Қўрғонтепа тумани ҳокими ёрдамчиси Махамадмусо Обидов Олтинкўл тумани ҳокими этиб тайинланди. У олдинроқ Миллий банкнинг Андижон вилояти филиали раҳбари ҳам бўлган.
Самарқанд ва Наманган вилоятларида ички ишлар ходимлари фуқароларни қасддан айбдор қилишга урингани айтилмоқда, бунинг исботи эса видео лавҳаларда акс этган. Самарқандда ички ишлар ходими аёл кишини прокуратура биносидан чиқаришга уринаётганида ўз қўли билан хизмат кийимидаги погонини юлиб ташлаган, бунинг учун эса суд аёлни айбдор деб топган. «Эзгулик» жамияти тергов ва суд иши қонунга зид олиб борилганини айтмоқда. Намангандаги ҳолатда эса ЙПХ ходими ҳайдовчи билан тортишиб, унга боши билан зарба берган, инспекторга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.
Май ойи бошида очилган Сергели туманини Тошкент маркази билан боғловчи янги йўлдаги айрим деворлар кучли шамол оқибатида қулаб тушди. Ҳокимият пудратчи деворларни мустаҳкам ўрнатмагани ва у ҳозирда деворларни қайта таъмирлаётганини маълум қилди.
Алишер Райимов Ангрен шаҳри ҳокими этиб тайинланди.
Дунёда қочқинлар ва кўчишга мажбур бўлганлар сони рекорд даражани қайд этиб, 100 млн кишига етди. Бунга сабаб — Эфиопия, Буркина-Фасо, Мьянма, Нигерия, Афғонистон ва Конгода узоқ давом этган ҳарбий можаролардир. 2022 йилда уларнинг қаторига Украинадаги уруш ҳам қўшилди, бунинг оқибатида 6 млн киши мамлакатни тарк этди, ички кўчишлар сони эса 8 млнга етди.
Ўзбек-қирғиз чегарасида йирик ЙТҲ содир бўлди. Бульдозер ортилган автотрейлер ҳайдовчиси чегара ўтказиш пунктида турган 12 та автомобилга бориб урилди. ИИВ 9 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 73 та муассасада 3 ой ичида 11,4 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Қолаверса, ортиқча иш ҳақи ва бошқаларга 912,2 млн сўм сарфлангани, 3 та ташкилотда аниқланган 259 млн сўмлик хатода эса жиноят аломати мавжудлиги аниқланди. Натижада 4 нафар мансабдор ишдан олинди, 31 нафари интизомий жазога, 1 нафари эса жаримага тортилди.
Президент фармони билан доривор ўсимликларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи оилавий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектлари учун солиқ ва кредит имтиёзлари берилди. Беш йилда 36 минг гектарда доривор ўсимликларнинг янги плантациялари яратилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар эса 2025 йилгача божхона божидан озод қилинди, ҚҚСни кечиктириб тўлашга рухсат этилиб, ташиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қопланиши белгиланди.
ДХХ Гулистон шаҳрида иккита ноқонуний майнинг-ферма фаолиятига чек қўйди, биринчи ҳолатда фуқаро 19 дона майнинг қурилмасини ўрнатгани аниқланди. Иккинчи ҳолатда эса тошкентлик фуқаро 148 дона майнинг қурилмаси ёрдамида февралдан бери 40 минг долларга тенг криптовалюта ишлаб чиқаргани айтилмоқда. Улар электр энергиядан ноқонуний фойдаланиб, давлатга 660 млн сўмдан ортиқ зарар етказгани маълум бўлди.
Президент Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини илгари сурди. 2019 йилдан буён ушбу лавозимни Дэниел Розенблюм эгаллаб келмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон қаҳрамони, фарғоналик фермер Лола Муротова вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Газета.uz» га Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «хабарлар асоссиз» эканлиги ва Лола Муротова шифохонада даволанаётгани, унинг аҳволи «стабил оғир ҳолатда» лигини маълум қилди.
Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзига тегишли бўлмаган 3,5 сотих ер майдонини 9 минг долларга сотишга уринган шахсни қўлга олди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Сенатнинг 26-ялпи мажлиси 28 май куни бўлиб ўтади. Унда сенаторлар «Давлат фуқаролик хизмати» ва «Давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация тўлаш шарти билан олиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги ва бошқа қонунларни кўриб чиқади. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари муҳокама қилинади.
Нью-Йоркдан Тошкентга учиб келган йўловчи ўзи билан таркибида каннабис мойи бўлган 18 та қадоқда сақич, 2 қути конфет ва 10 дона шоколадни олиб киришга уринди. Унинг ёнидан яна 1,2 гр «марихуана» ҳам топилди. Гумондор моддалардан даволанишда фойдаланишини ва бу тақиқланганини билмаслигини айтди. Божхона қўмитаси «билмаслиги уни жавобгарликдан озод этмаслигини» қайд этди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Ўзбекистонда илк бор «Евро-6» тоифасидаги дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Кекс-чизкейк, лимонли ва ванилли, бананли ҳамда шоколадли кекс, «зебра» кекси, қайнаган сув қўшиб тайёрланадиган шоколадли кекс — Zira.uz мазали кекслар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
1 июндан ойлик маошлар оширилиши, ишдан олинган «O‘zmedimpeks» директори, 1 сентябрдан ўқувчилар учун ягона мактаб формасига ўтилиши, 2030 йилда ЯИМ $160 млрдни ташкил этишига ишонтираётган Жамшид Қўчқоров, $745 млнга кўпайган Ўзбекистон олтин-валюта захиралари, Умар Хайём ҳақида фильм олишни режалаштираётган эронлик режиссёр ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 20 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
1 июндан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12 фоизга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам ва базавий ҳисоблашнинг янги миқдорлари белгиланмоқда.
Президент фармони лойиҳасига кўра, 2022−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини тасдиқлаш кутилмоқда. Унга кўра, фуқароларни бахтсиз ҳодиса, иш ўринлари қисқариши ва бошқа ҳолларда даромадсиз қолишдан ҳимоялаш мақсадида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Шунингдек, 6 ой давомида узликсиз ишлаган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисмини давлат, қолганини эса иш берувчи тўлаб бериши режа қилинаяпти.
Давлат активларини бошқариш агентлиги юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини хусусийлаштириш бошланганини маълум қилди. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг