Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оёқлари комбайннинг янчувчи қисмига кириб кетган 35 ёшли эркак шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентда трамвай йўлларини қуради. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланмоқда. Линиялардан бири «Дўстлик» метро станциясидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтиши мумкин.
Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 40,1 млрд долларни ташкил этди. Жумладан, экспорт ҳажми қарийб $15,5 млрдга (+23,8%), импорт эса $24,6 млрдга (+21,2% га) етди. Ҳисобот даврида — $9,1 млрд қийматида пассив сальдо қайд этилди.
Ўзбекистонга АҚШдан 131 тонна озиқ-овқат ёрдамининг йиллик партияси етказилди. Кундалик калория ва оқсил миқдорини оширишга мўлжалланган сабзавот ва дуккакли ўсимликлардан иборат озуқавий аралашма силга чалинган беморларни даволаш муассасалари ҳамда «Саховат» ва «Мурувват» уйларига тарқатилади.
Франция Ўзбекистонга умумий қиймати салкам 800 млн еврога тенг 12 та Airbus А320neo ва А321neo самолётлари, шунингдек, 5 та ATR 72−600 самолётларини етказиб беради. Бундан ташқари, иккита Airbus H145 вертолётини харид қилиш режалаштирилган.
Марказий банк 2023−2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобил сценарийларини тақдим этди. Регулятор асосий эътибор иқтисодиётда нархлар барқарорлигига эришишга қаратилишини таъкидлаб, пул-кредит сиёсатида инфляцион таргетлаш жараёни давом этишини қайд этди.
Яккасарой туманида 2003 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 34 ёшли пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган вақтда вафот этди.
Наманган вилояти Поп туманида она ва унинг вояга етмаган фарзанди ҳамда меҳмонга келган қайнона ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ноябрь ойининг ўзида ис газидан 9 киши ҳалок бўлди.
NASA`нинг Orion космик кемаси Ойга учиб бориб, Ернинг сунъий йўлдоши атрофидан айланиб ўтди. Мазкур Artemis I миссияси одамларни Ойга олиб чиқиш, унда узоқ муддат қолиш ва Марсга кейинги парвозларни амалга ошириш лойиҳасининг бошланиши бўлади. Кейинги парвозда уни одамлар бошқариб бориши мумкин.
Янгиҳаёт туманидаги заводларнинг бирида 297,4 млн сўмлик 34,2 минг қути контрабанда тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди. Божхона қўмитаси ноқонуний олиб кириш ҳолатлари кўпроқ водий вилоятларида учрашини маълум қилди. Йил бошидан бери 19,2 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари олиб қўйилди.
Кўчмас мулк бозори таҳлили йил бошидан буён сотиш ҳажмининг 9,2 фоизга ўсганини кўрсатди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархи қарийб 20 фоизга ошди. Экспертларнинг фикрича, уй-жой ижарасига бўлган талабнинг ортиши октябрь ойида савдо ҳажмининг бироз пасайишига хизмат қилди.
Чоршанба куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги қурилиши тугалланмаган IT-парк биносининг 21-қаватида пенопласт қолдиқлари ёниб кетиб, 5 кв.м майдонни зарарлади. ФВБ ёнғинни 10 дақиқада ўчирди. Воқеадан ҳеч ким жароҳат олмади. Ҳозир унинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланяпти.
Тошкентдаги «Дўстлик» боғи яқинида Vinera Tower компанияси қурилиш учун ҳудуддаги 6 туп дарахтни рухсатномасиз бошқа жойга кўчириб, уларни нобуд қилгани маълум бўлди. Бунда табиатга 218,3 млн сўм зарар етказилгани аниқланди. Компания олдин ҳам дарахт кесгани учун 430,5 млн сўм жарима тўлаган.
Оққўрғонда тадбиркор кредитга олинган 100 та қорамолни сотиб, 2,3 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Тошкент шаҳрида эса корхона раҳбари банк кредити эвазига олинган металл маҳсулотларни 2,1 млрд сўмга сотиб, ҳужжатларни сохталаштиргани маълум бўлди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
23 ноябрь, чоршанба кунидан бошлаб «ТТЗ» — «Машинасозлар» метроси йўналишида ҳаракатланувчи автобуслар иш бошлади. Автобуслар фақат 4 та бекатда — «ТТЗ» бозори, «Буюк Ипак йўли» метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, «Ашхобод» боғи бекатларида тўхтайди. Йўл ҳақи 2500 сўмни ташкил этади.
D гуруҳидан жой олган Франция — Австралия баҳсида кўпчилик томонидан кутилганидек францияликларнинг қўли баланд келди. Ўйиндаги дастлабки голни австралияликлар киритди, бироқ Франция терма жамоаси ўйин тизгинини тезда ўз қўлига олди.
Тижорат банкларида 23 ноябрь куни доллар 11 260 — 11 265 сўмдан сотилмоқда. Сотиб олиш курси эса 11 180 — 11 240 сўм.
Россиянинг Псков давлат университетида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар «нотинч вазият» сабаб ўқишларини Ўзбекистондаги ОТМларга истисно тариқасида кўчиришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллашди. «Псков шаҳрига ҳам уруш ўз таъсирини ўтказмоқда», дея таъкидлаган улар.
Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Луврда «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмасини очдилар. Кўргазмадан Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги музейлардан келтирилган буюмлар ўрин олган. 70 та экспонат кўргазма учун махсус реставрация қилинди.
22 ноябрь куни бўлиб ўтган Дания — Тунис ҳамда Мексика — Полша баҳслари 0:0 ҳисоби билан якунланди. Биринчи ўйинда бир неча бор офсайд ҳолатида голлар киритилди. Иккинчи учрашувда эса Левандовский пенальтидан гол ура олмади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг