Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида бўлган кучли шамол, Шуҳрат Абдураҳмонов атрофидаги гап-сўзлар, my.gov.uz орқали «правани» расмийлаштириш тартиби, Қорақалпоғистонда ўқувчиларга берилаётган егулик ичидан чиққан таблетка, дам олиш кунларига салқин ҳаво ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тахтақорача довонида юк машинаси пастликка қулаб, ёниб кетди. Ҳайдовчи ва йўловчи кабинадан сакраб тушишга муваффақ бўлган.
«Келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баравар ошириш режа қилганмиз. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли — Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради, — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.
TalentLab рекрутинг агентлиги экспатлар ва ўзбек ишбилармонлари бир-бирларининг умидларини оқламаётганини аниқлади. Хорижлик мутахассислар вазифаларнинг ноаниқ белгиланиши ва маҳаллий кадрлар интизомининг сустлигидан норози. Иш берувчилар эса чет элликлар сўраётган маош ва уларнинг иш натижаларидан.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия газ иттифоқи лойиҳасини муҳокама қилишда «жумладан, президентлар даражасида фаол олға силжишганини» айтди.
Марказий банк аҳоли томонидан сезилган инфляция маълумотларини эълон қилишни қайта бошлади. Январь ойида бу кўрсаткич 19,5 фоизгача ўсган, бу пандемияси чўққисига чиққан 2020 йил июль ойидан бери энг юқори кўрсаткич. Аммо унда расмий инфляция билан фарқ камроқ бўлганди.
2024 йилда Самарқандга МДҲнинг маданий пойтахти, Тошкентга эса ёшлар пойтахти мақоми берилади. Қолаверса, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида имконияти чекланган болалар спартакиадаси ўтказилади.
15 суткага қамалган Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров адвокатининг судга киритган апелляция шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўраб ариза ёзди. Шу сабаб суд апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарди.
Тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинаётган интим видео тарқалганди. Вилоят ҳокимлигига кўра, видео бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилган. Видеони тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш бўйича амалий ишлар бошланган.
Жаҳон банки жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш ва «яшил» энергияга инвестицияларни жалб қилиш учун 143 млн доллар кредит ажратди. Шунингдек, ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклаш учун 142 млн доллар тақдим этди.
Ўзбекистонга 6 та ҳавони мониторинг қилиш автоматик станцияси келтирилди. Энди ҳавонинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида monitoring.meteo.uz платформасида тақдим этиб борилади.
Президент фармони билан Ўзбекистонга цемент, фанера, қолип ва бошқа қурилиш материалларини олиб кириш 2025 йилгача божхона тўловларидан озод қилинди. Аввалроқ давлат раҳбари ушбу чора уй-жой қурилиши таннархини пасайтиришга қаратилгани ҳақида айтганди.
14 апрель тонггида Хоразм вилоятида кузатилган кучли шамол ва чанг-тўзонли об-ҳаво Бухоро ҳамда Навоий вилоятларига ҳам ўта бошлади. Қизиқтепа туманида ноқулай ҳаво натижасида кўрунувчанлик 100−150 метргача қисқарди.
Каспий денгизидан Туркманистон орқали салқин ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши муносабати билан дам олиш кунлари кундузи ҳаво ҳарорати +25 даражагача, кечаси эса +15 даражагача пасаяди. Шамолнинг тезлиги 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.
Элликқалъа туманидаги 5-мактабда ўқувчиларга берилаётган озиқ овқат маҳсулотлари ичидан таблетка чиққанидан норози ота-оналарнинг хабари тармоқларда тарқалди. Ҳолат СЭС назоратига олинди. Аввалроқ, Хўжайли ҳамда Кегейли туманидаги мактаблардан бирида ҳам егулик ичидан турли буюмлар чиққанди.
Шуҳрат Абдураҳмонов ишдан кетгани ҳақидаги хабарлар фонида Андижон вилояти ҳокимлиги уни иш вақтида олинган видео ва суратларини эълон қилди.
Тижорат банклари 14 апрель куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 365 — 11 410 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 420 — 11 485 сўм.
Қатор интернет нашрлари, жумладан, давлат ОАВлари Андижон вилоятини қарийб 10 йил бошқарган Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ унга тегишли дея тахмин қилинган интим видео тарқалганди. Ишдан олингани расман тасдиқланмади. Нашрлар ўз хабарларини рад эта бошлади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам ариза берувчиларнинг бевосита иштирокисиз расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
Афғонистонга қўшни давлатлар — Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон — ТИВ раҳбарлари учрашувида томонлар ушбу давлатдаги инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди. Учрашувда Афғонистон ТИВ раҳбари ҳам нутқ сўзлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг