25−27 январь кунлари бутун Ўзбекистонда кузатилган энерготизимдаги узилишлар оқибатида «Тошиссиққуввати» корхонаси аҳолига белгиланган нормада иссиқлик энергияси етказиб бермаганлиги аниқланди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкент бўйича 4,5 млрд сўм, 9 та ҳудуд бўйича эса 1,222 млрд сўм маблағни истеъмолчиларга қайтаришга эришди.
Россия-Украина можароси фонида россияликлар Ўзбекистон йўналишида бир томонлама авиачипталарни кўпроқ харид қилмоқда. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, март-апрель ойларида консалтинг, молия ва IT-компаниялар вакиллари ортга қайтиш чипталарини нисбатан камроқ сотиб олган.
Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Ўзбекистон билан чегарада 270 метрлик туннель аниқланди. Унинг ёрдамида икки мамлакатга бемалол ўтиш мумкинлиги, туннелни қазиганликда гумон қилинаётган шахс эса руҳий касалликлар шифохонасида эканлиги айтилмоқда.
Чирчиқда икки нафар мактаб ўқувчиси 58 ёшли эркакни сабабсиз калтаклади. Тергов ҳаракатлари бошланган. ИИБ вакиллари ушбу ўқувчилар истиқомат қиладиган маҳаллада бўлиб, ота-оналар ва аҳоли билан суҳбатлашди.
Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Фейсал бин Фархан бин Абдулла билан мулоқот қилди. Саудия томони Камиловни Ўзбекистон президентининг махсус вакили деб қайд этган ва суҳбат чоғида сўнгги минтақавий ҳамда халқаро ўзгаришлар муҳокама қилинган.
Ховос туманида Lacetti ва Nexia автомобилларининг тўқнашуви оқибатида 5 киши, жумладан, кичик ёшдаги болалар ҳалок бўлди. Бир киши жароҳатланди.
Пастдарғом туманида 3 нафар шахс 4 сотих ер майдонида 610 туп марихуанани, Пайариқ туманида эса фуқаро ўз уйида 103 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилмаганини айтган Нурмат Отабеков, республикада жорий қилинадиган спортчиларни тайёрлашнинг янги тизими, қорнида салфетка қолиб кетган 26 ёшли андижонлик аёл, Олтинкўл туманига ҳоким бўлган ҳоким ёрдамчиси, реконструкция қилинадиган Қарши аэропорти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 23 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Бекободда «ВАЗ-2104» ва «Cobalt» автомашиналари тўқнашиб, икки киши (улардан бири 2022 йилда туғилган) вафот этди, учтаси касалхонага ётқизилди.
Англия, Испания, Италия, Германия ва Францияда 2021/22 йилги футбол мавсуми якунланди. Премьер лигада охирги беш йилда «Манчестер Сити» тўртинча марта чемпионликни нишонлаган бўлса, «Реал Мадрид» 35-бор Ла лигани ютди. Италияда эса «Милан» 11 йил деганда А серия ғолибига айланди. Бундеслига ва Лига 1да «Бавария» ва ПСЖ муддатидан олдин чемпионликни ҳал қилиб бўлишган эди. УЕФА чемпионлар лигасининг кейинги мавсумида ким иштирок этади ва қайси жамоа олий дивизион билан хайрлашди — «Газета.uz» мақоласида.
Ўзбекистонда бирор спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмайди, дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда. «Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда», — деди у.
Қарши халқаро аэропортида реконструкция ишлари олиб борилмоқда: терминалнинг ўтказувчанлик қуввати икки бараварга оширилади, янги багаж тасмалари ҳамда электрон тарозилар ўрнатилади, йўловчилар учун қулайликлар яратилади.
Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. Шавкат Мирзиёев ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилишини маълум қилди. Бухоро тажрибаси асосида — яхши натижага эришган ёш спортчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади ва улар махсус гуруҳларда бепул ўқитилади, спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев ўриндошлик асосида мамлакатнинг Венгриядаги дипломатик ваколатхонасини ҳам бошқаради.
Асака туманида туғруқхона шифокорлари 26 ёшли аёлнинг қорнида салфеткани унутиб қолдиргани орадан 10 ой ўтиб маълум бўлди. Туман ҳокимлиги салфетка жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлангани ва беморнинг саломатлиги бўйича шикояти йўқлигини маълум қилди. Тармоқларда тарқалган видео эса бошқа шифокорларга ўрнак бўлиши учун суратга олингани ва номаълум шахс томонидан тарқатиб юборилгани айтилмоқда.
Sanoat Energetika Guruhi (собиқ Jizzakh Petroleum) хорижий компанияси давлатдан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини 100 млн долларга сотиб олди. Компания шунингдек, 380 млн долларга заводни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Битим тафсилотлари.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Тошкент шаҳри ва вилоятида 290 минг туркман манатини сотишга уринган тўрт нафар шахсни қўлга олди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков 14 та давлатда тарқалган маймун чечаги инфекцияси Ўзбекистонда қайд этилмаганини маълум қилди. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб ушбу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда. Унинг ишонтиришича, бундай ҳолатда касаллик оммавий эпидемия тарзида тарқалиб кетмайди.
Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво кам булутли ва илиқ бўлади. Сешанбадан кунлар яна исий бошлайди, ҳарорат +37 даражагача кўтарилади. Жума куни эса айрим жойларда қисқа ёмғир ёғади. Ҳафтанинг иккинчи ярмидан шамол кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Самарқанд ИИБ ходимлари бир нафар қозоғистонлик ва икки нафар маҳаллий туристга нисбатан электрошокер қўллаган ҳолда мажбуран бўлимга олиб боришди. Видеоларда ходимлар шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири олиб борилаётгани ва соат 23:00 дан кейин кўчада юриш мумкин эмаслиги ҳамда уларга «режа» қўйилганини таъкидлашган. ИИВ «ходимлар хизмат вазифаси ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини» маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг