Болалар омбудсмани ва Самарқанд вилояти ИИБ 8-синф ўқувчиси она бўлгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди. Хабарларда қизнинг онаси ишлаш учун хорижга кетгани, боланинг отаси эса бошқа бир мактабнинг 10-синф ўқувчиси экани айтилади.

Аниқланишича, Тойлоқ туманидаги мактаблардан бирининг 8-синф ўқувчиси — 2009 йилда туғилган қиз 2023 йил август ойида ўзига аввалдан таниш бўлган, 2006 йилда туғилган йигит билан яқин муносабатда бўлган. 2024 йил 6 май куни қиз шифохонада чақалоқни дунёга келтирган.

Вилоят ИИБга кўра, 9 май куни ҳолат юзасидан, вояга етмаган қизнинг ёшидан келиб чиқиб, ариза билан мурожаат қилинмаган бўлса-да, Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани, ўз навбатида, бундай тоифадаги жиноят иши доирасида вояга етмаган жабрланувчи шахсига оид бўлган бошқа маълумотларни ошкор қилиш ва тарқатиш қонунан тақиқлангани ҳамда бола манфаатларига зид эканини эслатиб ўтди.