Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджетига бағишланган «Фуқаролар учун бюджет» нашрини эълон қилди. Унга кўра, иқтисодий ўсиш 5,3 фоиз, инфляция 9,5 фоиз, давлат бюджети тақчиллиги 3 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилди, дея маълум қилди ЎзХДП етакчиси Улуғбек Иноятов.
Пайшанбага ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 81 та ракета билан ҳужум қилди. Львов вилоятида снаряд турар-жой биноларига тушиб, беш киши, Днепропетровск вилоятида бир киши ҳалок бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги бу «Брянск вилоятидаги террорчилик ҳаракатлари учун катта жавоб зарбаси» эканини айтди.
Humo ва Uzcard тўлов тизимлари банкоматларининг ўзаро интеграцияси президент қарори билан май ойи охиригача, тизимларнинг терминаллари эса йил сўнгига қадар якунига етказилади.
Самарқандда ўзини таксичи деб таништирган 38 ёшли маст эркак 14 ёшли қизни олиб қочди. Вилоят ИИБга кўра, у пастга тушиб, ғилдиракларга қараётган вақтида қиз машинадан қочишга эришган. Айни пайтда эркак ушланган бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон мактабларида 18 март учинчи чоракнинг сўнгги куни бўлади, тўртинчи чорак 27 мартдан бошланади.
Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида парламентдаги сенаторлар сони 100 тадан 65 тага қисқартирилиши маълум қилинди. Бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланади. Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилади.
Конституциявий қонун лойиҳасига айни бир шахснинг сурункасига 2 муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид қоида киритилмоқда. Бу лавозимларга президент, Сенат раиси, ҳокимлар, бош прокурор ва бошқалар киради.
11 март куни Ўзбекистонда ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади. Бу ишларга 1,3 млрд сўм сарфланади. Шунингдек, 7 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага 2 млрд сўмдан кўпроқ моддий ёрдам кўрсатилади.
Тажриба тариқасида Тошкентда вақтинчалик тартиб жорий этилади, унга кўра, айрим дўконлар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари кассасида картадан нақд пул ечиб олиш мумкин бўлади. Биринчи босқичда лойиҳа Korzinka супермаркетлар тармоғида ишга туширилади.
Феврал ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари январь ойига нисбатан 1,98 млрд долларга пасайди. Натижада кўрсаткич февраль ойига келиб $33,9 млрдни ташкил этди.
Жисмоний шахслардан поезд, самолёт чипталари, барча турдаги коммунал хизматлар, давлат божи ва жарималар, болалар боғчалари, мактаблар ва олий ўқув юртлари учун тўловларни амалга оширишда тўлов хизматлари учун комиссия ундирилмайди.
Журналист ва шоир Акмал Тошев 37 ёшида вафот этди. Бош прокуратура унинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди. У шу пайтга қадар «Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бирлашган таҳририятида бош мутахассис вазифасида ишлаб келаётганди.
Хитойнинг King Long компанияси Ўзбекистонга 200 та 18 метрли «гармошкали автобус»ни март-май ойларида етказиб бериши кутилмоқда. Дастлабки партияни ишлаб чиқариш жараёнлари якунланди.
Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов 2022 йилнинг январидаги тартибсизликлар чоғида ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тошкент метрополитенининг 7-бекати (Қўйлиқ) 11 март, шанба кунидан кейинги шанба кунига қадар вақтинча ёпилади. Йўловчилар учун 6 ва 7-бекат оралиғида қўшимча автобус қўйиб берилади.
Тошкент шаҳрида фуқарони 20 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга юборишини ваъда қилган Жаҳон тиллари университети талабаси ва бошқалар қўлга олинди.
Бош прокуратура Тошкентда ўлик ҳолда топилган россиялик журналист Александр Нечаев «сурункали юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг сурункали ишемик касаллиги»дан вафот этганини маълум қилди.
Грузияда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Йиғилганлар буни «Россия йўлидан юриш» деб баҳолаган. Мамлакат президенти намойиш иштирокчиларини қўллаб-қувватлади. Лойиҳа парламентдан қайтариб олинди.
Жаҳон банки «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳаси учун 12 млн доллар ажратади. Бу иккита янги қуёш электр станциясидан (ҳар бири 6 млн доллардан) электр энергиясини сотиб олиш бўйича мажбуриятларни бажариш бўйича банк кафолатлари ҳисобланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг