Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 25 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида жорий йилнинг биринчи чорагида сўмнинг долларга нисбатан девальвацияси 2023 йилнинг январь-март ойларига нисбатан юқори бўлганига изоҳ берди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Биз буни тўғриланиш деб атаймиз. Бунинг асосий сабаби — валютага бўлган талаб. Масалан, биринчи чоракда валютага бўлган талаб 17 фоизга ошди. Буларнинг барчасини импорт билан боғлаш мумкин эмас, чунки импорт ўсиши секинлашмоқда. Импортдан ташқари, ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 734 миллион долларга ошган ташқи қарзлар бўйича тўловлар ҳам мавжуд. Бу талабга қараб шаклланадиган жараён», — дейди у. Аввал хабар берганимиздек, 2024 йилда давлат қарзини тўлаш харажатлари 19,17 триллион сўмдан 32,27 триллион сўмгача ошади.

Баъзи оммавий ахборот воситалари бошқа мамлакатларда миллий валютанинг мустаҳкамланиши ҳақида хабар берди, деди регулятор раҳбари. «Улар Қозоғистонни мисол қилиб келтиришди. У ерда иккита омил мавжуд. Биринчидан, давлат кафолатламаган қарзларни жалб қилиш сезиларли даражада ошди. Иккинчидан, [Қозоғистон] Миллий бойлик жамғармаси харажатлари кўпайди, яъни бозорда қўшимча миқдорда валюта сотилди», — деди у.

Мамаризо Нурмуратов валюта курси талаб ва таклиф шароитида шаклланаётганини яна бир бор эслатди.

Мисол тариқасида у 25 апрель, пайшанба кунги валюта савдолари якунлари бўйича сўмнинг долларга нисбатан қарийб 50 сўмга мустаҳкамланганини келтирди. У эълон қилган маълумотларга кўра, доллардаги таклиф ҳажми (16 миллион) талабдан (11 миллион) сезиларли даражада ошиб кетган, шу сабабли миллий валюта 12 640,21 сўмгача мустаҳкамланган.

валюта курси, доллар, доллар курси, мамаризо нурмуратов, марказий банк, сўмвалюта курси, доллар, доллар курси, мамаризо нурмуратов, марказий банк, сўм

Март ойида сўм долларга нисбатан 1,4 фоизга, йил бошидан эса 2,75 фоизга қадрсизланганди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев «Газета.uz» учун сўмнинг нисбатан тез қадрсизланиши сабабларини таҳлил қилиб, август ойида бўлгани каби бу «реал курс коррекцияси»ми ёки йўқми, ўз фикри билан ўртоқлашганди.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди, бироқ инфляция ва ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларини ёмонлаштирди. Йил бошидан буён сўмнинг реал самарали айирбошлаш курси динамикаси 0,9 фоизга пасайиб, узоқ муддатли тенденция доирасида шаклланди, деб хабар қилди Марказий банк. Валюта курслари ва ташқи савдо ҳамкорларининг инфляция прогнозларини инобатга олган ҳолда реал самарали валюта курсига нисбатан босим кузатилмаяпти, дея маълум қилди регулятор.