12 декабрь куни Москва вилояти ҳудудида UzAuto Motors автомобилларни мижозга етказаётган автотрейлерда ёнғин чиқди. Аланга автотрейлер кабинасидан автомобиллар юкланган трейлерга тарқалган. Натижада 8 та автомобилдан 3 таси зарар кўрган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Месси тўп сураётган «ПСЖ» «Реал Мадрид» билан ўйнайди, «Атлетико» ўз уйида «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилади. ЕЧЛнинг 1/8 финал баҳсларига қуръа ташланди. Орадан бироз вақт ўтиб, қуръа натижалари бекор қилинди. Бунга қуръа давомида йўл қўйилган хатолик сабаб бўлган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,81 сўмга кўтарилиб, 10 826,49 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Об-ҳаво ўзгариб, қор ёғаётгани туфайли Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи «Тахтақорача» довони танспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилди.
Чилонзор туманидаги бошланғич нархи 204 млрд сўмга баҳоланган ҳарбий шаҳарча онлайн савдо орқали 266,4 млрд сўмга сотилди. Аукционда 2 декабрь куни ташкил этилган «Do'mbrobod city group» компанияси ғолиб бўлган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти шу номдаги Миллий тадқиқот университетига айлантирилди. Янги йилдан бошлаб университет ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтади ва 2022/2023 ўқув йилидан тўлиқ илмий ва ташкилий, бошқарув мустақиллигига эга бўлади. Университет ишини эса Бошқарув кенгаши мувофиқлаштиради.
Пойтахтда Matiz ва Lacetti тўқнашуви оқибатида 4 киши жароҳатланиб, бир киши вафот этди. Бунга Matiz ҳайдовчисининг чоррахада Lacetti автомобилини ўтказиб юбормагани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Жанубий Корея КХДР, ХХР ва АҚШ билан биргаликда уруш тугаганини эълон қилишга тайёр эканлигини билдирди. Бир халқ, икки давлат 1950−1953 йиллардаги уруш тугаганига қарамасдан, ҳалигача уруш ҳолатидалар.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва хорижий давлатларнинг элчилари «Амирсой» ҳудудида ташкил этилган «Дипломатлар боғи»да дарахт экишди. Туркия элчиси Олган Бекар келажакни асраб қолиш учун бу ҳам бир имконият эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси қўмитаси тегишли қонун лойиҳасини палатанинг навбатдаги мажлисига киритди. Ҳужжат илк бор 2020 йилда муҳокамага қўйилганди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти таркибига киритилди. Жамғарманинг молиялаштириш тартиблари, асосий вазифалари ўзгаришсиз қолди.
Депутат Расул Кушербаев «Қонун устуворлиги» индексининг мулкни адолатли мусодара қилиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон энг охирги ўринларда эканлигини қайд этиб, ушбу ҳолатни «шармандачилик» деб атади. «Газета.uz» ўрганишларига кўра, ушбу кўрсаткич рейтингга киритилган 2015 йилдан бери Ўзбекистон мулкнинг адолатли мусодараси субиндикаторида энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда. Таҳририят ушбу рейтингни тузган World Justice Project (WJP) маълумотлари асосида бошқа индикаторларни ҳам ўрганиб чиқди.
Ҳукумат қарори билан импорт товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби низоми тасдиқланди. Квоталар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади. Иқтисодчи Миркомил Холбоев ушбу қарорнинг салбий оқибатлари, тариф квоталарининг иқтисодиётга таъсири ва ҳукуматнинг квоталардан кўзлаган мақсади ҳақида «Газета.uz» учун мақоласида фикр юритади.
1 январдан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун йўл ҳақини 1400 сўмдан 1700 сўмгача ошириш режалаштирилмоқда. Шунга қарамасдан, транспорт картаси билан тўловни амалга ошириш жорий нархдан арзонроқ бўлиши керак. Карта билан жамоат транпортида ҳаракатланиш сонига чегара ўрнатиш ҳам кўзда тутилган.
Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг олдинги хокими имзолаган Нурафшон шаҳрида умумий қиймати 34,4 млрд сўм бўлган ёдгорлик мажмуи ва кутубхона қуриш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Ушбу маблағлар муҳтожларга ёрдам бериш ва бошқа мақсадларга сарфланади.
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов рақиби Хулио Калименони биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. У жаҳон чемпионлиги учун жанг қилиш ҳамда оғирвазн тоифасида барча камарларни Ўзбекистонга олиб келиш ниятида эканлигини маълум қилди. «Ким билан бўлса ҳам рингга чиқишга тайёрман. Энтони Жошуа, Александр Усик, Тайсон Фьюри… Менга фарқи йўқ», — деди Баҳодир Жалолов.
«Қўйлиқ» бозори бузилишига қарши норозилик билдириб, йўлни тўсиб қўйган тадбиркорларнинг иши Бектемир туман маъмурий судида кўрилиб, уларнинг беш нафарига 5−7 кун қамоқ жазоси тайинланган.
Ўзбекистонга Хитойдан 1 млн доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди. ССВ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар сони 49 млн дозадан ошди.
Андижон вилояти Асака тумани ҳокими аҳоли билан номақбул тарзда суҳбатлашгани акс этган видео юзасидан ҳокимлик матбуот хизмати изоҳ берди. Унга кўра, бўлиб ўтган ҳолат юзасидан видеоларни ҳокимлик Telegram каналига жойлаган масъул ходимларга чора кўрилган.
Humo Air авиакомпанияси Фарғона — Сўх — Фарғона йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам парвозларни амалга оширишни бошлайди. Шунингдек, Самарқанд аэропортидан авиақатновлар тикланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг