Ўзбекистонда 9 ой давомида болаларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолати қайд этилган. Зўравонлик оқибатида 22 бола ҳалок бўлган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун лойиҳасини тақдим этди.
Қонунчилик палатаси Сурайё Раҳмоновани Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили этиб тасдиқлади. У аввал Бош прокуратура, АОКА ва Сенатда ишлаган. Номзод энди Сенат томонидан тасдиқланиши керак.
Ўзгидромет жума куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғишидан огоҳлантирди. Ҳарорат кундузи +10, кечаси +2 даражагача пасайиши мумкин.
Сентябрь ойида Ўзбекистонда аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари пасайди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавфсираши бироз пасайган, лекин ёқилғи ва энергия нархи ошишини қайд этган респондентлар улуши кетма-кет бешинчи ой ошмоқда.
Тармоқларда хорижлик сайёҳнинг «Афросиёб» поездидаги жойини эконом классдан вип классга ўзгартириш учун поезд бошлиғига қўшимча пул бергани акс этган видео тарқалди. «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси ҳолат июль ойида содир бўлгани ва бошлиқ ишдан олинганини билдирди.
Антимонополия қўмитаси Yandex Go Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмаганига изоҳ бериб, бу унинг бозордаги устун мавқеини аниқлашга таъсир этмаслигини маълум қилди. Қўмита тез кунларда рақамли платформа бўлган агрегаторлар хизматлари бозорининг таҳлили натижаларини эълон қилмоқчи.
Бувайда туманидаги «Бумозор» МФЙ раиси тегишли чоралар кўрмасдан 5 ёшли 6 та арча кўчатларини қуриб қолишига олиб келгани учун 330 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Исроил ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатларига жавобан Ғазо секторини «тўлиқ блокада» қилишга буйруқ берди. Фаластин ССВ беморлар кўпайиб кетган касалхоналарга шошилинч тиббий ёрдам таъминотини етказиб бериш учун хавфсиз йўлак очишга чақирмоқда.
Ўзбекистонда ўз хоҳиши билан навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини оширган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига оширилган малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 716 885 нафар чақалоқ тирик туғилди. Кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга ошган.
Янгийўл туманида 25 ёшли такси ҳайдовчисини ўлдириб, машинасини ёқиб юборишда гумонланган шахс ушланди. Воқеага улар ўртасидаги пул қарзи сабаб бўлгани аниқланди.
Пойтахтдаги Иззат кўчасининг бир қисми сув қувурлари алмаштирилиши сабаб 10 октябрдан 30 октябргача транспорт ҳаракати учун ёпилади. Ушбу кунлар давомида кўчанинг тегишли қисмидан ҳаракатланувчи автобусларнинг йўналишлари ўзгартирилади.
Ҳафта охирида кутилаётган совуқ ҳарорат, Россия билан газ етказиб бериш бўйича катта шартнома муҳокамаси, пойтахт туманига илк бор аёл ҳоким тайинлангани, Фаластин-Исроил можаросидан жиддий хавотир олаётган Ўзбекистон, можаронинг асосий янгиликлари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистонда партиялар фракциялари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлашнинг мажоритар-пропорционал (аралаш) тизимига ўтиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилишни бошлади.
Муҳсин Рахмонов ва Шоҳжаҳон Сафаров «Ўзтрансгаз» бошқарув раисининг биринчи ўринбосарлари, Жаҳонгир Байбаев эса раис ўринбосари лавозимига тайинланди.
2022 йил саноат корхоналари ҳавога 874 минг тонна чиқинди чиқарди. Уларнинг катта қисми нефть-газ, энергетика, металлургия корхоналари ҳисобига тўғри келади. Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилда 145 корхонада 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаб, ташланмаларни камайтирмоқчи.
Исроилда қурбонлар сони 700 нафардан ошди, 2200 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ғазо секторида эса камида 413 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 2300 киши яраланган. ОАВ Эрон ҲАМАСга ёрдам бергани ҳақида ёзди, Эроннинг ўзи эса буни рад этди.
TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда 2021 йилнинг ёзидан буён блокланганига қарамай, солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Эндиликда хизматлар учун тўлов 12 фоизлик ҚҚСни ўз ичига олади.
2023 йилги иқтисод бўйича Нобель мукофоти аёлларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва самаралари борасида тадқиқот ўтказган Гарвард университети иқстисодчиси Клаудия Голдинга берилди.
Тошкентнинг Яккасарой туманига Нилуфар Аллабергенова ҳоким этиб тайинланди. У 2019 йилдан буён шу туман прокурори сифатида ишлаб келаётганди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг