Январда аҳоли сезган инфляция кўрсаткичлари, қуёш панеллари ўрнатилишини назорат қиладиган Бош прокуратура, «яшил тадбиркор» мақомини берувчи платформа, сертификатли ўзбек тили ўқитувчилари учун устама ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
1 майдан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида экологияга салбий таъсир кўрсатувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади. Улар орасида асбест ва цемент ишлаб чиқариш, паррандачилик фабрикалари ва бошқалар бор. 168 та саноат корхонасини шаҳарлардан ташқарига кўчириш ҳам режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда атроф-муҳитга юқори таъсир кўрсатадиган корхоналар учун компенсация тўловлари бўйича қатор имтиёзлар жорий этилади. Бу учун ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи фон мониторинги станциялари ўрнатиш лозим. Шунингдек, экологияга зарардан мажбурий суғурта тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Тошкент вилоятидаги экорейд натижалари эълон қилингач, тармоқларда ҳаво ифлосланиши ўлчовининг тўғрилиги бўйича баҳслар пайдо бўлди. Эковазирлик нормадан ошиш кузатилмаганини айтди. Маълум қилинишича, Тошкентга кирувчи ҳаво оқимларининг 80 фоизи иссиқхона концентрацияси юқори ҳудудлардан ўтади.
Дунёнинг Хитой, Ҳиндистон каби энг ифлослантирувчи давлатлари БМТнинг 2035 йилгача бўлган янги иқлим мақсадларини белгилаш муддатига амал қилмади, деб ёзмоқда Reuters. Глобал исишни тўхтатиш ҳаракатлари Дональд Трампнинг сайланишидан кейин босим остида қолгани айтилади.
Президент йиғилишига кўра, уран захиралари ҳисобига атом энергетикаси орқали узоқ муддатли қувват ташкил этиш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари бўлажак АЭС мутахассисларини ҳозироқ тайёрлашни буюрди ва технология иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратишини айтди.
Президент фармони билан, мактабларда ўзбек тили фанидан дарс беруви ва миллий баҳолаш тизимида тегишли сертификатга эга ўқитувчиларга ҳар ойда тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида устама тўланади.
Мадриднинг «Атлетико» футбол клуби Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилишга кўмаклашиши кутилмоқда. Туризм қўмитаси раиси Испанияга ташрифи давомида клуб мутасаддилари билан учрашди ва қўшма маркетинг ҳамда реклама кампанияларини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди.
Россия ўзининг Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотишдан хавотирда, деб ёзди FT. Ғарб МО давлатларини санкцияларга риоя этишга мажбурлади ва уларга жаҳон бозорига киришни таклиф этди. Минтақа Россия бизнесини сиқиб чиқариш орқали санкциялардан фойда кўрди, Россиясиз иттифоқларга бирлашишга интилмоқда.
Ромитан туманида фуқаро ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний равишда сақлаб келгани аниқланди. Унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди. Шер боласи ҳайвонот боғига жойлаштирилди.
2026 йилдан Ўзбекистонда ғишт ишлаб чиқариш солиғи икки бараварга оширилади, 2027 йилдан эса қўриқланадиган ерлардаги карьерларда қум қазиб олиш тақиқланади. Ғишт ўрнига пеноблок ва газоблокдан кенг фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик берилади.
1 сентябрдан «яшил тадбиркор» мақомини берувчи платформа ишга туширилиши мумкин. Бундай мақомга эга корхоналар «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик, барқарорлик рейтингида баллар ва бошқа имтиёзларга эга бўлади. Қайта тикланувчи энергия манбаларидаги электр учун «яшил тарифлар» жорий этилади.
Дональд Трамп АҚШга пўлат ва алюминийнинг барча импортига 25 фоизли божлар жорий этилишини эълон қилди. Инвесторларнинг Трамп сиёсатининг оқибатларидан хавотирлари ва хавфсиз активларга бўлган талаб фонида олтин нархи рекорд даражага етди.
ДХХ ва ИИВнинг «Қорадори» операцияси иккинчи босқичи 28,8 кг гиёҳванд модда ва 9421 та кучли таъсир этувчи дори воситаларининг мусодара қилиниши билан якунланди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 18 та ўқотар ва 126 та совуқ қурол аниқлаб, қидирувда бўлган 53 нафар шахсни ушлади.
Январда аҳолининг келгуси бир йил учун инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,4 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг кутилмалари пасайди (-1 фоиз). Аҳоли ҳам, бизнес ҳам келгусида нархлар ошишига энг кўп коммунал хизматлар қимматлашиши сабаб бўлишини қайд этган.
Давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони билан Бош прокуратурага қуёш панелларини ўрнатиш режасининг ижросини таъминлаш топширилди. Энергетика вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда уларни туман ва шаҳарларда ўрнатиш дастурини ишлаб чиқади.
Рақобат қўмитаси ва ССВ Тошкентдаги Nazar Medical шифохонаси болалар терапевтик стоматологияси бўйича тиббий фаолият юритиш учун лицензияга эга эмаслигини аниқлади. Қўмита клиникадаги текширувни бир аёл ва болага сифатсиз тиббий хизмат кўрсатганидан сўнг ўтказган.
Фарғонада Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Январь якунларига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси декабрга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,7 фоизни ташкил этди. Аҳоли ой давомида энг кўп электр энергияси, газ, гўшт ва тухум нархларида юқори ўсиш кузатилгани қайд этди.
Жарқўрғон тумани Какайди қўрғонида яшовчи Муниса Хаитмуродова Mobiuz ўтказган MobiDRIVE акциясининг учинчи ғолиби бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг