Ўзбекистон учинчи чорак якунларига кўра олтин харид қилиш бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллади. Марказий банк ушбу даврда 7 тонна олтин сотиб олган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2024 йилги давлат бюджети лойиҳасини эълон қилди. ЯИМ ўсиши 5,6−5,8 фоиз, инфляция 8−10 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегарасини 3 фоиз ўрнига 4 фоиз (52,5 трлн сўм) даражасида тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда Ўзбекистонда 2023 йил 20 та, 2024 йилда 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалаштирилгани, бироқ айрим лойиҳалар кечикаётгани айтилди. Вилоят ҳокимлари яқин ойларда бу йилги 20 та станция ишга туширилиши ҳақида ахборот берди.
Ўзбекистонда жисмоний шахсларга қиймати 100 млн сўмгача бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан олиб чиқишга рухсат берилди. Шунингдек, ЯТТлар ўз заргарлик буюмларини декларацияни тўлдирган ҳолда маълумотларни ТСОЯЭАТга киритмасдан четга сотиш учун олиб чиқишлари мумкин.
1 ноябрдан Тошкент жамоат транспортида банк карталари орқали тўлов қилинса, йўл ҳақи нархи АТТО картаси билан тўлангани каби бўлади — 1700 сўм. Бироқ бир соат ичида бошқа транспортга ўтишдаги чегирма фақат АТТО учун амал қилади.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регуляторда нобанк ташкилотларга валюта айирбошлаш шохобчалари очишга рухсат бериш нияти йўқлигини маълум қилди. Шунингдек, у банклар валюта айирбошлаш шохобчалари сонини ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб кўпайтиришини таъкидлади.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов тўртта банк устав капиталини ўз вақтида талаб этилган даражагача оширмаганини маълум қилди. «Пойтахт банк» сотувга қўйилгани учун унга нисбатан санкциялар қўлланмаган, яна иккита банкка эса мажбурият қўйилган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини йилига 3 млрд долларга етказмоқчи. «Толибон», шунингдек, Афғонистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун тўловларни камайтиришни сўраган.
Humo тўлов тизими фаолиятидаги муаммолар дастурий таъминот тўлиқ янгилангани билан боғлиқ, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
Учинчи чоракда Ўзбекистон Марказий банки 19,5 трлн сўмга олтин сотиб олди, бироқ 22,8 трлн сўмлик (1,9 млрд доллар) валюта интервенцияларини амалга оширди.
Интернетда 30 октябрдан бошлаб Chevrolet автомобилларини харид қилиш бўйича шартномалар қайта тикланиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. UzAuto Motors компанияси бу маълумотни рад этиб, дилерлик марказларида катта навбатлар ҳосил бўлганини маълум қилди.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Грузиядан Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлади. Грузия томони ўзбек бизнесига Қора денгизда порт ва терминаллар қуришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон ва Евроиттифоқ иқлимга безарар саноат, рақамли технологиялар, аэрокосмик ва мудофаа соҳаларини ривожлантириш учун зарур бўлган фойдали қазилмалар — муҳим хомашё соҳасида ўзаро англашув меморандумини муҳокама қилишни бошлади.
Иқтисодчи Сергей Гуриевнинг таъкидлашича, цензура шароитида ўтказилган ижтимоий фикр сўровномалари асосидаги хулоса чалғитувчи бўлади. У бунга мисол сифатида совет даврини кўрсатади: ўша вақтда ҳамма оғизда компартияни қўллаган, лекин иттифоқ парчалаганида унинг ҳимояси учун ҳеч ким кўчага чиқмаган.
Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари билан танишди. 2024 йил охиригача электр энергиясининг ягона савдо майдончасини яратиш, 2026 йилгача эса эркин улгуржи бозорни жорий этиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш хизмати ишга туширилди. Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат қилади ва мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.
Марказий банк келгуси йилларда пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини оширишда имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш ва бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтиш борасида чораларни давом эттиришини билдирди.
Ўзбекистон Марказий банки 16 та банкни мижозларга кредит ва омонатлар ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ошкор этмагани учун жаримага тортди.
Марказий банк бир нечта омилни инобатга олиб, 2 та сценарий асосида кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишларини ишлаб чиқди. 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш даври асосий сценарийда 2025 йилнинг иккинчи ярмига, муқобил сценарийда 2026 йил якунига тўғри келиши кутилмоқда.
Humo Air лоукостери 2024 йил бошига қадар тўртта Airbus 320/321 лайнерига эга бўлади. Авиакомпания Самарқанд, Бухоро, Қарши, Нукус, Урганч ва Термизга кунлик мунтазам қатновларни йўлга қўймоқчи. Келгуси йилда халқаро йўналишларда мунтазам рейсларни амалга ошириш режаси ҳам бор.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг