Ўзбекистонда 10 млн нафардан ортиқ фуқаро ўз яшаш шароитларини яхшилашдан манфаатдор. Сўнгги бир йил ичида улар кўчмас мулк танлаш жараёнини сезиларли даражада сараламоқда. Бу ҳақда Realting.uz кўчмас мулк платформаси раҳбари Андрей Содиқов «CaEX Бизнинг уйлар 2024» кўргазмаси сессияларидан бирида айтиб ўтди.

Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) халқаро хусусий кўчмас мулк консалтинг компанияси бош директори Денис Соколовнинг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатларда кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар ЯИМнинг ўртача 15 фоизини ташкил қилади. Гап нафақат савдо, балки транзакциялар пайтида кўрсатиладиган маркетинг, суғурта, юридик, архитектура, банк ва риэлторлик хизматлари ҳақида кетмоқда.

«Ўзбекистонда бу кўрсаткичнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ҳозирча ўз аксини топмаган. Агар бу сектор бугун шартли 0 дан 15−16 фоизгача ўсса, менимча, бу мамлакат иқтисодиётига жуда яхши ҳисса бўлади», — деди Денис Соколов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча инвесторлар — кўчмас мулк харидорлари — бозорга эҳтиёткор муносабатда. Бу шунингдек, қурувчи ташкилотлардаги фирибгарлик хавфи ва одатда объектнинг шартнома шартларига мос бўлиб чиқмаслиги билан боғлиқ бўлиб, биз аввалроқ айни мавзу, кўчмас мулкни сотиб олишда нималарга эътиборли бўлиш кераклиги ҳақида мақола эълон қилгандик.

Safronova Project Studio архитектура бюроси асосчиси Любовь Сафронованинг таъкидлашича, инвесторлар билдирадиган асосий норозиликларидан бири турар жой мажмуалари ва қурувчи ташкилотнинг қурилишнинг дастлабки босқичларида харидорларга тақдим этаётган лойиҳалари бир-бирига мос келмаслигидир.

«Мен ҳар доим буюртмачиларга лойиҳани бирга-бир мос қилиб амалга ошириш жуда муҳимлигини айтаман. Агар сиз бинонинг визуализацияси, макет, видеосини кўрсатган бўлсангиз — бу сизнинг ваъдангиздир. Барча қурувчиларни қурилишдан олдин ҳам пулларини кўчмас мулкка инвестиция қилиб киритганлар яъни лойиҳа субинвесторлари қизиқтиради. Биз қурилиш хандағини (котлован) сотдикми, демак ҳавони сотган бўламиз. Шунинг учун лойиҳанинг нафақат идеологияси ва гўзаллигини яратиш, тижорий майдончаси ва потенциали бор инвестор яшашни хоҳлайдиган тасвирни кўрсатиш, балки бу лойиҳани яккама-якка амалга ошириш ҳам муҳим», — дейди Любовь Сафронова.

Бунинг учун архитектор қурувчи ташкилотга тайёр концепция учун жой топиш ёки маълум бир ердан фойдаланишнинг энг яхши усулини излашдан бошлашни тавсия қилади.

«Кейин концепцияни ишлаб чиқишни бошласа бўлади, лекин ҳали архитектура дизайнини эмас. Ҳар бир девелопер бетон ва ғиштни сотиши сабабли, биринчи навбатда ер участкасини таҳлил қилиш ва маълум бир аудитория учун мос концепцияни танлаш керак. Бу ҳали лойиҳа эмас, балки концепция ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар танловидир. Айнан шу босқичда қурувчи барча таваккалчиликларни ўйлаб кўриши, ҳамма нарсани ҳисоблаб чиқиши, бу сармоя киритишга арзийдими қолаверса, ваъдага мос бўладими ёки йўқлигини ҳал қилиши керак».

андрей содиков, денис соколов, ко'чмас мулк, любов сафронова, суг'урта

Любовь Сафронованинг сўзларига кўра, қурувчилар кўпинча қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар ҳали тайёр бўлмаса ҳам, маркетинг кампаниясини, бино макетини яратиб, савдо офисларини очади.

«Лойиҳа ишлаб чиқилган, экспертизадан ўтган, ишчи ҳужжатлари бор, ҳужжатлар ҳаммаси жойида бўлса, ваъдалар ҳақида гапириш, савдо офисини очиш ва маркетинг кампаниясини ўтказса бўлади. Агар бунгача ҳали етиб келинмаса, диссонанс яъни бир-бирига зид ғоялар пайдо бўлади. Менимча, айнан мана шу камчиликлар туфайли архитектура сифати ёмонлашади, амалга эса ваъдаларга тўғри келмайди», — деди у.

Лойиҳанинг экспертизадан ўтишини таъминлаш учун Любовь Сафронова мамлакатнинг норматив-ҳуқуқий базаси хорижий стандартлардан фарқ қилгани учун қурувчи ташкилотга лойиҳаларни тугатган ва меъморлари Ўзбекистонда иш тажрибасига эга бўлган дизайн бюроларига мурожаат қилишни тавсия қилди.

«Шу билан бирга, архитекторлар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга оширишда муаммоларга дуч келмоқда», — дейди Любов Сафронова.

«Агар халқаро компаниялар томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларда бизнинг давлатимизда белгиланмаган лекин халқаро нормалар ўрнатилган бўлса, улар осонликча реализация қилинади ва мувофиқлаштирилади. Аммо қурилиш тугагач, девелоперларнинг объектга давлат томонидан рухсат берилмаслиги каби ҳолатларга дуч келамиз. Бу Ўзбекистонда ушбу нормаларнинг белгиланмагани билан изоҳланади. Яъни, халқаро компания илғор стандартлар асосида лойиҳа ишлаб чиқади, давлат экспертизадан ўтказади, лекин якунда бино қабул қилинмайди. Балки бунда норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш зарурати бордир», — дея хулоса қилди Любовь Сафронова.