Ғазодаги ҳаво ҳужумида World Central Kitchen озиқ-овқат ташкилотининг етти ходими ҳалок бўлди. Ташкилот бунда Исроилни айблади, аммо Исроил армияси зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. WCK сектордаги ишини тўхтатмоқда. Ғазонинг 300 мингга яқин аҳолиси яқин орада очликдан ўлим топиши мумкин.
Ўн минглаб одамлар Тель-Авив ва Қуддус кўчаларига чиқиб, Исроилда муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ва ҲАМАС гаровидагиларни озод қилишни талаб қилди. Бу намойишлар Ғазо уруши бошланганидан бери мамлакатдаги энг йириклари бўлди. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланди.
Туркиядаги муниципал сайловда 20 йил ичида илк бор мухолиф партия ғолиб бўлди. Барча йирик шаҳарлар, жумладан, Анқара ва Истанбулда мухолифат номзодлари ғалаба қозонди. Президент Эрдўған партияси мағлубиятга учраганини тан олди ва халқ иродасини эътиборсиз қолдирмасликка ваъда берди.
Россиянинг Олтой ўлкасида Ўзбекистон фуқароси Москвадаги «Крокус Сити Ҳолл»да содир этилган теракт ҳақида омма олдида айтган фикрлари учун терроризмни оқлаганликда айбланиб, қамоққа олинди. Унга беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Нью-Йорк суди FTX криптобиржаси асосчиси Сем Бэнкман-Фридни мижозлардан миллиардлаб доллар ўғирлагани учун 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. АҚШ прокуратураси буни Қўшма Штатлар тарихидаги энг йирик молиявий фирибгарликлардан бири деб атади.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Россия хавфсизлик кучлари билан биргаликда ИШИД ва «Крокус сити ҳолл» концерт залига ҳужум қилганларга алоқадорликда гумон қилинган тўққиз нафар шахсни қўлга олди. Терактда жароҳатланганлар сони 380 нафардан ортди.
Калифорния университети (АҚШ) янги тадқиқотига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида қутб музликларининг эриши Ернинг айланиш тезлигига таъсир қилмоқда, бу эса, ўз навбатида, глобал вақт ҳисобини ўзгартириб юбориши мумкин.
Латвия ташқи ишлар вазири Кришьянис Кариньш бош вазир бўлган вақтида бюджет ҳисобидан шахсий самолётларда учгани билан боғлиқ можаро туфайли ўз лавозимини тарк этишини эълон қилди. У бош вазирлик пайтида 32 марта шахсий самолётларда чет эл сафарларига борган ва бу бюджетга 613 минг еврога тушган.
Россия армияси Украинага қарши янги йирик ҳужумни бошлаши мумкин, Киевнинг унга бардош бера олиш қобилияти эса бир йил аввалгига нисбатан «ишончсизроқ кўринмоқда», деб ёзди Economist. Украина зудлик билан кўпроқ қўшин мобилизация қилиши ва ишончли мудофаа чизиғи қуриши керак.
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Россиядаги «Крокус сити ҳолл»да содир этилган терактдан кейин мамлакатнинг барча йирик савдо марказлари, концерт заллари ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларини текширади.
Қирғизистон махсус хизматлари божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни жиноий даромадларни легаллаштиришда гумонлаб қўлга олди. Собиқ амалдор Бокудан Бишкекка экстрадиция қилинди. Матраимовнинг «қонундаги ўғри», марҳум Қамчи Кўлбоев билан алоқаси бўлгани даъво қилинмоқда.
Психолог ва иқтисодчи, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, хулқ-атвор иқтисодиёти асосчиларидан бири Даниэль Канеман 90 ёшида вафот этди.
Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Москва яқинидаги «Крокус»да теракт содир этишда айбланаётгани фонида Россияда муҳожирларга қарши чоралар, хусусан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарлик учун депортация қилиш ҳамда патентлар бўйича чекловлар муҳокамаси авж олди.
Дунё бўйлаб ёшлар саратонга чалиниш эҳтимоли кўпаймоқда ва 2030 йилга келиб эрта онкология ҳолатлари яна 30 фоизга ошиши кутилмоқда. Олимлар бу тенденцияни ҳали тушунтириб бера олмайди ва энг эҳтимолий омиллар — семириш ва саратон касаллигининг эрта скрининги тўлиқ тасвирни очиб беролмайди.
Boeing раҳбарлари компаниянинг энг катта инқирозига олиб келган самолётлар хавфсизлиги бўйича бир қатор можаролардан сўнг истеъфога чиқади. Сўнгги бахтсиз ҳодиса январь ойида бўлган: Alaska Air авиакомпаниясининг 737 MAX 9 самолётидаги эшик панели парвоз пайтида чиқиб кетганди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши илк бор Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 14 давлат қўллаб-қувватлади, АҚШ бетараф қолди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига зарурат бўлмаганда Россияга вақтинча бормасликни тавсия қилди. Россиядаги фуқаролардан одамлар гавжум жойларда ҳаракатланмаслик сўралди.
АҚШ ички ёнув двигателли автомобиллар учун эмиссия стандартларини кучайтирди. Шу йўл билан Америка ҳукумати электр ва гибрид автомобилларга ўтишни рағбатлантиришга умид қилмоқда.
Россия Тергов қўмитаси «Крокус Сити Ҳолл»га уюштирилган ҳужумда иштирок этган 4 киши ҳибсга олингани, шунингдек, теракт қурбонлари сони 93 кишига етганини маълум қилди. «Ўлганлар сони яна ортиши мумкин», — дейилади хабарда.
ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) Москва яқинидаги теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, деб ёзмоқда The New York Times. Бу маълумотни АҚШ разведка хизматлари тасдиқлади. Улар Россияни март ойи бошида эҳтимолий ҳужум ҳақида огоҳлантирган, бир неча кун олдин эса Владимир Путин буни «шантаж» деб атаганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг