Ўзбекистонда жорий этилаётган газ ва электр энергия учун «ижтимоий норма», ОТМга қабул учун давлат буюртмасини камайтириш таклиф этилаётгани, ойлик маоши ошириладиган тиббиёт ходимлари, Исроилдаги Ал-Ақсо масжиди кутубхонасидан олиб келинган ўзбек алломалари қўлёзмалари нусхалари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 18 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Наманган вилоятида Lacetti ҳамда Cobalt ўқув машинаси тўқнашди. Lacetti ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлди, Cobalt ҳайдовчиси эса касалхонага ётқизилди.
Жиззахда молиявий пирамида ташкилотчилари Telegram орқали маблағ жалб қилиб, унинг бир қисми аввалроқ гуруҳга қўшилганларга тўлаб келгани аниқланди. Жами 692,3 млн сўм қўлга киритилган.
Яқин кунларда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, дейилади Иқтисодий тараққиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари қўшма баёнотида. 2021 йилни Ўзтрансгаз — 2,5 трлн сўм, Миллий электр тармоқлари — 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган, субсидиялаш сиёсати эса етарли самарани бермаяпти. Энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун эса 25 млрд доллар зарур. Шундан келиб чиқиб, энергоресурслар нархини эркинлаштириш ҳамда «ижтимоий норма» тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ал-Ақсо масжиди кутубхонасида сақланаётган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий муаллифлигидаги нодир қўлёзмаларнинг электрон нусхалари ҳамда Исроил давлат архиви сақловидаги Бухоро яҳудийлари уюшмасига тегишли ҳужжатлар тўплами нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўзбекистон автомобиль бозори ҳажми апрель ойида 15,1 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда жадал ўсиш кузатилмоқда. Буни экспертлар йил бошидан автомобилларни харид қилиш ва олиб кириш учун йиғим бекор қилингани билан изоҳламоқда. Тўртинчи ойдирки, хорижий автомобилларга қизиқиш пасайиб бормоқда.
Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг Studio KO архитектура бюроси томонидан Замонавий санъат маркази биносини реконструкция қилиш ва Тошкентнинг тарихий маҳаллаларида иккита арт-резиденция яратиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Лойиҳаларни 2023 йилгача якунлаш режалаштирилган.
Жиззахда ўзаро ёзишмалар вақтида тортишиб қолган ўқувчи қизлар шаҳардаги ўқув марказларидан бирида учрашиб, жанжаллашишди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Урганчда тергов изоляторидаги маҳбуслар Омбудсман вакилига ичишга яроқсиз сув берилаётгани юзасидан шикоят қилишди. Ҳолат тасдиқланди. Маҳкумларга кечаси электр ўчгунига қадар сув қайнатиб олиш тавсия қилинди.
Тошкентдаги деҳқон бозорларида лаборатория текширувидан ўтказилган 30,6 минг тонна гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 6,8 тоннаси истеъмолга яроқсиз деб топилди.
«Ўзтрансгаз» раҳбари Беҳзот Норматов Ўзбекистон қазиб олиш ҳажми камайиши ва ички талаб ортиши ортидан газни импорт қила бошлаганини айтди. «Импорт қилишдан ҳеч қачон қўрқиш керак эмас. Иқтисодиётимиз тўхтамаслигини хоҳласак, биз кафолатланган энергоресурсларни захираси билан бирга таъминлаб беришимиз керак», — дея таъкидлади у. 2021 йилда Ўзбекистонда газни импорт қилиш қиймат жиҳатидан 3 бараварга ошди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, 2023 йилдан бошлаб давлат ОТМларига квоталарни фақат давлат гранти асосида эълон қилиш таклиф этилмоқда. Шунга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан барча ОТМлар тўлов-контракт бўйича квотани мустақил белгилаши мумкин бўлади.
КХДРда коронавирус аниқлангани ҳақидаги илк хабардан бир неча кун ўтиб, вирус юқтириб олганлар сони 1,7 млндан ошган бўлиши мумкин, 60 дан ортиқ киши эса ковидга хос аломатлардан вафот этгани айтилмоқда. Мамлакат Жанубий Кореянинг ёрдам бериш ҳақидаги таклифига жавоб бермади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбари Шахрух Шарахметов UzIMEI тизими, радар ўрнатиш нуқталарининг аукционда сотилиши ва ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази масалалари кун тартибида турган «энг мураккаб ва долзарблари» ҳисобланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қўмита рақобат нуқтаи назаридан бу каби ҳолатларни назорат қила оладими, унинг ваколатига кирадими ёки йўқми деган масала турибди.
Тожикистон ИИВ Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Рушон туманида террорга қарши операция бошлади. Бунга маҳаллий аҳоли Бадахшон марказига ҳаракатланаётган ҳарбий машиналар йўлини тўсиб қўйгани сабаб қилиб кўрсатилаяпти. Расмий Душанбе намойишчилар халқаро террористик ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидламоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 мингга сотишга уринган шахсларни қўлга олди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Корхоналар ва таъминот тармоқларининг технологик жараёнларини оптималлаштириш туфайли UzAuto томонидан 108 300 дан ортиқ автомобиль ўз эгаларига топширилди.
Нукусда 34 ёшли шахс 2 кгдан зиёд героинни 90 минг долларга сотаётганда ушланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан бирга вертолётда ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирди (фото).
2022/2023 ўқув йили учун ОТМларга қабул квоталарини белгилашга оид президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, давлат буюртмаси сонини камайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, бакалаврларни тайёрлаш учун 110 278 нафар (2021 йилда — 157 755), магистрларни тайёрлаш учун 11 082 нафар (2021 йилда — 12 900) талабага ўрин ажратиш кўзда тутилмоқда. Молиявий мустақиллик берилган 35 та ОТМ эса тўлов-контракт асосидаги квотани ўзи белгилайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг