Ўзбекистонда тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат МТМларига болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилди. Бунда тарбияланувчилар пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилинади.
Пайшанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони ортди (70 киши). Бир кун аввал бор-йўғи 14 киши вирус юқтиргани маълум бўлган эди.
Украина Россиянинг ҳарбий операцияси сабаб икки ҳафта ичида 100 млрд долларлик зарар кўрганлиги айтилди, бу мамлакат ЯИМнинг ярмига тенг. Уруш сабаб Украинадаги корхоналарнинг 50% фаолиятини тўлиқ тўхтатган.
Тошкентда Ўзбекистон ва Эрон хавфсизлик бўйича қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия тузиш тўғрисидаги ҳужжатни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний имзолади.
2021 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,2 трлн сўм зарар етказилган. Ҳокимликларнинг бюджетдан орттирилган маблағларни очиқлаш мажбурияти жорий қилингач, автомобиль сотиб олиш ёки ҳокимиятни таъмирлаш кескин камайган, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Акмал Бурхонов бу амалиёт ҳокимлик бюджетининг кўпроқ ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганига сабабчи бўлганлигини таъкидлади.
Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпанияси Россияга амалга ошириладиган парвозлар тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди.
Украинани тарк этган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси Бухарест (Руминия) аэропорти орқали Молдовадан эвакуация қилинди. Яна бир рейс 11 март куни Польшадан амалга оширилиши режалаштирилган. У ерда 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар қолмоқда.
Россия Марказий банки янги валюта чекловларини жорий қилди. 10 сентябрга қадар бизнес вакилларига 5 минг доллар ёки шу миқдор эквивалентидаги евро, япон иени ва фунт стерлингда пул ечиш тақиқланади. Хорижий компаниялар ёки тадбиркорлар эса ушбу валюталарни умуман ечиб ололмайди.
Суд Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У 2021 йилнинг августида аукционда тадбиркорнинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 минг доллар талаб қилиб, шундан 10 минг долларни олганида қўлга тушганди.
Ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилган Cotton Campaign, Украина ва Афғонистонга ёрдам бергани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирган АҚШ, 1 майдан йўлга қўйиладиган «Автомобиль тарихи» хизмати, алиментдан қарзи борларга автомобиль ҳайдаш ва уйланиш тақиқланиши мумкинлиги, Молдовадаги ўзбекистонликлар Бухарест орқали эвакуация қилиниши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 10 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Дин ишлари бўйича қўмита хабарига кўра, Саудия Арабистонига сафар қилаётган зиёратчилар учун манфий ПЗР-тест маълумотини тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Энди сафарга борувчилар фақат коронавирусга қарши эмланган бўлиши лозим.
Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик меъёрларига ўзгартишлар киритиб, янги кўп қаватли уйларнинг яримертўлаларига яшаш хонадонларини жойлаштиришга рухсат берди. Бироқ бунинг учун участкадаги ер ости сувлари даражаси, иссиқлик ҳимояси, ёритилиш даражаси, эвакуация ва бошқалар билан боғлиқ қатор талаблар мавжуд.
Мораторий эълон қилинганига қарамай Қўқон шаҳрида фуқаро рухсатсиз 3 туп чинор дарахтини кесиб ташлагани аниқланди. Давлат экология қўмитаси бунинг оқибатида табиатга 103 млн сўмдан кўпроқ зарар етказилганини маълум қилди.
Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Илк бор ўзбек пахтасига 2009 йилда бойкот эълон қилинганди.
«Янги Наманган» шаҳарчаси қурилишининг иккинчи босқичида 20 минг хонадонга эга 171 та кўп қаватли уй барпо этиш режалаштирилмоқда. Президент уйларни зилзилага бардошлилиги ва сифатини таъминлаш, уларнинг лойиҳаси юзасидан аҳолининг фикрларини тинглаш бўйича топшириқ берди. Қолаверса, вилоятда «Янги Ўзбекистон» боғини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилгани айтилди.
Ўзгидромет 11−15 март кунлари кучли ёмғирлар ёғиши туфайли 9 та вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиш хавфини эълон қилди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларига амал қилиш сўралмоқда.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида 10 дақиқалик отишма юзага келди. Бунинг оқибатида Тожикистон томонидан бир чегарачи ҳалок бўлди, икки нафари яраланди.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимовга тегишли бир нечта квартира ва қаср, 17,2 млн доллар нақд пул, олтин қуймалар, 11 та қимматбаҳо автомобиль ва бошқалар мусодара қилинди. У 2 млн доллар миқдорида пора олганликда ҳам гумон қилинмоқда.
ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси расман эълон қилинган кундан бери 6 млндан кўпроқ инсон вафот этганини маълум қилди. У касалланиш ва ўлим ҳолатлари камайиб бораётгани пандемия тугаганини англатмаслигини қайд этди. «Пандемия тугашига ҳали анча бор ва у ҳамма жойда тугамагунча ҳеч қаерда якунланмайди», — деди Тедрос Гебрейесус. Қолаверса, Европада «дельтакрон» штамми пайдо бўлди.
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2021−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Кўп йиллик индикатив дастурни ишга туширди. У учта асосий йўналишни ўз ичига олади: самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация, инклюзив ва рақамли яшил ўсиш ҳамда «ақлли» ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш. Дастурни молиялаштириш учун 83 млн евро, жумладан, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг