Марказий банк Telegram`да регулятор номидан сохта канал очилиб, фуқароларга кредит таклиф этилаётгани ва банк карталарига оид маълумотларни олиш орқали пуллар ўзлаштирилаётганидан огоҳлантирди. Шунингдек, ўзини МБ ходими сифатида таништириш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми босқичма-босқич камайиши кузатилмоқда, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида. Ўтказмалар миқдоридаги камайиш Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қисқаргани, сўм курсининг рублга нисбатан мустаҳкамлангани ва рубль инфляцияси билан изоҳланган.
Ўзбекистон газ, нефть ва газ конденсатини қазиб олишни қисқартиришда давом этмоқда. Ноябрь ойида бу ҳажм 3,79 млрд куб метрни ташкил этди (2022 йил ноябрига нисбатан 10,2 фоизга кам), йил бошидан буён эса пасайиш 4,5 млрд куб метрдан ошди. Ўтган ойда бензин ишлаб чиқариш ҳам камайган.
Электр ҳисоблагичлар харид қилишни тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли маблағлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф қилинмоқда. Бунга молиявий имкониятлар етишмаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. 2024 йилдан бизнес учун газ ва электрга 100 фоиз олдиндан тўлов тизимини қайтариш ҳам режа қилинмоқда.
2023 йилнинг 11 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,3 млрд долларга (+26,2 фоиз) етди. Импорт экспортдан қарийб 11 млрд долларга ошди. Олтин экспорти 2,3 баравар кўпайиб, рекорд даража — 8,1 млрд долларни ташкил этди. Самолётлар, автомобиллар, нефть ва бошқа ресурслар импорти юқорилади.
Жўрабек Мирзамаҳмудов нега Ўзбекистон октябрь ойида Россиядан ҳам газ импорт қилишни бошлаганига изоҳ берди. «Асосий сабаб — ортиб бораётган талаб, ўсиб бораётган истеъмол», — деди энергетика вазири. У, шунингдек, Россиядан газ олиб келиш учун тайёр инфраструктура бўлганини қайд этди.
Президент IT соҳасига доир йиғилишда маҳалла қўмиталари ходимлари планшет ва компьютерлар билан таъминланса ҳам, рақамли ечимлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини танқид қилди. «Рақамли маҳалла» тизимини ишга тушириш, «Халқ назорати» платформасини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш учун 1 апрелдан айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилмоқда, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унга кўра, бу биринчи босқичда давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга қўлланилади.
2024 йилдан IT компаниялари бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади. 50 дан ортиқ мутахассисни ишли қилган компанияларнинг бир йиллик иш ҳақи харажатининг 15 фоизгача қисми қоплаб берилади. Шавкат Мирзиёев соҳа учун 65 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ҳақида бормоқда.
Сенатда Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 3 фоиздан 5,5 фоизга ўзгартириш кўзда тутилган қонун қабул қилинди.
Сенаторлар давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бюджет даромадлари 375,0 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 427,6 трлн сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда консолидациялашган бюджет 52,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилди.
Президент 2024 йилда темирйўл ва авиатранспорт ҳажмини 20 фоизга ошириш бўйича топшириқ берди. Бунга эришиш учун Тошкент ва вилоятлар марказлари ўртасида камида иккита, вилоятлар ўртасида ҳафтасига битта рейс йўлга қўйиш, камида 7 та самолёт ва 6 та тезюрар поезд олиб келиш режалаштирилмоқда.
Президент оилавий тадбиркорлик учун гаровсиз кредитнинг максимал миқдори 33 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилишини маълум қилди. У, шунингдек, «бизнесга қадам қўяётган» якка тартибдаги тадбиркорларга кредит бериш таклифини маъқуллади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ноябрь ойида автомобиллар сотуви 147,5 мингтани ташкил этиб, октябрь ойига нисбатан 19 фоизга пасайганини маълум қилди. Электромобиллар сотуви кетма-кет учинчи ой пасайди.
Ўзбекистонда брендлар номи остида ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга қатор имтиёз ва енгилликлар берилади. Хусусан, уларнинг халқаро стандартларни жорий қилишдаги харажатлари қоплаб берилади ҳамда хомашёлари божхона тўловларидан озод қилинади.
Савдо-саноат палатаси президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди, унга кўра тадбиркорлик субъектларига «амнистия» эълон қилиш ва Солиқ кодексининг 227−1-моддасига асосан белгиланган 400 млрд сўмлик жаримани ҳисобдан чиқариш режалаштирилган. Моддада белгиланган жазони енгиллаштириш ҳам таклиф этилмоқда.
Тошкент шаҳрида «пуфак индекси» уй-жой нархлари пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда, дейилади МҲТИ ҳисоботида. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали квартира сотиб олиш учун керак бўладиган вақт 10 йилгача етган (ўртача иш ҳақига нисбатан).
Марказий банк кўрсатмаларга амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли битта тижорат банкининг айрим операцияларни амалга оширишига чекловлар киритди. Шунингдек, регулятор 4 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима қўллади.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг икки нафар масъул ходими ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шуъбаси собиқ раҳбарини қўлга олди. Улар ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумон қилинмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг