Бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион метр куб танқислик мавжуд, дея таъкидлади президент. Шавкат Мирзиёев газ экспортини қисқартириш бўйича топшириқ бериб, бунинг ҳисобига, кунига 7−8 миллион метр куб газ қўшимча равишда аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилишини айтди.
Қиш мавсумида узлуксиз электр таъминоти учун қўшимча равишда 10−12 миллион киловатт-соат ишлаб чиқариш зарур, деди президент бўлиб ўтаёган йиғилишда. Давлат раҳбари 10 кун ичида етишмаётган электр энергиясини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича буйруқ берди.
17 декабрь куни Оскар-2020 мукофотига номзод этиб кўрсатилган режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» бадиий фильми намойиш этилади. Шунингдек, 23 декабрь куни режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» бадиий фильмининг ҳам катта премьераси бўлиб ўтиши режалаштирилган.
20 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубогининг финал учрашувида VAR тизими қўлланилади. Ўзбекистон кубоги финали Наманган шаҳридаги «Навбаҳор» марказий стадионида ўтказилади.
Дания коронавирус инфекциясининг тарқалаётгани сабабли карантин чораларини кучайтирмоқда. Катта синф ўқувчилари ва талабалар масофавий таълимга ўтказилади. Овқатланиш марказлари ва маданият муассалари ёпилади.
Ғузор туманининг собиқ ҳокими Саъдулла Бобоқулов ва Қашқадарё ҳокимлиги ҳоким судьяга босим ўтказгани учун ишдан бўшатилганини рад этди. Саъдулла Бобоқулов судья можарога сабаб бўлган деҳқон бозори раисининг ўғли билан бирга ўқигани ва бир квартирада яшаганини айтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖнинг ҳозирги кунда амалда бўлган тарифини ошириш таклиф қилинмоқда. Қайд этилишича, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ 2019 йилда молиявий иқтисодий фаолиятдан 58,8 млрд сўм, ҳамда 2020 йил 8 ойлигида 21,3 млрд сўм зарар кўрган.
Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироғини ёқиб юриш тартиби 1 январдан кучга киради. Ушбу тартибни бекор қилиш бўйича бир гуруҳ депутатлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига сўров хати киритилгани маълум қилинди.
Жанубий Корея барча автобуслари бепул Wi-Fi билан жиҳозланган дунёдаги биринчи мамлакатга айланди. Мамлакат шаҳарлари бўйлаб жами 35 мингта автобус ҳаракатланиб, шулардан 29,1 мингтасини Wi-Fi билан таъминлашни марказий ҳукумат ўз бўйнига олган, 5906 та автобусни эса ушбу технология билан маҳаллий ҳокимиятлар жиҳозлашган.
Россиянинг барча ҳудудларида коронавирусга қарши вакцинация жараёнлари бошланди. Яқин 3 ой давомида препаратни регионларга етказиш режалаштирилган.
Вакцина ҳақидаги янгиликлардан сўнг олтин нархи арзонлашни бошлаган. Бу эса Ўзбекистон олтин-валюта захираларига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 32,9 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, давлат органлари жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафар журналист ва/ёки блогернинг киритилиши белгиланмоқда. Шунингдек,танқидий материалларга бир кун ичида жавоб берилади, ҳар бир раҳбар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очади.
Google ходимларининг 2021 йил сентябрь ойигача уйдан туриб ишлаши, AҚШнинг Туркия мудофаа саноати идорасига қарши санкциялар жорий қилгани, японияликларнинг 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага қарши чиқиши ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Янги Chevrolet Tracker’нинг биринчи партияси Ўзбекистонга жўнатилди. Янги кроссовер 2019 йилда тақдим этилган бўлиб, шу вақтга қадар фақат Хитой ва Бразилияда сотилаётган эди.
Ўзбекистон 2025 йил IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши муносабати билан Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгашининг вице-президенти этиб сайланди. «Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири», — дея таъкидлади Отабек Умаров.
Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 10 январгача қишки таътил этиб белгиланди.
Глобал миқёсда 387 нафар журналист ўз касбий вазифаларини бажаргани учун қамоқда қолмоқда. Уларнинг 61 фоизи атиги бешта давлатда ҳибсга олинган. Пандемияни ёритгани учун қамалган журналистларнинг 14 нафари ҳамон панжара ортида қолмоқда.
14 декабрь куни Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан суд жараёнида 5 нафар судланувчи сўроқ қилинди. Улар тергов жараёнида қийноққа солинганлигини, баъзилари эса тўполонларда қатнашмаганлигини таъкидлади. Б.Шодиев тергов пайтида бошига қоп кийгизиб, белдан пастки қисмига уришганини айтди. Судланувчи Ш. Олимов айблов варақасига қўл қўйиб бермаса, «подвалга тушасан» деб қўрқитишганини таъкидлади.
Матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хатамов UZB, ZDF ва бошқа рақамли давлат идоралари автомобиллари ҳам жаримага тортилишини маълум қилди. У шунингдек, ЙПХ ходимлари вазирлик ва давлат идораларига тегишли автомашиналарда қоида бузилганида нега тўхтатилмаслигига ҳам ойдинлик киритди.
15 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ИИВ ходимларини ишига халақит бермаган ҳолда хоҳлаган жойда тасвирга олиш мумкинлигини айтиб ўтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг