4 август куни Россиянинг Қозон шаҳридан чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинган ва «Саёхат» меҳмонхонасига карантинга олинган 31 ёшли деновлик эркак, меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини улоқтириб ўз жонига қасд қилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ливан ҳукумати Байрутда 4 август куни рўй берган кучли портлаш ва унинг ортидан юзага келган оммавий норозилик намойишлари туфайли истеъфога чиқди. Ўзининг хайрлашув баёнотида бош вазир «коррупция тизими Ливан давлатидан кучлироқ» келганини таъкидлади.
Россия президенти Владимир Путин COVID-19 га қарши илк вакцина рўйхатдан ўтказилганини, тез орада вакцина катта миқдорда ишлаб чиқарила бошланишини маълум қилди. Кўплаб фармкомпаниялар Россия соғлиқни сақлаш вазирлигини ушбу вакцинани рўйхатдан ўтказишга шошмасликка чақираётган эди.
Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шисинь Чен Осиё мамлакатларига пандемия сабабли юзага келган инқирозни енгишда ёрдам берадиган тўртта йўналишни таклиф қилди. Улар орасида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳалари ҳам бор.
Президент суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларни қийнаш, уларга нисбатан шафқатсиз ва камситувчи муомалада бўлиш, ушланган шахснинг ҳуқуқларини поймол қилишнинг олдини олишга алоҳида урғу қаратилди.
Дунё бўйлаб аниқланган коронавирус ҳолатлари 20 млндан ошди. Бунда, 12,35 млн нафар бемор COVID-19 инфекциясидан соғайган ва 736 минг нафари эса ҳаётдан кўз юмган. Ҳозиргача АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонда энг кўп коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.
COVID-19 беморлари сони 241 нафарга ортиб, жами 31545 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатлар Тошкент шаҳрида, Самарқанд, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, икки нафар COVID-19 бемори вафот этди.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко телефон орқали мулоқотда икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, ўзаро мулоқотни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Зоминда ўзидан олдиндаги машинани қувиб ўтмоқчи бўлган Lada-Largus ҳайдовчиси Isuzu юк машинаси билан тўқнашув содир этди. Натижада енгил автомобилнинг икки йўловчиси оламдан ўтди, тўрт киши, жумладан, икки бола жароҳатланди.
Президент раислигида ўтган йиғилишда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлиги таъкидланди. Қашқадарё, Фарғона ва Бухорода енгиллатиш жараёни бошланган.
Президент Шавкат Мирзиёев декабрь ойида Жанубий Кореяга ташриф буюриши кутилмоқда. Ташриф коронавирус пандемияси сабабли кейинроқ муддатга кўчирилган.
Ўзбекистон Афғонистон Маслаҳат лоя жирғасининг 400 нафар толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлашини маълум қилди. Афғонлараро музокаралари шу ҳафта ичида бошланиши мумкин.
Холмўмин Ёдгоров Судьялар олий кенгаши раиси этиб тайинлангани муносабати билан Олий суд раиси ўринбосари лавозимидан озод қилинди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсонпарварлик ёрдами сифатида Ўзбекистонга 500 та кислород концентраторини жўнатди. Ҳафта охиригача лабораториялар учун зарур бўлган моддалар билан юкланган яна бир инсонпарварлик ёрдамининг келиши кутилмоқда.
Андижон вилоятида институтга киритиш эвазига 2 минг доллар олган кафедра доценти фирибгарлик устида ушланди.
Ўзбекистон 2025 йили ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган IV ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.
Олдинроқ Uzcard компаниясининг 75 фоиз акциясига эга бўлган Ойбек Турсунов ҳозирда компания таъсисчиларининг рўйхатида йўқ. Эндиликда акцияларнинг 51 фоизи «Ўзмиллийбанк»га, 6 фоиздан акция «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака» банк, Ипотека-Банк ва «Алоқабанк» банкларига тегишли бўлса, қолган 25 фоиз акциялар жисмоний шахсларга тегишли.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги гидроэлектрстанция ҳудудида жомадон ичидан эркак кишининг жасади топилди. Ўлимнинг «механик асфиксия» натижасида содир бўлгани хабар қилинди.
Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий фаолликнинг секинлашуви иш ҳақи миқдорларининг пасайишига олиб келди. Жумладан, 1 млн сўмгача маош оладиганлар сони 100 минг кишига кўпайиб, 1,77 млн нафарга етди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг