Ўзбекистоннинг халқаро захиралари декабрь ойида 290 млн долларга камайиб, 2024 йил якунига кўра 41 млрд 181,6 млн долларни ташкил этди. Йил давомида олтин нархининг кўтарилиши фонида резервлар қиймати 6,6 млрд долларга кўпайди.
Депутатлар электрон сигареталар (тамакини иситиш тизимлари эмас, вейплар) муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Соғлиқни сақлаш вазири бундай сигареталар ёшлар орасида кенг тарқалганини айтиб, уларнинг зарари ҳақида маълумот берди.
Марказий банк бир мижозга бериладиган банк карталари сонини вақтинча чеклади. Энди бир банкда 5 тагача, жами эса 20 тагача, шу жумладан, виртуал ва кобейджинг карталарини (валюта карталаридан ташқари) олиш мумкин. Агар бир йил давомида картадан фойдаланилмаса, банклар уларни блоклайди.
Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки иштирокида «Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун банк ва Ислом бирдамлиги тараққиёт жамғармаси 40 млн доллар ажратади.
Ўзбекистон Марказий банки ноябрь ойида 9 тонна олтин сотиб олди ва ушбу қимматбаҳо металлни энг кўп харид қилган иккинчи давлат бўлди.
Давлат қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлайди. Ҳукумат қарорига кўра, «яшил» истеъмол кредитлари ажратиладиган хизматлар тури кўпайтирилмоқда.
Qanot Sharq авиакомпанияси А320 самолётларига техник хизмат кўрсатиш туфайли январь-март ойларига мўлжалланган 20 дан ортиқ рейсини тўхтатади. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон шаҳарларидан Москва ва Санкт-Петербургга бориб қайтиш рейсларидир.
Ўзбекистон президенти вазирлик, идора ва ҳокимликларга 2025 йилда бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш топшириғини берди. Давлат органларига иш ҳақини ошириш, хизмат автомобиллари, қимматбаҳо мебель ва офис жиҳозларини сотиб олиш бўйича таклифлар киритиш тақиқланади.
Ўзбекистонда «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Алоқабанк»ни хусусийлаштириш яна кейинроққа қолдирилди. Мамлакатнинг бу йирик давлат банклари акциялари 2025 йилда сотилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистоннинг айрим банкларида АҚШ долларининг сотув курси 13 000 ва ундан юқори этиб белгиланди. Сотиб олиш курси эса 12 940 сўмгача кўтарилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 1 февралдан бошлаб поезд чипталари нархи яна оширилишини маълум қилди. Хусусан, «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари эса 30 фоизга кўтарилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2027 йилда ишга туширилиши кутилаётган янги темирйўл қурилади. Линиянинг қурилиши мавжуд Сариағаш — Тошкент участкасидан юкларни янги тармоққа йўналтириш ва Ўзбекистонга экспорт ташиш ҳажмини ошириш имконини беради, дея таъкидлади ҚТЙ.
«Тошкент-Шарқий» аэропорти рўпарасида, «Янги Ўзбекистон» боғи яқинида қурилаётган 25,5 гектар ер участкаси 522,7 млрд сўмга сотилди. Аукционда битта таклифдан сўнг Valid Trading ғолиб бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1 июлдан бошлаб электрон тижорат операторлари сифатида фақат Ўзбекистон резидентлари — давлат рўйхатидан ўтган юридик шахслар фаолият юритиши мумкин.
2025 йил 1 январдан бошлаб бино ёки автомобилни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун энг кам ижара ставкалари оширилди. Халқ депутатлари кенгашлари ижара ставкаларига оширувчи коэффициентларни қўллашлари мумкин бўлади.
2025 йилда «Афросиёб» тезюрар поезди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида тўхтаб ўтишни бошлайди. Шунингдек, Самарқанд ва Каттақўрғон ўртасида электропоезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд ҳокимлиги президент қарорига (жамоатчилик учун очиқ эмас) таяниб маълум қилди.
Президент 2025 йил учун давлат бюджети ижросини таъминлашга доир йиғилиш ўтказди. Маҳаллий бюджетлар даромадини ва мустақиллигини ошириш, харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш режалаштирилмоқда. Давлат бюджети бу йил ҳам аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади, деди Мирзиёев.
1 февралга қадар туман банклари филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга «маҳалла банкирлари» тайинланади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган «ёрдамчи-агентлар» танлаб олинади.
Ўзбекистон ҳукумати кечикиб бўлса-да, белгиланган лимитдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун қўшимча тўловлар миқдорини пасайтирди. Лимитнинг ўзи эса оширилди.
2024 йил якунига кўра Ўзбекистонда паловнинг ўртача нархи 15,6 фоизга ошди, дея хабар бермоқда Статистика агентлиги. Ошнинг энг юқори нархи Тошкентда, энг пасти эса Наманганда қайд этилди. Палов индекси мамлакатда харид қобилияти паритетини аниқлашнинг норасмий усули ҳисобланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг