16−18 декабрь кунлари Ўзбекистон президентининг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновациялар ва юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Сенат 2022 йилги давлат бюджетини маъқуллади. Унга кўра, келгусида йилда мамлакат ЯИМ ўсиш суръатлари 6 фоиз, инфляция эса 9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага жами 74,6 трлн ажратилиши кўзда тутилган.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Аскар Акаев «Қумтор» иши бўйича гувоҳ сифатида Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига чақирилди. Сўроқ тафсилотлари ошкор қилинмади.
Яқин вақтларда пандемия бошланишидан аввал умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун зиёрат қилиш имкониятлари яратилиши мумкин. Бу бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Саудия Арабистони муассасалари билан музокаралар олиб борган.
Октябрь-ноябрь ойларида Термизга етказилган 40 тоннага яқин инсонпарварлик юки БМТ Қочқинлар бўйича агентлиги томонидан юк машиналарида Афғонистонга жўнатилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,85 сўмга пасайиб, 10 830,15 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
«Худудгазтаъминот» АЖ ва Bank Apelsin ўртасидаги меморандум табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланганлик учун тўловларнинг ўз вақтида тўланишини такомиллаштиришга қаратилган.
Совет Иттифоқи давридаги уран конлари фаолияти натижасида Ўзбекистонда 4 миллион тонна радиоактив чиқиндилар тўпланиб қолган. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 240 миллион, Қирғизистонда 132 миллион, Тожикистонда эса 42 миллион тоннани ташкил қилади.
Қонунчилик палатаси йил давомида учинчи марта давлат бюджети харажатларини оширишни маъқуллади. Таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, экспорт соҳаларини қўллаб-қувватлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва бошқа соҳалар учун 2,2 трлн сўм ажратилмоқда. Тузатишлар уч ўқишдаёқ қабул қилинди.
Нурафшонда ёдгорлик мажмуаси ва янги замонавий кутубхона қурилиши тўғрисидаги фармойиш бекор қилинмагани, аксинча, кредитор қарздорликни ёпиш мақсадида кечиктирилгани маълум қилинди. Бироқ, вилоятнинг янги ҳокими Зойир Мирзаев имзолаган фармойишда собиқ ҳокимнинг қарорини бекор қилиш ҳақида сўз борган эди.
Марғилонда «Damas» ҳайдовчиси чапда бурилиш вақтида тўғридан келаётган «Cobalt» машинасини ўтказиб юбормагани натижасида авария содир бўлгани айтилмоқда. Бунинг оқибатида эса «Damas» автомобилида ёнғин юзага келган ва ҳайдовчи машина ичида вафот этган.
Чироқчи тумандаги Хўжа Абдужаббор қишлоғида ер остидан олов ва тутун чиқаётгани ҳақидаги хабарларга Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси муносабат билдирди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ушбу ҳолат ер остида қолиб кетган қамишлар қизиши ва чириши натижасида юзага келган. Ҳолат геологлар ёрдамида ўрганилмоқда.
Қорақалпоғистонда тўрт киши «Қизил китоб» га киритилган 14 та жайрон ва 5 дона ёввойи қўённи овлагани аниқланди. Улар табиатга 190 млн сўмлик зарар етказгани айтилмоқда. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,5 фоиз ва 15,6 фоизгача ошди. Респондентлар ёқилғи нархларининг ошиши ва сўмнинг қадрсизланишини умумий нархлар даражасининг кутилаётган ўсишига таъсир этувчи асосий омил сифатида келтирмоқда.
Беларусь суди мухолифатчи Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғига 18 йил қамоқ жазоси белгилагани, Францияда коронавируснинг омикрон штамми билан касалланганлар сони 130 нафардан ошгани, Москвада охирги 32 йилликдаги энг кучли қор ёғгани, Жанубий Суданда 89 кишининг номаълум касалликдан вафот этгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Президент яқинда Деновда рўй берган портлаш тафсилотларини телевидение орқали батафсил кўрсатиш бўйича топшириқ берди. «Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг қўшимча қилишича, бундан буён вилоятлар ҳокимлари шу сингари ҳолатларнинг олдини олиш учун жавобгарликни шахсан ўз зиммасига олади.
Россиядаги меҳнат мигрантлари топаётган даромад,"Қўйлиқ" маъмуриятининг бозор бузилиши ҳақидаги хабарларни рад этгани, ўзбекистонлик спортчининг Москвадаги турнирда оммавий жанжалга сабаб бўлгани, прокуратура кесилган дарахтзор учун тўланган 1,89 млрд сўмни Экоқўмга ўтказмагани, «Ўзбекистон почтаси» ребрендингни бошлагани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг 14 декабрдаги энг муҳим хабарлар дайжестида.
ССВ тиббиёт соҳасидаги муаммолар ташаббускор, янгича фикрлайдиган, профессионал ва ижодкор кадрларнинг етишмаслиги билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шуни ҳисобга олиб, вазирлик марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ишдан бўшатилди. Уларга қуйи босқичдаги тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди. Кадрлар ислоҳоти вазирликнинг бошқа бўғинларига ҳам таъсир қилади.
«Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун лойиҳасида меҳнат мигрантларининг даромадлари икки томонлама солиққа тортилмаслиги белгиланмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Чилонзор, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ФМБ бошлиғи ўринбосарларини ишдан олди. Сергели туман ИИО ФМБ раҳбарияти интизомий жазога тортилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг