Ўзгидромет 11−15 март кунлари кучли ёмғирлар ёғиши туфайли 9 та вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиш хавфини эълон қилди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларига амал қилиш сўралмоқда.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида 10 дақиқалик отишма юзага келди. Бунинг оқибатида Тожикистон томонидан бир чегарачи ҳалок бўлди, икки нафари яраланди.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимовга тегишли бир нечта квартира ва қаср, 17,2 млн доллар нақд пул, олтин қуймалар, 11 та қимматбаҳо автомобиль ва бошқалар мусодара қилинди. У 2 млн доллар миқдорида пора олганликда ҳам гумон қилинмоқда.
ЖССТ раҳбари коронавирус пандемияси расман эълон қилинган кундан бери 6 млндан кўпроқ инсон вафот этганини маълум қилди. У касалланиш ва ўлим ҳолатлари камайиб бораётгани пандемия тугаганини англатмаслигини қайд этди. «Пандемия тугашига ҳали анча бор ва у ҳамма жойда тугамагунча ҳеч қаерда якунланмайди», — деди Тедрос Гебрейесус. Қолаверса, Европада «дельтакрон» штамми пайдо бўлди.
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2021−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Кўп йиллик индикатив дастурни ишга туширди. У учта асосий йўналишни ўз ичига олади: самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация, инклюзив ва рақамли яшил ўсиш ҳамда «ақлли» ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш. Дастурни молиялаштириш учун 83 млн евро, жумладан, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратилди.
Президент фармони билан алимент тўловчининг қарзи ва жарималари алимент тўловлари тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага алиментдан қарзи мавжуд шахсларга автомобиль бошқариш, айрим давлат хизматларини кўрсатиш ва уйланишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилди.
2021 йилда Ўзбекистон Россияга газ етказиб беришни бир неча ойга тиклади. Экспорт ҳажми 76,6 млн долларни ташкил этди. Бу йил Россия бозорига зангори олов етказиб берилмади.
Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, қолаверса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тайинланди. Уларнинг барчаси хотин-қизлардан иборат.
2021 йилнинг октябрь ойида президент қарори билан гўшт ва картошка маҳсулотлари реализацияси ва импорти ҚҚСдан озод қилинган эди. Ушбу солиқ имтиёзлари натижасида қисқа муддатга савдонинг эркинлашуви ички бозорда нарх ўсишининг нисбатан секинлашишига хизмат қилган. «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Миркомил Холбоев импортга тўсиқларнинг бекор қилиниши импорт харажатларини қисқартиришини ва истеъмолчиларни бойроқ қилишини таъкидлайди.
Пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИБ терговчиси жиноят иши бўйича айбланувчига чора кўрмаслик эвазига 5000 доллар талаб қилиб, шундан 1000 долларни олганида ушланди. Миробод тумани ИИБ профилактика инспектори эса ҳуқуқбузарликни расмийлаштирмаслик эвазига 500 долларни олганида қўлга тушгани маълум қилинди. Улар ҳибсга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди.
ДХХ Тошкент вилоятида 9,1 кг «опий» ни 54 минг долларга сотган шахсларни қўлга олгани айтилмоқда. Улар наркотикни харидорга бериб, ундан олган пулларини тожикистонлик наркосавдогарга етказиши керак бўлган. Бундан ташқари, Фарғона ва Наманган вилоятларида Қозоғистон ва Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кирилган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Молдова ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқароларини Руминия пойтахти Бухарест орқали эвакуация қилиш режалаштирилмоқда. Украинадан ватанга қайтарилганлар сони эса 5282 нафарга (+245) етди.
Чоршанба куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари аниқланмади. Кун давомида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Андижон ва Навоийда жами 14 кишининг ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди.
Ўзбекистонда Интерпол томонидан Европа мамлакатларида ўта йирик ҳажмдаги ўғриликларни содир этган уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланиб қидирилаётган эркак қўлга олинди.
2024 йилгача барча давлат органлари ва муассасаларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент фармонида назарда тутилган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга «Украина ва Афғонистон халқларига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами» учун миннатдорчилик билдирди. Абдулазиз Комилов билан музокараларда икки томонлама муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва C5+1 форматидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги мақомини қайтариб олди. Бу мамлакатдан озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, ёғоч ва бошқа товарлар катта ҳажмда келтирилади. Украина эса Ўзбекистоннинг дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқаларни экспорт қиладиган тўққизинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг ушбу икки давлат билан савдо-иқтисодий муносабатлари қандай йўлга қўйилгани, ҳарбий можаро ва санкциялар фонида қандай хавф-хатарлар борлигини ўрганиб чиқди.
Молия вазирлиги департамент директори Отабек Фазилкаримов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси фуқародан 60 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 5,5 млн сўм сўрагани хабар қилинди. У пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Жанубий Кореяда мухолифатдаги Фуқаролик кучлари партиясидан номзод, собиқ бош прокурор Юн Сок Ёл мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг