Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маст ҳолатда бўлган шахсларга камида 10 ўринли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволашга юбориш ҳуқуқи берилмоқда. Қолаверса, йил охиригача наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин яратилади.
Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани «Мўйноқ қўлтиғи»даги қамишзорларда ёнғин юз берди. Қорақалпоғистон Экология қўмитаси ёнғинни ўчириш имкони йўқлигини, чунки қамишзорлар бўйи сув ва ботқоқликдан иборатлигини айтмоқда. Ёнғиндан жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги IT соҳасини ўрганаётган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Биринчи суҳбатдошимиз, Тошкентдаги ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси Мафтуна Маҳкамова нега IT соҳаси келажакни бошқариши, айрим мактабларда ўқувчиларнинг компьютер хоналарига ҳам олиб кирилмаслиги ва қизиқиши бўлмаган одамни IT соҳасига мажбурламаслик кераклиги ҳақида сўзлади.
Биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам борлигини танқид қилган Шавкат Мирзиёев, 700 дан ортиқ Nest One қурувчисига маош вақтида тўланмагани, Ўзбекистонда бошланган маҳалла раислари сайлови, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришини 2 баробарга тезлаштирган Орол фожиаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 17 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси Nest One биносини қураётган «Оzguvn mimarlik inshaat» ва «Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» компаниялари жами 739 нафар ишчига маошини ўз вақтида бермаганини аниқлади. Аввалроқ қурувчилар намойиш ўтказиб, автомобиль йўлини тўсиб қўйганди. Сешанба куни 2,3 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақи тўлаб берилишига эришилди ва инспекция ҳар иккала компания раҳбари Гувен Меҳметрага ёзма кўрсатма киритди.
Биржа савдоларни кўпайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Жомбой ва Уйчи туманларида биржа орқали ғишт ҳамда бетон қоришмасини сотган корхоналарни эътироф этиб, ҳокимлар томонидан бу тажриба яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилди. «Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор», — деди у. Президент йил охиригача ўз маҳсулотларини биржаларга олиб чиқадиган тадбиркорлар сонини 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга оширишни топширди.
16 май куни Ироқ пойтахти Бағдод ва бир қатор вилоятларни сўнгги бир ойдаги саккизинчи чанг-қум бўрони қоплади. Расмийлар мактаблар, аэропортлар ва давлат идораларини ёпиб қўйди, минглаб кишилар нафас қисиши шикояти билан касалхоналарга мурожаат қилишди.
Самарқандлик фуқаро Қашқадарёнинг Қамаши туманида ижарадаги уйида 50 туп каннабис етиштираётгани аниқланди.
Прокуратура Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширгандан сўнг, жиноят иши қўзғатди. Апрель ойида муассаса тарбияланувчилари ходимларнинг биридан норози бўлиб, намойиш уюштирганди. Прокуратура бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини аниқлади. Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Мамлакатда 9349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Номзодлар 26,9 минг кишини ташкил этади (ҳар бир ўринга деярли 3 номзод). Биринчи кунда 834 нафар раис сайланган бўлиб, уларнинг 52 фоизи ушбу лавозимга қайта сайланган.
ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани парламентнинг икки палатаси кенгашлари муҳокамасига киритиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов таклифларда халқнинг орзу-истаклари мужассам эканлигини таъкидлади. «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров эса барча фуқароларни таклиф билдиришга чақирди. Депутатлар президент аввалроқ билдириб ўтган таклифларни такрорламоқда.
Ижтимоий тармоқларда Nest One биносининг ўнлаб қурувчилари йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Murad Buildings компанияси «Газета.uz» га намойишларга маошдаги кечикишлар сабаб бўлганини тасдиқлади. Компания раҳбари Мурод Назаров эса айни вақтда «ҳаммаёқ тинчлиги, ишчилар ўз ўрнида ишлаётганини ва бунга бинонинг охирги қаватида ош тайёрлагани» сабаб бўлганини маълум қилди. Пойтахт ИИББ текширув ўтказмоқда.
Антимонополия қўмитаси Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 178 та лаборатория Intermed Innovation компаниясига ўтказилишига оид маълумотларни тақдим этмаганлиги учун ССВга нисбатан маъмурий иш қўзғатди. «Агар шу ҳафта берилмаса тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик бўйича чоралар кўрилади», — деди қўмита вакили.
Тошкент шаҳрида йил бошидан бери 7777 та жиноят фош этилиб, 537 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Пойтахт ИИББ маълумотига кўра, 2435 та жиноят ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланган, шундан 769 таси наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ. Бунинг натижасида 217,3 кг гиёҳвандлик ва 24,3 кг психотроп воситалар айланмасининг олди олинган.
Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони, учувчи-космонавт Владимир Жонибековнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон президенти уни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги Буюк Британиянинг сунъий йўлдошли алоқа хизматларини кўрсатувчи OneWeb компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар чекка ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш устида иш олиб бориш ниятида.
Ўзгидромет 18−23 май кунлари кутилаётган кучли ёғингарчиликлар туфайли Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел келиш хавфи мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришлари сўралмоқда.
Тошкент метросида эшиклари ёпилаётган вагон томон югуриб кетаётган фуқаро сирпаниб, поезд тагига тушиб кетди. Унга метрополитен ходимлари ва йўловчилар дарҳол ёрдам беришди, у жароҳат олмади.
Халқаро экспертлар Ўзбекистонда Халқаро тиббий-санитария қоидаларининг ижроси юзасидан ташқи баҳолашни бошлади. Баҳолаш натижаларига асосланган тавсиялар мамлакатнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Ўзгидромет раҳбари Шерзод Хабибуллаев Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечаётганини таъкидлади. Бу музликлар эриши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг