24 февраль куни Россиянинг Украина ҳудудида ҳарбий операция бошлаши ортидан Россия ва Беларусь интернет фойдаланувчилари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кескин ортиб кетди. Google`да 1000 рубль ўзбек сўмида қанча бўлиши, Москвадан Ўзбекистонгача бўлган билетлар, Ўзбекистонга кириш қоидалари ва бошқа сўровлар кескин ортган.
Бутунжаҳон олтин кенгашининг ойлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон февраль ойида 22 тонна олтин сотган ҳолда дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. 1 март ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин захиралари 339 тонна ёки 20,72 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Украинада уруш бошланганидан сўнг Ўзбекистонга кўчиб келган бир нечта IT-мутахассислар ўзларининг дастлабки таассуротлари билан бўлишди. Дастурчилар, нега айнан Ўзбекистонни танлашгани, яшаш шароити, ижара нархининг қимматлиги ҳақида фикр билдиришган.
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларнинг Мариуполь металлургия комбинатида ушлаб турилгани ҳақидаги мурожаати тарқалди. Ўзбекистон ТИВ улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан эвакуация қилингани ва ватанга қайтаётганини маълум қилди.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон апрель-июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилади. Ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб, яна 500 минг тонна буғдой харид қилиш режалаштирилмоқда.
Меҳнат вазири Нозим Хусанов мамлакат ютуғининг 50 фоизи болалар ва мажбурий меҳнатга чек қўйишга эришилганида бўлса, қолган 50 фоизи уни сақлаб қолишга боғлиқлигини айтди. Сенат раиси Танзила Нарбаева эса «одамлар яратилган шароитлар, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя тизимидан қониқиши кераклигини» таъкидлади. Бунга эришиш учун Ўзбекистон халқаро Better Work дастуридан фойдаланишни режалаштирмоқда. Шунингдек, айрим соҳалар босқичма-босқич 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши ҳам мумкин.
Қозоғистонда Ўзбекистон ҳудуди орқали 1,6 млрд сўмлик 6 та «иномарка"ларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди. Машиналарнинг тегишли ҳужжати бўлмаганлиги айтилди. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси машиналар Тожикистондан олиб кирилганлиги ва мамлакат ҳудудидан ўтаётганда барча ҳужжатларга эга бўлганлигини таъкидлади.
2022 йил учун бахтли мамлакатлар рейтингида (World Happiness Report) Ўзбекистон 11 поғона пастлаб, 53 ўринни эгаллади. Натижада Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари орасида рейтингдаги етакчилик 40 ўринни қайд этган Қозоғистонга ўтди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш борасида келишувга эришди. Бундан буён сертификатга эга фуқаролардан мамлакатлар чегарасини кесиб ўтишда ПЗР-тести натижаси талаб этилмайди. Аввалроқ, Тожикистон, Туркия ва Буюк Британия ҳам Ўзбекистон ковид-сертификатларини тан олганди.
Ўзбекистон фуқароларини Польша орқали Украинадан эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди. Польшадан жами 25 авиарейс воситасида 5786 нафар фуқаро ватанга олиб келинди. «Бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Украинадан ўз фуқароларини биринчи бўлиб эвакуация қилди», — деди Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев.
Ҳиндистонлик трейдер Покистон ва Афғонистон орқали биринчи транзит жўнатмани Ўзбекистонга жўнатди. 16 март куни 140 тонна юк — асосан шакар ортилган юк машиналари карвони Кобулдан Тошкентга йўл олган. Бунгача жўнатма Мумбай, Карачи ва Торхам шаҳарларидан ўтган. Ушбу жўнатма «тўртта давлатнинг ҳеч бирида ҳукумат иштирокисиз амалга оширилган"и айтилди.
Ўзбекистон Украинанинг мустақиллигини тан олишини айтган Абдулазиз Камилов, Қашқадарёда янги ташкил этилган Кўкдала тумани, дори воситаларини реклама қилиши тақиқланган машҳурлар ва шифокорлар, қийноқ қурбонларига етказилган зарарнинг қоплаб берилиши, асосий ставкани 17 фоизгача кўтарган Марказий банк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 17 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Тожикистон билан ўтказиш пунктлари орқали фуқаролар ҳаракатига чекловлар бекор қилинади. Барча божхона постлари фаолияти қайта тикланади. Қолаверса, мамлакатга киришда вакцина олган хорижликлардан ПЗР-тест натижаси талаб этилмайди.
Қозоғистон президенти мамлакатдан 10 минг доллардан ортиқ миқдорда нақд валюта олиб чиқишни тақиқлади. Шунингдек, олтин қуймалар ҳамда олтин-кумуш тангаларни олиб чиқиш бўйича тақиқ ўрнатилди. Украинадаги уруш бошланганидан бери тенге 16,8 фоизга қадрсизланди.
Душанба куни Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида салкам 2 млн доза Pfizer вакцинаси келтирилди. Мамлакатга олиб келинган вакциналар сони 61 млн дозадан ошди. Айни вақтда 14,2 млн дозадан кўпроқ вакцина захираси мавжуд.
Украина элчихонаси 1 март куни Ўзбекистон ТИВга мамлакатда Россия телеканаллари эфирини тақиқлашни сўраб нота юборди. Хатда қайд этилишича, Россия ОАВлари олиб бораётган «ахборот уруши ҳарбий кампаниянинг ажралмас қисми» ва «жаҳон ҳамжамиятини дезинформациялашга қаратилган». Элчи Николай Дорошенко «Озодлик» радиосига берган интервьюсида шунингдек, 28 тонналик гуманитар ёрдамни юборгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.
Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги мақомини қайтариб олди. Бу мамлакатдан озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, ёғоч ва бошқа товарлар катта ҳажмда келтирилади. Украина эса Ўзбекистоннинг дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқаларни экспорт қиладиган тўққизинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг ушбу икки давлат билан савдо-иқтисодий муносабатлари қандай йўлга қўйилгани, ҳарбий можаро ва санкциялар фонида қандай хавф-хатарлар борлигини ўрганиб чиқди.
Ўзбекистонга Эрон ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига мамлакатда беқарор об-ҳаво сақланиб туради. 10 март санасидан ташқари ҳафта давомида турли жадалликда ва танаффус билан ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Россиянинг Украинадаги 10 кунлик ҳарбий ҳаракатлари давомида мамлакатни 1,5 млн қочқин тарк этди. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бу иккинчи Жаҳон урушидан бери Европада энг тез ўсаётган миграция инқирози эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Украинанинг Суми, Харьков вилоятлари ҳамда «Нехотеевка» нейтрал ҳудудида бўлган 12 нафар юк ташувчини Россияга киришида ёрдам кўрсатди. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси 4 та юк машинасида Украина чегараси чизиғидан узоқроқ масофада қолиб кетди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг