World Justice Project ташкилоти 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижаларини эълон қилди. Тадқиқотлар COVID-19 пандемияси сабаб 74,2 фоиз мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичлари пасайганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонга берилган баҳолар эса 4,1 фоизга ошди, натижада 139 та давлат орасида 85 ўринни эгаллади.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг меҳнатга лаёқатли қатлами аҳоли умумий сонининг 57,8 фоизини, яъни 20 млн кишидан кўпроқни ташкил этмоқда. Меҳнатга ёшигача бўлганлар 31,1 фоиз, меҳнат ёшидан катталар эса 11,1 фоизга етган.
Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистон давлат идоралари Google компаниясига контентни ўчириш бўйича 6 марта сўров юборган. Таққослаш учун: бу давр мобайнида Россия Googleга 123 мингдан ортиқ марта мурожаат қилган.
Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарада «Бауиржан Конисбаев» (Ўзбекистон томонидан «Яллама» билан туташ) божхона пости модернизация қилинди. Ҳозирча бу ердан фақат юк машиналари ўтмоқда.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 4−5 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Германия Ўзбекистонга 20,6 млн евролик коронавирусга қарши юқори самарали дори воситасини юборди. У COVID-19`га қаршиликни ишлаб чиқариш учун мўлжалланган сунъий «антитаначалар коктейли» ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш ҳақида гапирар экан, Афғонистон ҳам минтақанинг ажралмас қисми эканлигига урғу берди. «Афғонистонда сиёсий барқарорликни ўрнатиш — минтақавий хавфсизликнинг ишончли омилидир», — деди президент.
Европа Иттифоқи мамлакатлари Афғонистон қўшниларига қочқинларни қабул қилиш эвазига 600 млн евро тўлаб беришни режалаштираяпти, деб хабар берди Financial Times. Нашр маълумотларига кўра, молиявий кўмакни Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва хатто Эрон ҳам олиши мумкин. Бу Афғонистондан Европага йўл олиши мумкин бўлган қочоқлар оқимининг олдини олишга ёрдам бериши кутилмоқда.
«Толибон» Ўзбекистонни Мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклаб, мактуб йўллади. Унда толиблар Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаши, Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган Афғонистон пойтахтидаги терактни қоралайди, дейилади ТИВ баёнотида. Кобул аэропортида содир бўлган портлашлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 170 нафарга етди.
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Афғонистонда қийин аҳволга ёки мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия «Ҳарб-Майдон» полигонида қўшма машқларни муваффақиятли якунлади. Авиация, разведка, ўт ўчириш мажмуалари ҳамда ҳаво десантли ҳужум кучлари иштирокида турлараро қўшинлардан фойдаланиш биринчи марта намойиш этилди.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида коррупция, наркотик моддаларни ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон президенти Тошкентда ўтган халқаро конференция давомида Афғонистон ўзининг энг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечираётганини айтди. У шунингдек, афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига ишонч билдирди.
Покистон бош вазири Имрон Хон Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Туркияни Афғонистон можаросини ҳал этишга жалб қилиш ҳамда Афғонистон қўшнилари саммитини ўтказиш таклифини билдирди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани Тошкентдаги учрашувда афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлиги таъкидланди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар. Томонлар Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтиришда куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йил Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 52,11 фоизни ташкил этган. Мараказий Осиёнинг бошқа давлатларида эса бу кўрсаткич нисбатан пастроқ. Тожикистон ЯИМда яширин иқтисодиёт 40,7 фоизни, Қозоғистонда 36,6 фоизни ва Қирғизистонда эса 30,5 фоизга тўғри келган.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари телефон орқали мулоқотда Марказий Осиёда қарор топаётган вазият юзасидан фикр алмашиб, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари ўртасидаги йиғилиш натижасида кадастр, логистика, божхона, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг