Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони жами 3014 нафар кишига етди. Тузалганларнинг 43 нафари Тошкентдаги учта тиббиёт масканларидан, 42 нафари Навоий вилоятидан ва 10 нафари эса Самарқанддан. Кун давомида тузалганларнинг сони 95 кишига етди.
Ўзбекистон ҳукумати «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларни жорий этган ҳолда босқичма-босқич халқаро авиақатновларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бош вазир ўринбосари ва Туризм қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов мазкур тизим ва «Ўзбекистон. Кафолатланган хавфсиз саёҳат» лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.
Фарғона вилояти Сўх туманига Сайидбаҳром Сайидмусаев ҳоким этиб тайинланди. У 2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиш талаб этилишини кўзда тутган ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, фуқароликни олиш учун талабгорлар ўзбек тилини билиш даражасини аниқловчи имтиҳондан муваффакқиятли ўтиб, тегишли сертификатга эга бўлишлари шарт бўлади.
Финляндия Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига 1 млн евро ажратди ва жамғарма донорига айланди.
Microsoft компанияси Windows 10 операцион тизимини янгилади. Янги версияда нафақат носозлик ва хатолар тузатилди, балки қўшимча функциялар ҳам киритилди.
Қашқадарёда ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фуқаролардан пул талаб қилаётган шахс қўлга олинди. Унинг ёнидан сохта гувоҳнома ҳамда бошқа фуқароларнинг паспорт нусхалари ва фотосуратлари, уйидан эса ҳарбий либос топилди.
Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётини барқарорлаштиришга қодир деб ҳисоблайди. Пандемия сабабли озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қандай муаммолар юзага келиши ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги тўғрисида ЖБнинг қишлоқ хўжалиги бўйича етакчи иқтисодчиси Сергий Зоря хулосалари.
Президент фармонига биноан, давлат органларида халқаро рейтинглар билан ишлаш масаласини мувофиқлаштириш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади ва у Парламент назорати остида бўлади. Шунингдек, 1 октябрга қадар «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона портали ишга туширилади.
Коронавирус беморлари сони 9 нафарга ортиб, жами 3769 кишини ташкил этмоқда. Янги касалланганларнинг 7 нафари Тошкент вилоятида ва 2 нафари Сирдарё вилоятида аниқланган.
Қарши туманида фойдаланилмаётган 93 га ер майдони 132 нафар ёшга бўлиб берилди. Яна 500 га ер ўзлаштирилиб, 500 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ва ёшларга тақдим этилади.
Бўстонлиқда қорамол харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ФВВ «Сардоба» сув тошқини талофатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисобот берди. 5171 та уй лойқадан тозаланди, 6 та қабристондаги 311 та қабр қайтa тикланди.
Жанубий кореялик сармоядор Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича кластер ташкил этади. Лойиҳа 35 млн долларга баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда кун давомида 58 кишида коронавирус инфекцияси тасдиғини топди ва жами ҳолатлар 3760 тага етди. Аҳоли орасидаги ҳолатлар Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида аниқланди. 2 беморнинг аҳволи ўта оғир.
Гурланда 400 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган «Агробанк» филиалининг собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Avto 60 oy компаниясининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш бўйича дастлабки тергов якунига етди. Улар сохта тадбиркорлик, пул маблағларини ноқонуний жалб этиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳудудида карантин қоидаларига риоя қилинмаётган бозор вақтинча ёпилди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бозорни «вирус учун тайёр ўчоқ» деб атади.
Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоев вазифасидан озод этилди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг ходимларини сўкаётгани тасвирланган видео тарқалган эди.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг Сўх тумани аҳолиси билан ўтказган учрашувида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев танқид қилинди. Ижтимоий тармоқларда ҳоким «жанжалкаш» қишлоқларни Сўх тумани харитасидан ўчириб ташлашини айтган аудиоёзув тарқалди. Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари рейтинги баланд ҳокимларни ҳам ёқтирмайдиганлар борлигини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг