АҚШ Конгресси Украина, Исроил ва Тайванга умумий қиймати 95 миллиард долларлик ташқи ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ниҳоят маъқуллади.

23 апрель куни кечқурун Сенат ҳужжатни тасдиқлади, 79 сенатор ёқлаб, 18 нафари қарши овоз берди. Энди чора-тадбирлар пакети имзолаш учун АҚШ президенти Жо Байденга юборилади.

Украина президенти Владимир Зеленский америкалик сенаторларга қарори учун миннатдорлик билдирди. «Ушбу овоз бериш Американинг демократия маёғи ва эркин дунё етакчиси сифатидаги ролини мустаҳкамлайди», — деди у ўз баёнотида.

Ёрдам пакети нималардан иборат?

Тўплам тўртта қонун лойиҳасини ўз ичига олади: Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам тўғрисида, тўртинчиси эса TikTok`ни тақиқлаш ва музлатилган Россия активларини топширишни назарда тутади.

  • Украинага ёрдам учун деярли 61 миллиард доллар ажратилади. Ушбу маблағнинг учдан биридан кўпроғи — тахминан 23 миллиард доллар — АҚШ қурол-яроғ захираларини тўлдиришга, 11 миллиард доллардан кўпроғи эса «минтақадаги давом этаётган АҚШ ҳарбий амалиётларига» йўналтирилади. Яна 14 миллиард доллар Киев учун қурол сотиб олишга сарфланади. Украинага иқтисодий ёрдам кўрсатиш учун 10 миллиард доллар ажратилган — бу қисм кредит шаклида берилади.
  • Исроилга ёрдам бериш учун 26 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилади. Уларнинг 5 миллиард долларидан ортиғи Исроилнинг ракеталарга қарши мудофаа тизимини қўллаб-қувватлашга, қарийб 8 миллиард доллари эса қурол сотиб олишга сарфланади. Пакет, шунингдек, бутун дунё бўйлаб можаролардан жабр кўрган аҳоли учун 9,2 миллиард долларлик гуманитар ёрдамни ўз ичига олади.
  • Тайван ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизликни таъминлаш учун 8 миллиард доллар ажратилган. Бунга денгизости инфратузилмасини ривожлантириш учун 3,3 миллиард доллар, Тайван ва АҚШнинг бошқа асосий иттифоқчилари учун 2 миллиард доллар ҳарбий маблағ ҳамда Тайван ва минтақавий шерикларга берилган 1,9 миллиард доллар мудофаа маблағларини тўлдириш киради.
  • Тўртинчи қонун лойиҳаси, агар Хитойнинг ByteDance компанияси ўз иловасини Америка ҳукуматини қониқтирадиган шахс ёки компанияга сотишдан бош тортса, TikTok блокланишини назарда тутади. Савдо муддати — тўққиз ой, аммо АҚШ президенти уни бир йилгача узайтириши мумкин. Ҳужжат, шунингдек, Эронга қарши янги санкцияларни ҳам ўз ичига олади — яъни Эрон нефтини қабул қилувчи ва қайта ишлайдиган портлар ва нефтни қайта ишлаш заводларига қарши. Бундан ташқари, лойиҳа Америка расмийларига АҚШда жойлашган Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш ва Украинага ўтказиш ҳуқуқини беради — улар мамлакатни тиклаш учун ишлатилади.

Байденнинг баёноти

Президент Жо Байден Сенат томонидан маъқулланган қонунни «иш столига келиши биланоқ» имзолашини билдирган.

«Эҳтиёж шошилинч: Россиянинг тинимсиз бомбардимонига дуч келаётган Украина учун; Эрон томонидан мисли кўрилмаган ҳужумларга дуч келган Исроил учун; қочқинлар ва бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, Ғазо, Судан ва Гаитидаги можаролар ва табиий офатлардан зарар кўрганлар учун; Ҳинд-Тинч океанида хавфсизлик ва барқарорликка интилаётган ҳамкорларимиз учун», — деди Байден Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотда.

АҚШ раҳбарининг қўшимча қилишича, қонун «мамлакатни ва дунёни хавфсизроқ қилиш ва дўстларни ҲАМАС каби террорчилар ва Путин каби золимлардан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлашга ёрдам беради».

Украинага ёрдам

АҚШ Конгресси ўтган йилнинг кузидан бери демократлар ва республикачилар ўртасидаги, шунингдек, Республикачилар партияси ичидаги келишмовчиликлар туфайли Украинага янги ёрдам пакети бўйича келиша олмаяпти. Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, бу фронтдаги вазиятга таъсир кўрсатди: Украинада қурол-яроғ тақчиллиги юзага келди ва Россия шу туфайли тактик муваффақиятга эриша олди.

New York Times газетасининг ёзишича, Байден қонун лойиҳасини имзолаганидан сўнг Қўшма Штатлар бир неча кун ичида Украинага ўқ-дориларни етказиб бера олади. Reuters агентлигининг хабар беришича, Киевга биринчи ёрдам пакети 1 миллиард долларлик қуролни ўз ичига олади.