Самарқандда бир қатор давлат раҳбарлари билан музокара ўтказган президент, пенсияни ҳисоб-китоб қилишнинг янги тартиби, GTL заводида илк бор ишлаб чиқарилган синтетик авиакеросин, Фарғонада таъқиқланган фонограмма, электрон фирибгарлик учун 8 йилгача қамоқ ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
ХХР раиси Си Цзиньпин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Самарқанд аэропортида уни президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Арманистондаги вазият туфайли мамлакат бош вазири Никол Пашиняннинг Самарқанддаги ШҲТ саммитида қатнашмаслиги маълум қилинди. Аввалроқ у «Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва Озарбайжон қуролли кучларининг олиб чиқиб кетилишини таъминлаш» учун КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.
Орол қуриши Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухорога жиддий таъсир ўтказаяпти, деди Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори. Мамлакатнинг кам даромадли аҳоли қатлами эса айни шу ҳудудларда яшайди, Шу боис, Ўзгидромет ҳудудларнинг иқлим ўзгариши бўйича миллий мослашув режасини ишлаб чиқмоқда.
Туркия ҳукумати Туркманистоннинг илтимосига кўра, туркманистонликлар учун визасиз режимни бекор қилди. Авваллари мазкур давлат фуқаролари Туркияда туризм мақсадида 30 кунгача визасиз қолиши мумкин эди.
Халқаро сиёсий воқеаларга таъсир ўтказиш мақсадида Россия бутун дунё бўйлаб сиёсий кучларни молиялаштириш учун камида $300 млн ажратган, дея хабар беради Америка ОАВ нашрлари. Мақолаларда Осиё давлатларининг биридаги президентликка номзодга миллионлаб доллар берилганлиги тилга олинади.
ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Эрон президенти Самарқандга ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий музокаралар давомида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, қолаверса, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Қашқадарёда Lacetti белгиланган жойдан йўлни кесиб ўтаётган болани уриб кетди. Бунинг оқибатида болакай вафот этди. Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Хитой билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 506,8 млн долларлик лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувга эришди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 14,91 сўмга арзонлаб, 10 925,14 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль эса кўтарилди.
РФ марказий банки ва Молия вазирлиги ҳукумат мажлисида хорижий банкларга мамлакат ҳудудида филиалларини очишга рухсат беришни таклиф қилди. Бироқ ташаббус билан фақат дўстона мамлакатларнинг кредит ташкилотлари Россияда ўз филиалларини очишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон президенти БМТ бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қабул қилди. Томонлар Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва афғон халқига кўмаклашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Тошкентда Миср ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу мақомни яна тўртта давлат олади.
ШҲТ саммити арафасида Самарқандда Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокара ўтказди. Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух икки давлат ўртасида сиёсий ва иқтисодий алоқаларга тизимли тус бериш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» ни қабул қилишга келишиб олди.
Президент қарори билан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Тизимда бўлмаган текширувларни ўтказиш эса ноқонуний ҳисобланади. Қарорга кўра, айрим ҳолларда тадбиркор назоратчиларни текширув учун ҳудудига қўймасликка ҳақли.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон-Арманистон чегарасида юзага келган ҳарбий тўқнашув бартараф этилганини олқишлади. Шунингдек, томонларни мавжуд муаммоларни тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар доирасида ҳал этишга чақирди.
Марказий банк 14 сентябрь учун хориж валютасининг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди. Шунга кўра, тижорат банклари ҳам доллар курсини янгилади.
Танзила Нарбаева дарахтлар кесилиши, талабалар ётоқхонаси, пойтахтдаги тирбандликлар каби муаммолар тармоқларга чиққанидан кейингина, ҳукумат ҳаракатга тушишини танқид қилди ва президентнинг ўзи ечим топиб бераётганини айтди. «Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйиш керак эмас», — деди Сенат раиси.
Август ойида Тошкент шаҳрида 14 та онлайн режимда ишловчи стационар радар пайдо бўлди, уларнинг барчаси Олмазор туманида ўрнатилган. ЙҲХХ радарлар ўрнатилган жойлар рўйҳатини эълон қилди.
Uzbekistan GTL заводида жаҳон тарихида илк бор синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Аввалроқ заводда илк синтетик дизель ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг