2024 йилги давлат дастури лойиҳаси, экология вазири билан катта интервью, жамоат транспортида юрадиган раҳбарлар, дарахткесар ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 10 та шаҳар ва тумандаги бош шифокорларни ишдан бўшатиш топшириғини берди. Улар маҳаллий аналоглар ўрнига четдан келтирилган дориларни сотиб олиб, «обнал фирмалар»дан фойдаланади. Ҳоким шифокорлар дорихоналар манфаати учун 8−10 талаб дори ёзиб беришини айтди.
Экология вазирлиги Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш учун қилиниши лозим бўлган шошилинч чораларни эълон қилганди. Вазирлик раҳбари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га берган интервьюсида ҳаво ифлосланишининг сабаблари, Аи-80 бензинини чеклаш ва қурилишларни тақиқлаш каби таклифлар мазмунини тушунтирди.
Кўкрак бези саратони Ўзбекистонда саратон касалликлари орасида ўлим кўрсаткичлари бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, бироқ уни эрта босқичларида даволаш мумкин. Диагностика учун маммографлар, малакали радиолог ва рентген-лаборантлар керак. Касаллик ҳақида батафсил — «Газета.uz» материалида.
Тошкент четидаги ҳудудларни метро бекатлари билан боғлайдиган тўртта экспресс автобус йўналиши жорий этилади. Пиёда ва автобуслар устуворлигини таъминлаш мақсадида 8 та транспорт йўлаги реконструкция қилинади. Бу ҳақда президентнинг 2024 йилги Давлат дастури тўғрисидаги қарори лойиҳасида айтилган.
Ўзбекистонда 2023 йилда камбағаллик даражаси 3,1 фоизга қисқариб, 11 фоизни ташкил этди. Камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда қайд этилгани маълум қилинди.
1−5 февраль кунлари Тошкент вилоятининг қатор туманлари ва Наманганнинг бир туманида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди. Аввалроқ Ўзгидромет февралнинг боши нисбатан совуқ бўлиши ҳақида хабар берганди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Мингбулоқ тумани суди раиси 2 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланди. У ўзининг иш юритувидаги судланувчига енгилроқ жазо тайинлаб беришини айтган.
Тошкент шаҳрида 11-йўналишдаги «гармошка»ли автобус 18-автосаройдан чиқаётиб, ёғингарчилик туфайли сирпанди ва унинг орқа қисми қияликка тушиб кетди. Салонда йўловчилар бўлмаган. Автобус махсус техника ёрдамида чиқариб олинди.
2024 йилги давлат дастури лойиҳасида «Ташаббусли бюджет» доирасидаги лойиҳаларни маҳалла раиси ва ташаббускорлар розилиги билан фойдаланишга топшириш белгиланмоқда. Шунингдек, 1 мартдан «Бир фуқаро — бир овоз» тизими жорий этилиши мумкин.
Ўзбекистонда 1 мартдан чанг бўрони ва ҳаво ифлосланган вақтда аҳолини профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилиши кутилмоқда. Шунингдек, қурилиш майдонларида чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилиши мумкин.
Ўзбекистондаги маҳаллий автомобилсозлик корхоналари томонидан 2024 йилда 450 минг дона енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга эришиш ва ADM Jizzakh корхонаси негизида Кореянинг KIA бренди остида автомобилларни тўлиқ циклда ишлаб чиқариш мақсад қилинмоқда. Бу 2024 йилга оид давлат дастурига киритилган.
Тармоқларда ота 4 ёшли боласини дўкондан ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўрагани учун ҳақоратлаб, калтаклагани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратура ҳолат Термиз шаҳрида 42 ёшли эркак томонидан содир этилган ва унга нисбатан очилган маъмурий иш судга юборилганини билдирди.
Полковник Тимур Исмаилов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бошқарманинг аввалги бошлиғи полковник Абдувохид Исмаилов эса Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.
Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши режалаштирилмоқда.
10 февралгача Yunusabad Residence премиум классдаги 30 та хонадонга 13% чегирма амал қилади. Бундан ташқари, бошланғич тўловсиз 12 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд.
2024 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, Тошкент шаҳрида ойнинг бир иш куни «Автомобилсиз кун» бўлиши, бунда раҳбарлар жамоат транспортида юриш орқали намуна кўрсатиши белгиланди. 2020 йилда ҳам раҳбарларга ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмасдан ишга келиб-кетиш тавсия этилган.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги президент фармони лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳалар 9 февралга қадар жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2023 йилда энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган. Шунингдек, суд қарорларидан норозилик ва тендер савдоларидаги бузилиши ҳолатлари бўйича ҳам кўп шикоятлар билдирилган.
Ўзбекистонда келаётган февраль ойи одатдагидан илиқроқ, бироқ ой боши нисбатан совуқ бўлади. Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечаси 0…+5, кундузи +8…+13 даража, кейинчалик ой охиригача кечаси −12…+7, кундузи 0…+18 даража атрофида бўлади. Ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг