Прагада ўтган дзюдо бўйича Европа очиқ чемпионатида энг оғир вазн тоифасида 19 ёшли Ўткирбек Тўрабоев олтин медални қўлга киритди. Раҳимжон Субҳонов (-66 кг) бронза медалига эга чиқди.
6−7 март кунлари Польшанинг Катовице аэропортидан яна 674 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 350 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. 7 март куни яна битта рейсни амалга ошириш режалаштирилган.
ДХХ фуқаро «Олмалиқ КМК» ишчилари билан келишиб, кийим алмаштириш хонасига таркибида 117,5 млн сўмлик қимматбаҳо металлар бўлган 4,4 кг саноат қумларини яшириб қўйганини аниқлади. Гумондорнинг ўзи комбинатнинг қўриқлаш хизматига ишга кириш учун суҳбатга келган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25% га қисқариши кутилмоқда. Мазкур тенденция Россия-Украина ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва рубль курсининг кескин қулаши билан изоҳланган. Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилмоқда.
Тошкент кўчаларидан бирига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилиши кутилмоқда. Мазкур ном остидаги кўча аввал ҳам бўлган, у 2011 йилда Зарафшон кўчаси этиб ўзгартирилганди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Украинанинг Суми, Харьков вилоятлари ҳамда «Нехотеевка» нейтрал ҳудудида бўлган 12 нафар юк ташувчини Россияга киришида ёрдам кўрсатди. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси 4 та юк машинасида Украина чегараси чизиғидан узоқроқ масофада қолиб кетди.
Полковник Оринбаев Аманбай Тлеубаевич Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Аманбай Оринбаев ИИВ ЖХД Пробация хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Россиянинг Smartavia ва iFly авиакомпаниялари Ўзбекистон шаҳарларига парвозлар тўхтатилганини маълум қилди. Жумладан, iFly 5 мартдан бошлаб компания мамлакатга барча йўналишлар бўйича барча режали рейсларни номаълум муддатга тўхтатади. Бекор бўлган рейсларда учишни режалаштирганларга чипта харид қилган авиакассаларига мурожаат қилишлари тавсия этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жамият ҳаётида фаол бўлган бир гуруҳ аёл-қизларни турли унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади. Улар орасида тадбиркор, ўқитувчи, санъат соҳаси вакиллари, ҳоким ва прокурор лавозимида фаолият юритаётган аёллар бор. Шунингдек, 28 нафар аёл-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
28 февралдан 5 мартга қадар Украинадан Польша орқали жами 3 685 нафар ўзбекистонликлар эвакуация қилинди. Польша ҳудудида 850 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қолаётгани айтилмоқда.
Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятини тўхтатишларини эълон қилди. Агар ушбу тизимларнинг карталари Россияда чиқарилган бўлса, улар фақатгина мамлакат ҳудудида ишлайди. Бироқ бошқа мамлакатларда ва хорижий онлайн дўконларда ишламайди. Шунингдек, Россиядан ташқаридаги банклар чиқарган карталар ушбу мамлакатда қабул қилинмайди.
Тошкентда жамоатчилик вакиллари ҳам аъзо бўлган Йўл ҳаракати хавфсизлиги комиссиясини тузиш режалаштирилмоқда. Биринчи ўринда Vision Zero (ноль ўлим) концепцияси асосида ЙТҲларда жароҳатланиш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича дастур қабул қилинади. Ягона орган — Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини тузиш ҳам кўзда тутилган.
Россиянинг «Аэрофлот», S7 Airlines ва Smartavia авиакомпаниялари халқаро рейслар тўхтатилганини маълум қилди. Улар бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонннинг бир қатор шаҳарларига парвозларни амалга оширар эди.
5 мартга қадар 14 та авиарейс билан 3245 нафар ўзбекистонлик Польша орқали Украинадан эвакуация қилинди. Дипломатлар жанг кетаётган ҳудудлардан ҳам фуқароларни олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, ҳозирда Суми вилоятидан 25 нафар талабани эвакуация қилиш учун «яшил йўлак» очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Украинадан Польша чегарасига кираверишда уч нафар ўзбекистонлик йўл транспорт ҳодисасига учради. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курмановнинг маълум қилишича, улардан бири вафот этган, қолган икки нафари эса Львовдаги шаҳар касалхонасига ётқизилган.
Антикоррупция агентлиги Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар 33 нафар фуқарони «Йўлчилар», «Кўкпатас» ва «Кўкаяз» маҳаллаларида 3 йил давомида яшаганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, улардан 25 нафари ОТМга давлат гранти асосида киришига сабабчи бўлганини маълум қилди. Давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани учун мансабдорларга нисбатан жиноят иши очилди.
Росселхознадзор 2020 йилдан бери амалда бўлган тақиқни бекор қилиб, Россияга 9 та давлат қаторида Ўзбекистондан ҳам помидор ва қалампирни олиб киришга рухсат берди.
Тошкентда «Умидани чақиринг» ижтимоий лойиҳасига старт берилди. Бу ибора билан кўча таъқибига учраган ҳар қандай қиз ёки аёл овқатланиш шохобчалари, дўконлар ва бошқа муассасаларга ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкин. Лойиҳа БМТ тараққиёт дастурининг ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Каттақўрғон шаҳрида кузатилган кучли шамол туфайли Маданият ва истироҳат боғидаги «Маданият маркази» ҳамда «Гўзалкент» маҳалласидаги турар-жой биноларининг томи қулаб тушди. Бунинг оқибатида автомобилларга ҳам зарар етган.
Президент қарори билан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» рўйхатида турган фуқароларга 540 минг сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Уларнинг ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик араваси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун 1,3 млн сўмдан ёрдам ҳам кўрсатилади. Қолаверса, дафтарлардан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан ишлашга кетганларга 10 млн сўмгача микроқарз тақдим этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг