Ўзбекистонда россияликлар айнан қандай соҳаларда бизнес қилишмоқда? Улар мамлакатда қайси соҳаларни тавсия этишади? Умуман, 2022 йил бошидан буён кириб келган Россия тадбиркорлари Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда?
Мўғулистон Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари экспортини оширишни таклиф қилди. Ўзбекистондан Мўғулистонга эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми оширилади. Мамлакатлар ўртасидаги савдони ривожлантириш учун чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин.
Москвадаги қурилиш майдонида оммавий муштлашган юздан ортиқ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Россиядан депортация қилинади. Бу бўйича суд қарори қабул қилинди.
Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига молия секторини ислоҳ қилиш мақсадлари учун 15 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳага кўра, бир қанча давлат банклари хусусийлаштирилади, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида — тараққиёт банки ташкил этилади, у экспорт қилувчиларни ресурслар билан таъминлайди.
Январь-апрель ойларида Ўзбекистон Хитойга 132,8 млн долларлик табиий газ етказиб берди. Натижада мамлакат Хитойнинг газ импортёрлари орасида кучли бешликка кирди. Аввалроқ, расмийлар ёқилғи экспортин ички бозор ва қайта ишлаш фойдасига қисқартирилиши ҳақида маълум қилган эди.
Ўзбек-қирғиз чегарасида йирик ЙТҲ содир бўлди. Бульдозер ортилган автотрейлер ҳайдовчиси чегара ўтказиш пунктида турган 12 та автомобилга бориб урилди. ИИВ 9 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Афғонистон Ўзбекистон ва Тожикистондан электр энергияси учун $100 млндан ортиқ қарзи борлиги очиқланди. Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги қарзни тўлашда ушбу мамлакатларга пул ўтказишдаги қийинчиликлар тўсқинлик қилаётганини қайд этди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Афғонистон томони ўтган йил давомида электр энергияси учун қарзни тўлиқ тўлаганини маълум қилди.
Қирғизистоннинг Аксий туманида экин майдонларда Марокко чигирткаси кескин кўпайиб кетаётгани айтилмоқда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам хавф туғдириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу вазият назоратга олингани ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Таъкидланишича, жорий йилда қўшни давлатлардан 50−60 минг гектарга чигирткалар учиб ўтиш хавфи бор, шу боис Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.
Душанбе шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВ раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Бош вазир Абдулла Арипов Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида автобус ва трактор иштирокидаги аварияда жабрланган ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш учун қўшни давлатга махсус ишчи гуруҳни юборди. Унга фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов бошчилик қилмоқда.
Ўзбекистон ТИВ Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотирдалигини билдириб, томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирди. Апрель ўрталаридан бери Фаластин ва Исроил ўртасидаги кескинлик яна кучайганди.
Январь-март ойларида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 130 минг кишига кўпайиб, 35,4 млн кишига етди. Йил давомида ўзбекистонликлар сони 738,3 минг кишига ёки 2,1 фоизга ўсди. Йилнинг дастлабки уч ойида туғилишлар сони кескин — 13,4 фоизга ўсди, ўлим даражаси эса 0,5 фоизга ошди ва ковиддан аввалги кўрсаткичдан юқорилигича қолмоқда.
«Толибон» матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангоний ИШИДнинг Хуросон бўлими жангчилари Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистонга ракеталар учиришга урингани, бироқ снарядлар ўзбек чегарасигача етиб бормаганини тасдиқлади. У Афғонистон ҳеч кимга ўз ҳудудидан қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид қилишга йўл қўймаслигини билдирди. Шунга қарамасдан, мамлакат муваққат ҳукумати ТИВ ўққа тутиш ҳолатини рад этди.
Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази раҳбари Олим Нарзуллаевнинг айтишича, Афғонистондан «Шимолий йўналиш» орқали наркотик моддаларни олиб ўтиш ҳолатлари кўпайган. Бунда кўп кузатилган наркотик моддаларни олиб ўтишга уриниш Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали бажарилган.
Япония ташқи ишлар вазири Йосимаса Хаяси апрель охирида Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Шунингдек, Япония ТИВ раҳбари июнь ойи охиригача Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари йиғилишини ўтказиш ва Хитой кредитлари хавфи ҳақида огоҳлантиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланди. Комиссия долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган.
АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позициясини тушунишини маълум қилди. «Россия билан ҳам, Украина билан ҳам чуқур тарихий ва муҳим ришталарга эга. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур… Ўзбекистон биронтасининг ёнини олмаяпти», — деди у.
Ўзбекистонда оқ қоғоз нархи ўртача 2 баробарга ошди. Бу Россия заводларидаги оқартиргич импорти билан боғлиқ чекловлар туфайли қоғоз нархининг ошиши фонида содир бўлмоқда. Ўзбекистонда қоғоз ва картон импортининг деярли ярми Россия корхоналарига тўғри келади.
Tinkoff Global компанияси Ўзбекистонда CloudPayments савдо белгисини рўйхатдан ўтказишни бошлади. Онлайн тўлов хизматини кўрсатувчи тизим аллақачон компанияни рўйхатдан ўтказган ва маҳаллий корхоналар билан музокараларни бошлаган.
1 майдан хорижликларга Ўзбекистонда қурилаётган кўчмас мулкка сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилди, уларнинг рўйхати ҳукумат томонидан тасдиқланади. Бундан ташқари, хориж фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш учун Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида харид қилиш талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати ҳам камайтирилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг