«Менинг биринчи уйим» дастури бўйича президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Имтиёзли уйлар сўнгги 5 йилда уй-жойга эгалик қилмаган оилаларга 20 йил муддатга бўлиб тўлаш шартида сотилиши, ойлик тўловнинг бир қисмини қоплаш учун 5 йил давомида ҳар ой 1 млн сўм субсидия ажратилиши кутилмоқда.
18 декабрдан QIWI Uzbekistan иловаси фаолияти тўхтайди. Компания фойдаланувчилардан Uzcard ва HUMO карталарига пул ўтказиб олишини сўради. Хизмат илованинг ёпилишини Ўзбекистон Марказий банки томонидан халқаро пул ўтказмаларига жорий этилган тақиқдан кейинги чекланган функционаллик билан изоҳлади.
UzAuto Motors Chevrolet Onix`нинг бешта позицияси нархини сезиларли даражада оширди. Энди энг арзон Onix 149 млн сўм ўрнига 177 млн сўмдан сотилмоқда. Компания нархларнинг ошиши сабабларини очиқламади.
Ўзбекистонга газ етказиб бериш бошланиши билан «Газпром» Россия газ транспорти тизимидаги оқимларни қайта конфигурация қилиш, шунингдек, мамлакатдаги ерости газ сақлаш тизими ишини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди, деди «Газпром ПХГ» бош директори Игорь Сафонов.
Президент Жиззах вилоятида 550 МВтлик буғ-газ электр станциясини қуриш тўғрисидаги қарорни имзолади. Инвестор ва лойиҳа компанияси 500 млн долларлик инвестиция жалб этиш мажбуриятини олади, давлат компаниялари эса 25 йил давомида электр энергияси сотиб олиш, газ ва сув етказиб беришни кафолатлайди.
Humo тўлов тизими хакерлар Ўзбекистон банкларига ҳужум қилгани ва Humo карталаридан йирик миқдорда пул ўғирлагани ҳақидаги хабарларни рад этди. Марказий банк ҳам банклар ва тўлов тизимларига ҳеч қандай киберҳужум бўлмаганини билдирди.
Ҳокимликларга аҳоли ва бизнесдан «снос» ёки мулкни олиб қўйиш бўйича қарзи бўлган ҳолатда, бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмидан маблағ сарфлаш тақиқланади. Ўзбекистон ҳукумати қонун ҳужжатларига бу бўйича тегишли ўзгартиришлар киритади.
Россиянинг Ozon маркетплейси Ўзбекистон ҳудудида фаолият бошлади. Компания 2024 йилда мамлакатда ўзининг логистика инфратузилмасини, жумладан, омбор мажмуалари ва етказиб бериш хизматларини, шунингдек, брендланган топшириш пунктларининг франшиза тармоғини ривожлантириш ниятидалигини маълум қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилги давлат бюджети лойиҳасида «декрет пули» прогнози қисқарганини изоҳларкан, 2023 йилда хусусий секторда ишлаётган 130 минг аёлга 300 млрд сўм ажратиш режалаштирилгани, бироқ 9 ойда атиги 12 минг аёлга 24,6 млрд сўм нафақа берилганини қайд этди.
Марказий банк Brio Group МЧЖнинг (Oson бренди) тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензиясини тиклади. Компания лицензиясининг амал қилиш муддати 17 октябрда тўхтатиб қўйилганди. Ундан аввал эса Oson`га қонун талабларини бузгани учун жарима санкцияси қўлланган.
Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун янги воситаларни жорий этиш мақсадида бизнесни ривожлантириш компанияси ташкил этилмоқда. У капитални молиялаштириш, хизмат ипотекаси ва бошқа ёрдамларни кўрсатади. Компания бюджетдан 1,2 трлн сўм ва 100 млн долларлик кредитлар олади.
Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов мамлакатнинг ғарбий вилоятларини Ўзбекистон билан боғлаш учун Бейнеу-Шалкар автомобиль йўли қурилишини маълум қилди. Бу йўл Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги шакллантиришни якунлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл компаниялари раҳбарлари Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф темирйўлининг бир қисмини таъмирлашга келишиб олди. «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев таъмирлаш ишларини «сифатли, қулай нархда ва 50 фоизлик чегирма билан амалга оширишга» ваъда берди.
Туркиянинг Albayrak Holding компанияси Ўзбекистон шаҳарларида йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларни ўрнатиш лойиҳасини амалга оширмоқда.
2024 йил 1 январдан микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади. Шунингдек, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ишлаб чиқилади.
ACWA Power компанияси акциядори бўлмиш Vision invest холдинги Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишни бошқариш учун Тошкентда минтақавий ваколатхонасини очмоқда.
Туркиянинг Aksa Enerji компанияси Қашқадарё вилоятида қуввати 400МВт бўлган газ поршенли электр станцияси қурилишига 250 млн доллар сармоя киритади. Компания аввал Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳам иккита ИЭС қурган.
Президент боғ ва токзорларни йилига камида бир марта хатловдан ўтказиш, самарасиз деб топилса, ер солиғидан берилган имтиёзни бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шунингдек, гўшт, тухум ва сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, кредитлар муддатини ошириш ва бошқа вазифаларни белгилади.
Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматини ёлғондан чақирганлик ҳолатлари юзасидан низом ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ёлғон мурожаат қилганларни хизматнинг бир марталик чақирув харажати — бугунги кунда 178 минг сўм миқдорида жаримага тортиш таклиф этилмоқда.
Марказий банкнинг валютани сотиб олиш шартларини ўзгартиришга оид лойиҳаси фонд бозорига аллақачон салбий таъсир кўрсатди, деди «Тошкент» фонд биржаси раҳбари Георгий Паресишвили. У конвертацияни мураккаблаштириш инвесторларни чўчитишини таъкидлади ва жараённи соддалаштириш тарафдори эканини айтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг