Чуст туман ҳокимлигининг учта автомобили ОАВдаги мақолалардан сўнг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тўпланиб қолгани сабабли жарима майдончасига қўйилди. Жами 42 та баённома тузилган бўлиб, жарималарнинг умумий қиймати 20,7 млн сўмни ташкил этади. Айрим қоидабузарликлар 2018 йилда содир этилган.
Ноябрда Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 22,5 мингта шартнома тузилди, бу бир ой олдингига нисбатан 4 фоизга, ўтган йилнинг ноябрига нисбатан эса 14,4 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, ИТИМ ҳисоб-китобларига кўра, ипотека асосида уй-жой сотиб олиш имкониятига эга бўлган аҳоли улуши 26 фоизни ташкил этади.
«Йил аёли» танловида қорақалпоғистонлик фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиева ғолиб бўлди. Аёллар тенглигини таъминловчи энг фаол давлат органи сифатида Мудофаа вазирлиги, гендер тенглигини таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида эса Адлия ва Ички ишлар вазирлиги танланди.
«Толибон»нинг Афғонистон университетлари маблағ етишмаслиги сабабли ёпиқлигича қолишини маълум қилгани, Ҳиндистоннинг январдан 15 ёшдан ошган ўсмирларни эмлашни бошлаши, Ямандаги исёнчиларнинг Саудия Арабистонига 400 дан ортиқ ракеталар учиргани, Таиланд пойтахтида янги йил тадбирлари коронавирус сабабли бекор қилингани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Вилоятларга жўнатилган 9070 та президент совғаси, Ўзбекистоннинг 38 млрд долларга етган ташқи қарзи, қорбобо кийимида совға тарқатаётган Сирдарё вилояти ҳокими, молиявий мустақилликка эришаётган 35 та ОТМ, яратилаётган «ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 27 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрига боради
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ота-она қаровисиз қолган 9070 нафар болага аталган президент совғаси ҳудудларга юборилди. Совға жамланмасидан ширинликлар, ўқув қуроллари ва болалар энциклопедиясидан иборат 21 турдаги совға, қолаверса, болалар уйларининг 980 нафар тарбияланувчиси учун замонавий планшетлар ўрин олган.
Интеллектуал мулк агентлиги 200 дан ортиқ контрафакт товарлар, жумладан дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё маҳсулотлари рўйхатини эълон қилди.
2022 йил якуни қадар барча давлат ОТМларининг ўқув адабиётлари, давомат, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари тўлиқ электронлаштирилади. Қолаверса, келгуси йилдан таълим муассасалари чет эл фуқаролари ўқишини хориждан кўчириш, талабалар формаси ва имтиҳон фанларини ўзи тасдиқлайди.
Миллий банк процессинг маркази негизида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга ошириш учун «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ишлаб чиқилади. У пул ўтказмаларини «бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда жисмоний шахсларнинг илтимоси ва ихтиёрий танловига кўра» амалга оширади.
Президент Шавкат Мирзиёев Латвия, Венгрия, Франция ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Қолаверса, учрашувда давлат раҳбари Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинишини айтиб ўтди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 11,92 сўмга кўтарилиб, 10 810,15 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
27 декабрдан эътиробан янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилди. Марказий банк «Газета.uz»га 50 минг сўмликдаги хатолик бартараф этилганини маълум қилди (фото).
Афғонистон ҳукумати ҳайдовчиларга машинада мусиқа ёқмаслик, шунингдек, аёлларни ҳижобсиз олиб юрмаслик ҳақида ёзма кўрсатма берди. Бундан ташқари, аёлларни узоқ масофага ҳамроҳсиз олиб юриш ҳам тақиқланади.
Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат тўлиқ онлайн равишда амалга оширилди. Видеоконференцалоқа орқали вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишга розилик аризаси расмийлаштирилди.
1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасига молиявий мустақиллик берилади. Энди ушбу муассасалар тўлов-контракт миқдори ва муддатини, маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда ўз ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишни мустақил белгилайди. 2023 йилдан эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилади.
Ўзгидромет йил охиригача ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилди. Аммо ҳарорат меъёрдагидан 5−7 даража пастроқ бўлади.
АКТ вазири Шерзод Шерматов 2028 йилгача дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 млрд доллардан ошириш асосий мақсад сифатида белгилаб олинганини маълум қилди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев қорбобо кийимида эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, бир марталик моддий ёрдам пуллари, президент табриги ва байрам совғаларини улашмоқда. Вилоятда жами 11 816 та хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Ўзбекистонга 11 ой давомида қиймати 502,8 млн долларга тенг бўлган 23 мингдан зиёд енгил автомобиль импорт қилинди. Хусусан, хориждан 13,8 млн долларга 689 та электромобиль келтирилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг