8 млн сўм — Қорақалпоғистон ва Хоразмда 12 млн сўм, сабзавот ва полиз экинлари учун 1,5 млн сўмдан 2,5 млн сўмгача, мевали экинлар учун 6 млн сўм, узум майдонлари учун эса 8 млн сўмдан ажратилади. Бунинг учун республика бюджетидан жорий йилда 1 трлн 182,4 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Паррандачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограми учун субсидия миқдори оширилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг