Санкт-Петербургда ишлаётган ўзбекистонлик кўча тозаловчиси Олимжон Иброҳимов турар жой биносида содир бўлган ёнғин пайтида фасаддаги трубадан учинчи қаватга кўтарилиб, бир неча кишини қутқариб қолди. У одамларни ёнғиндан карнизга олиб чиқди, шундан сўнг улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув зинапоясидан пастга тушишга муваффақ бўлди.

Ҳолат 25 апрель куни эрталаб Подольская кўчасидаги 39-уйда содир бўлди. 26 апрель оқшомида Санкт-Петербургнинг Адмиралтейск тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук Олимжон Иброҳимовга совға — у учун махсус чизилган туман манзараси акс этган картинани топширди.

россия, Олимжон Иброҳимов

Петербургнинг «Фонтанка» нашрига берган интервьюсида 48 ёшли Олимжон Иброҳимов Фарғонада ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилганини айтди.

«Биз ҳар куни, том маънода бир неча соатдан машқ қилдик. Мисол учун, бир қўл билан ушлаб, еттинчи ёки ҳатто тўққизинчи қаватга кўтарилиш ва кейин пастга тушиш керак бўларди. Мен 15 йил хизмат қилдим, бу менга қийин эмасди, ёқарди. Шу вақт мобайнида бокс бўйича спорт устаси ҳам бўлдим», — дейди у.

У етти йилдан бери оиласи билан Россияда яшайди. Хизматдан нафақага чиққандан кейин у ерга борган. Хотини ва қизи ҳам у билан бир бригадада кўча тозаловчиси бўлиб ишлайди.

Олимжон Иброҳимовнинг айтишича, бундан олдин ҳам Верейская кўчасида бир йилдан кўпроқ вақт олдин содир бўлган ёнғиндан бир аёлни қутқариб қолган. Ўшанда унга сертификат беришди.

«Ёрдам бериш бизнинг бурчимиз, Худо ҳаммани кўриб туради… Биз бу ерда одамларга тез-тез ёрдам берамиз… Ҳаммамиз тушунамизки, биз одамлармиз ва бир-биримизга ёрдам беришимиз керак», — деди у.

Маоши ҳақида сўрашганида, у «кам, лекин бир-биримизга ёрдам берамиз» — деди. «Биз меҳнаткашмиз. Ойига 45 минг [рубль] оламан, 10 минги патент ва рўйхатдан ўтиш учун сарфланади ва яна 10 мингини уй учун тўлайман. 25 минг эса яшашимиз учун қолади. Бу нормал — бу пулга яшаш мумкин», — деди эркак.

Ёнғин вақтида жами 10 киши, шунингдек, мушук ва ит қутқариб қолинди.