Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов пойтахтда шахсий машиналар кўпайиб кетганини, эрталаб ишга боришда ва кечқурун қайтишда «тирбандликлар сабаб умуман юриб бўлмай қолганини» айтди. «Ўзининг машинасидан кўра, жамоат транспортида тезроқ бораман деб билса, тирбандликлар ҳам камаяди», — деди у.
1000 сўмлик тангалар, Ўзбекистоннинг асосий савдо шеригига айланган Россия, савдоси тўхтатилган «Док-1 Макс» дориси, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг учрашуви тафсилотлари, 2023 йил учун давлат бюджети, жасади ҳаммомдан топилган аёл ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
173 нафар қатағон қурбони оқлангани ҳақида ёзгандик. Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг айтишича, бу «Ўзбекистон халқини собиқ Иттифоққа нисбатан бўйсундириш мақсадида қилинган хатти-ҳаракатлардир». Тошкент Москвадан бошқа қатағон қилинганларнинг ҳам жиноят ишларини талаб қилиб олади.
Ноябрда Россия Хитойни ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорига айланди. Ўзбекистон етти ой ичида илк бор олтин экспортини йўлга қўйиб, бир ой ичида 556,7 млн долларлик қимматбаҳо металл сотди. Мамлакат МДҲ давлатлари экспорт бозорларига тобора кўпроқ қарам бўлиб бормоқда.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 2 ой ичида «Док-1 Макс» (Ҳиндистон) таблеткалари ва сиропини ичган 21 нафар болада асоратлар юзага келгани, 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Дори савдоси тўхтатилди, тергов бошланди.
Молиявий пирамида нима ва у қандай ишлайди? Унинг тармоқли маркетингдан қандай фарқи бор? Алданиб қолмаслик учун нима қилиш керак? «Газета.uz» ислом молияси бўйича эксперт, қатор халқаро ташкилотлар кенгаши аъзоси Хондамир Нусратхўжаев билан ҳамкорликдаги материалида ушбу саволларга жавоб беради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ва чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Бундан ташқари, ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Тошкентдаги музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари энергетика объектларини модернизация қилиш ва қуриш, геология-қидирув ҳамда табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олди.
Молия вазирлиги 2023 йилги давлат бюджетини тақдим этди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади. Унда ЯИМ 5,3%га ўсиши, инфляция даражаси эса 9,5% атрофида бўлиши режалаштирилмоқда. Давлат бюджети тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 3% миқдорида белгиланди.
Қонунчилик палатаси 2023 йилги давлат бюджетини 3 соатдан кам вақт ичида (3 ўқишда) муҳокама қилди ва тасдиқлади. Қонун лойиҳасининг ўзи салкам бир ҳафта олдин қуйи палатага киритилганди ва жамоатчилик муҳокамасига ҳам тақдим этилмаганди. Ҳужжат деярли бир овоздан, танқидларсиз қабул қилинди.
Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда қарор Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўтказган учрашувда қабул қилинди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Шукуржон Гаипов директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2018 йилдан ҳозиргача «Тошкент-1» ҳукумат терминали раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мирзо Улуғбек туманидаги яшил ҳудуд сақлаб қолинишини маълум қилди. Қурилиш ҳақидаги қарор аҳоли норозилиги сабаб эмас, дарахт кесишга мораторий киритилгани ва тадбиркор белгиланган муддатда қурилишни бошламагани учун бекор қилинган.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келиб, Шавкат Мирзиёев билан пойтахтдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди. Расмий кутиб олиш маросими Халқаро конгресс марказида бўлди.
Ўзбекистон Афғонистонга тўққизта махсус юк машинасида навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Уларни топшириш маросими Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудидида бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 22−25 декабрь кунлари Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норов бошчилигидаги делегация «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилишида иштирок этиш учун Япониянинг Токио шаҳрига ташриф буюради.
Марказий банк 26 декабридан бошлаб 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилишини маълум қилди. Тангалар минг сўмлик банкнотлар билан параллель равишда муомалада бўлади.
Тижорат банклари 22 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 245 — 11 280 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 310 сўм.
Касби туманида 28 ёшли аёлнинг жасади ҳаммомдан топилди. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 3 болали аёлни турмуш ўртоғи қасддан ўлдиргани аниқланди. Жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланди.
Ўзбекистон ноябрда Хитойга 39,6 млн долларлик газ экспорт қилганини маълум қилди. Хитой томони эса қарийб уч баравар юқори — 114,2 млн долларлик кўрсаткични келтирди. Давлат статистика қўмитаси бу фарқ бўйича изоҳ берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг