Латвия ташқи ишлар вазири Кришьянис Кариньш бош вазир бўлган вақтида давлат бюджети ҳисобидан шахсий самолётларда қиммат парвозлар қилгани билан боғлиқ можаро туфайли ўз лавозимини тарк этади. Бу ҳақда амалдорнинг ўзи мамлакатнинг амалдаги бош вазири Эвика Силиня билан учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар бермоқда Delfi.

У 9 апрель кунигача ишини давом эттиради, эртаси куни эса парламент янги ташқи ишлар вазири номзодини овозга қўяди. Кимнинг номзоди илгари сурилиши ҳозирча номаълум.

2023 йил охирида Кариньш бош вазир лавозимини эгаллаб турган вақтида 32 марта шахсий самолётларда чет эл сафарларига учгани, бу эса бюджетга 613 минг еврога тушгани маълум бўлган. Март ойи сўнггида мамлакат Бош прокуратураси воқеа юзасидан маблағларнинг талон-торож қилиниши эҳтимоли туфайли жиноий жараён бошланганини маълум қилганди.

Кариньш 2019 йилнинг январидан 2023 йилнинг сентябригача Латвия бош вазири лавозимида ишлаган.