Давлат активларини бошқариш агентлиги жамоатчилик фикрини ўргангач, «Пахтакор» футбол клубини вақтинча савдодан чиқарди. Аввалроқ блогерлар клуб ва 24 гектар майдонда жойлашган стадионни бирга сотмасликни таклиф қилганди.
Президент экспорт масаласини «ҳаёт-мамотимиз» деб атади. «Агар валюта баланси, инвестиция ёки конвертацияни давом эттирамиз десак, экспортни импортга нисбатан барқарор ушлаб туришимиз керак», — деди у.
Ўзбекистоннинг туристик манзилларида меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат туризм марказлари қурилади. У ерда бренд дўконлар ва «duty free», тўй маросимлари учун ҳудуд, «олтин йўлак» бўлади. Қурилиш майдонлари бош вазир бошчилигида аниқланади.
Президент мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда 25 турдаги озиқ-овқатни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни бошлаш топшириғини берди. Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади.
Президент Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мурат Мирзаевни лавозимидан озод этишга кўрсатма берди. Давлат раҳбари ташкилот фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолганини танқид қилди.
Президент Экспорт агентлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга экспортни кредитлашга ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаётганини таъкидлади. Имтиёзли шартларда ажратилган ҳар 1 долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келмоқда.
Президент экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига мутасаддилар яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари бор.
Ўзбекистонда чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилмоқда. Ҳозирда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти чегарада 4 та идора — божхона, карантин, СЭС ва ветеринария органлари томонидан назорат қилинади.
Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида Экспорт агентлиги Савдони ривожлантириш компанияси сифатида қайта ташкил этилади.
Ўзбекистонда 2023 йилда 1,69 млн дона автотранспорт воситаси сотилди, бу 2022 йилга нисбатан 18 фоизга кўп. Электромобиллар савдоси 4,3 борабарга ошиб, 25,7 мингта электрокарни ташкил этди. Электромобилларнинг 71 фоизи пойтахтда сотилди.
Абдулла Ариповга экспорт ҳажмлари камайгани учун Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.
Президент 33 та дон корхоналарини хусусийлаштиришни тезлатиш бўйича топшириқ берди. У вазирлик ва ҳокимликлар активлари сотувининг сустлашиб бораётганини танқид қилди. Масалан, Тошкент шаҳрида 25 гектар ер аукционга қўйилиб, кейин қайтариб олингани сабабли бюджетга 600 млрд сўм келиб тушмаган.
Президент бош вазир ўринбосарига йил охиригача 70 та, 2025 йилда эса Ўзбекистоннинг барча туманлари бўйича мастер-режалар ишлаб чиқиш топшириғини берди. Шунингдек, у баъзи ҳокимлар пахта майдонларини электрон платформага интеграция қилиш тўғрисидаги фармонига зид иш тутаётганини айтди.
2021 йилда ташкил топган Fly Khiva авиакомпанияси Тошкент аэропортига биринчи Boeing 767−304 юк самолётини қабул қилиб олди. Компания Дубай, Истанбул, Деҳли ва Гонконгга юк рейсларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Президент боғчаларни текширишда «дежурний камчиликлар»ни аниқлайдиган Давлат молиявий назорати инспекцияси (КРУ) фаолиятини «мутлақо қониқарсиз» деб атади. «259 та боғчада аниқланган 10 млрд сўмлик камчилик аслида 100 млрд сўмлик бўлган». Давлат раҳбари тизимда коррупция юқорилигини таъкидлади.
Ўзбекистонда яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига 30 трлн сўм, ялпи ички маҳсулотга 135 трлн сўм зарар етказилган. Деярли 11 мингта корхона (41 фоиз) ҳисоботларида фақат 1 кишини ишчи сифатида кўрсатган. «Яширин иқтисодиёт тўғри ишлаётган тадбиркорларга катта тўсиқ бўляпти», — деди президент.
Давактив «Пахтакор футбол клуби» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилганини маълум қилди. Клубнинг янги эгаси академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлади.
Шароф Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилади. Улар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишларини қониқарсиз ташкил этган.
Президент бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бу мамлакатларга бор-йўғи 9 минг ишчи юборилган.
Шавкат Мирзиёев «Донмаҳсулот» таркибидаги савдога чиқарилган 43 та корхонадан бор-йўғи 10 таси сотилганини, айримлари 2−3 йилдан бери сотилмасдан турганини, бунга сабаб эса хусусий секторга бермаслик учун нархи сунъий ошириб юборилганини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг