Ўзбекистон Марказий банки 23 февралдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.

Савдо якунларига кўра, АҚШ доллари курси 12,97 сўмга ошиб, тарихий максимал — 12 508 сўмга етди.

Тижорат банкларида пайшанба куни доллар 12 435−12 450 сўм курсида сотиб олинди. Сотиш курси 12 495 сўмдан (фақатInvest Finance Bank`да) 12 560 сўмгача ўзгарди.

2022 йил охирида миллий валюта 3,94 фоизга, 2023 йилда эса 9,7 фоизга қадрсизланди. 2024 йил бошидан буён сўм 1,37 фоизга ёки 169,23 сўмга қадрсизланди.

Ўтган йили миллий валюта экспорт ва пул ўтказмаларидан тушадиган валюта тушумларининг камайиши фонида заифлашди. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларга (+23,8 фоиз) етди. Ташқи савдо тақчиллиги 13,7 миллиард долларга (+24,3 фоиз), олтин экспортини ҳисобга олмаганда эса 19 миллиард долларга ошди. Январь ойида ташқи савдо 2023 йилнинг шу ойига нисбатан 17,2 фоизга — 4,2 миллиард долларга, экспорт деярли икки баробарга — 1,1 миллиард долларга, импорт эса 4,1 фоизга — 3,08 миллиард долларга қисқарди. Шундай қилиб, салбий савдо баланси салкам 2 миллиард долларни ташкил этди.

2022 йилдан кейин пул ўтказмалари ҳажми 16,9 миллиард доллардан 11,4 миллиард долларгача (-32,5 фоиз) камайди. Бундан ташқари, ўтган йил давомида юридик шахсларнинг Ўзбекистон банкларидаги хорижий валютадаги депозитлари қолдиғи 36 фоизга — 5,5 миллиард доллардан 3,5 миллиард долларга қисқарди. Йил давомида хорижий валютадаги депозитларнинг қисқариши тўхтамади.

Бу омилларнинг барчаси хорижий валютага талабнинг ошишига ва сўмнинг қадрсизланишига олиб келади.

Илгари Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йилги бюджет хабарида сўмнинг ҳар 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджетининг йиллик харажатларининг 400 миллиард сўмга ошишига олиб келиши таъкидланган эди.