Самарқанд халқаро аэропортида четга олиб чиқиб кетилаётган Николай кумуш тангаси ушлаб қолинди, дея хабар қилди вилоят божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Самарқанд халқаро аэропорти орқали Самарқанд-Внуково авиарейси билан учиб кетаётган шахсга тегишли қўл юклар божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда мамлакатдан олиб чиқиб кетиш мумкин бўлмаган тахминий қиймати 1,2 млн сўмлик, 1 дона 1896 йил зарб қилинган Николай кумуш тангаси борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Моддий бойлик «Самарқанд» давлат музей қўриқхонасига топширилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги қонун ҳамда «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.