Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Департаменти бошлиғи Азамат Фазилов Ўзбекистон президенти Администрацияси ижро аппарати бош маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Шуҳрат Ғаниев президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистон президенти фармони билан мамлакатнинг бир қатор қайта ташкил этилган вазирликларига раҳбарлар тайинланди. Уларнинг рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали тўлиқ танишиш мумкин.
Владимир Норов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Бахтиёр Саидов ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва шу муносабат билан халқ таълими вазири лавозимидан кетди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Шукуржон Гаипов директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2018 йилдан ҳозиргача «Тошкент-1» ҳукумат терминали раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Президентнинг тегишли фармони билан 2018 йилдан буён Хоразм вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган Фарход Эрманов лавозимидан озод этилди. У Кахрамон Сариев ўрнига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси этиб тайинланди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов Адлия вазирлигига раҳбар бўлди. У шу кунларда президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Русланбек Давлетовнинг ўрнини эгаллади.
Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларининг қурилиш бош бошқармасига янги раҳбарлар тайинланди. Наманган вилояти қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи ўз аризасига асосан ишдан олинди.
Хоразм вилояти прокурори лавозимида фаолият юритиб келган Ботир Кудратходжаев бош прокурор ўринбосари — ҳарбий прокурор лавозимига тайинланди.
Қорақалпоғистоннинг Тахиатош ва Нукус ҳамда Сирдарё вилояти Мирзаобод туманига прокурор тайинланди.
Нодирбек Сайдуллаев Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у Асака банк бошқарув раиси сифатида фаолият юритган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов Нурободга, фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Пахтаободга ва монополияга қарши курашиш қўмитасида раиси ўринбосари Бекзод Умматов Асака туманига ҳоким этиб тайинланди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев Сардоба туманига, Ҳамидулло Иномов эса Фарғона туманига ҳоким бўлди. Қолаверса, Қашқадарё ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди. Ҳокимнинг яна бир ўринбосари ва Чироқчи ҳокимига эса «ҳайфсан» берилди.
Бош прокурор ўринбосари лавозимида фаолият юритган Шавкатжон Рахимов Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланди.
Эркин Рустамов иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу кунгача у Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими сифатида фаолият юритган.
Қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Тўраев Термиз шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.
Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Зоҳидов Шайхонтоҳур туманига ҳоким этиб тайинланди.
Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари бўлди.
Президент администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг