Ўзбекистон ТИВ Шимолий Корея томонидан космик ракета учирилганидан хавотир билдирди. Вазирлик оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортиш тарафдори эканини қайд этди.
Депутатлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Бахтиёр Саидов номзодини маъқуллади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан у ушбу лавозимга тасдиқланди. 2022 йил охирида Бахтиёр Саидов ТИВ в.б. этиб тайинланганди.
Бобур Усманов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ўринбосар этиб тайинланди. У бунга қадар президент Администрациясида ишлаган.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоевнинг маълум қилишича, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён 6030 нафар ўзбекистонлик махсус рейслар орқали эвакуация қилинди. Йил давомида хориждаги фуқаролар учун 200 мингдан ортиқ консуллик операцияси амалга оширилди.
Мўғулистон 2023 йилда Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Батмунх Батсетсег учрашувида ушбу масала муҳокама қилинди.
Январь-февраль ойларида фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросига 108 минг доллардан зиёд ёрдам кўрсатилди. Унинг катта қисми Туркиядаги зилзиладан жабр кўрганларга йўналтирилди. Шунингдек, моддий аҳволи оғир 462 нафар фуқарога ҳам кўмаклашилди.
Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорликлари вайрон қилинганига муносабат билдирди. Афғонистон томони билан боғланган вазирлик бу вандализм «номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати» эканини билдириб, ёдгорликларни тиклаш чоралари кўрилишини маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Кобул шаҳрида Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси яқинида содир этилган террорчилик хуружини кескин қоралади. Ушбу ҳаракат оқибатида кўплаб ташқи сиёсат идораси ходимлари қурбон бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда қизларнинг ОТМларда ўқиши тақиқланганидан хавотирда эканини маълум қилиб, ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид билдирди.
Владимир Норов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Бахтиёр Саидов ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва шу муносабат билан халқ таълими вазири лавозимидан кетди.
«Можаролар ва қарама-қаршиликлар фақат ҳалокатли оқибатларга ва ғолиблар бўлмайдиган вазиятларга олиб келади». Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов элчилар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашди. Элчининг таъкидлашича, мамлакатда диндорларнинг ўз эътиқодларини ифода этишлари учун янада кенгроқ шароитлар яратиш радикал қарши курашга ёрдам беради.
Ўзбекистон ТИВ Мексикада 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани айтилган хабар юзасидан баёнот берди. Ҳозирга қадар барча фуқаролар қўйиб юборилган ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. «Уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Такаши Хаторини қабул қилди.
Польшанинг Лодз шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Испания Қироллигидаги ҳамкасби билан учрашди. Томонлар иқтисодий алоқалар, туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорлик бўйича фикр алмашди. Ўзбекистон расмий Мадриднинг Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги «Жиҳодия» мадрасасида амалга оширилган террорчилик ҳаракатини кескин қоралаб, баёнот берди. Ҳодиса оқибатида 35 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
30 ноябрь — 3 декабрь кунлари Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон ТИВ делегацияси ЕХҲТнинг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 29-йиғилишида иштирок этиш учун Польшанинг Лодз шаҳрига ташриф буюради.
АҚШ маъмурияти Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак беришда давом этади. Бу ҳақда мамлакат элчиси Жонатан Девид Хенник Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов билан учрашувда айтиб ўтди.
Ўзбекистон ТИВ Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. «Сўнгги йилларда у икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди», — дейилади хабарда. Владимир Макей 27 ноябрь куни номаълум сабабларга кўра вафот этганди.
Фурқат Сидиқов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Баҳромжон Аълоев ТИВ раҳбари ўринбосари этиб тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг