«Даврбанк» томонидан кафил ёки биргаликда қарз олувчи ҳисобланмаган фуқароларнинг банк карталари уларнинг розилигисиз жисмоний шахсларга ажратилган кредит қарздорлигини сўндириш учун бириктирилиб, маблағлар ечиб олиш амалиёти йўлга қўйилгани аниқланди. Марказий банк «Даврбанк"ка нисбатан жарима санкцияси қўллади.
Рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган компанияларга молиявий жарималар қўлланилади. Янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонунда молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартиблари баён этилади. Аввал тақдим этилган имтиёз ва преференциялар қайта кўриб чиқилиб, қисман бекор қилинади.
«Ўзбекнефтегаз», «Иссиқлик электр станциялари» ва Uzbekistan airways компанияларини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Қолаверса, UzAuto Motors акцияларининг бир қисмини сотиш, Тошкент ва ҳудудий халқаро аэропортларни хусусий сектор бошқарувига бериш кўзда тутилган. Автомобиль йўллари қўмитаси унинг таркибидан пудрат ва ишлаб чиқариш корхоналарини чиқариш орқали ислоҳ қилинади.
Давлат корхоналарининг квазифискал харажатлари яхшироқ назорат қилинади, давлат корхоналарига уларнинг фаолиятига мос келмайдиган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ва қуриш тақиқланади. Президентнинг янги фармони билан давлат корхоналари учун бошқа тақиқ ва чекловлар ҳам жорий этилмоқда.
Президент «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясини трансформация қилиш, ривожлантириш ва хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Тариф сиёсатини такомиллаштириш ва ташувларни франшиза асосида хусусий секторга бериш кўзда тутилмоқда. Шавкат Мирзиёев августда компания раҳбарига юк ташишдаги монополияни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берганди, бироқ ҳозиргача ўзгариш бўлмади.
Украинадаги уруш оқибатлари туфайли март ойида жаҳон бозорида буғдой, маккажўхори ва ўсимлик ёғи нархлари рекорд даражага кўтарилди, дея маълум қилди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти. Шунингдек, шакар, гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари индексида сезиларли ўсиш кузатилган. Ташкилот 2022 йилда глобал миқёсда дон маҳсулотлари етиштириш ва истеъмол бўйича прогнозларини тақдим этди.
Тошкентдаги меҳмонхона ва ҳостеллар бандлиги март ойининг сўнгги кунларида 83,6 фоизни, республикада эса 70,8 фоизни ташкил этди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу рақамлар туризм соҳасининг тикланишидан далолат беради. Йил охиригача Ўзбекистонда 4,5 миллионгача сайёҳ келиши кутилмоқда.
Россия Марказий банки асосий ставкани 20 фоиздан 17 фоизга туширишга қарор қилди. Регулятор буни инфляциянинг секинлашиши, жумладан, рублнинг мустаҳкамланиши билан изоҳлади. Мамлакат Марказий банки яқин келажакда ставкаларни янада пасайтиришга рухсат бериши мумкин.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси кетма-кет тўртинчи кун пасайиб, 11 344,69 сўмга тенг бўлди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди. Рубль курси эса кўтарилиб, 147,94 сўмни ташкил қилди.
Наманган вилоятининг Норин туманида маҳаллий ҳокимият Iftihor Kiyim Sanoat кластерини бошқа бир кластер — Uztex Uchkurgan билан уч йилдан буён ишлаб келаётган фермер хўжаликларига бириктирмоқчи бўлмоқда. Кластерларни ўзгартириш бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томонидан имзоланган йиғилиш ёпиқ баённомасида кўзда тутилган. Uztex 2022 йил учун фермерлар билан тузилган шартномаларнинг бир қисмини молиялаштиргани, бироқ вилоят ҳокими ён беришни истамаганини маълум қилди. Фермерларнинг айтишича, улар жорий кластердан мамнун. Iftihor Kiyim Sanoat эса «бу ерларни сўрамаганликларини» билдирди.
ОТБ прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши секинлашиб, 4% ни ташкил этиши кутилмоқда. Ўсиш суръатининг секинлашиши мамлакатда хусусий истеъмолнинг қисқариши ва натижада саноат ҳамда хизматлар соҳаси кенгайишининг чекланиши билан изоҳланган. Банк мамлакатга «яшил ўсиш» ва хусусий секторнинг ривожланиши ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини ўрганди. Совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинлари зарар кўрмаган.
Осиё тараққиёт банки Сурхондарё (111 км) ва Бухоро (87 км) вилоятларидан ўтувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 273,8 млн доллар миқдорида қарз маблағларини ажратмоқда.
6 апрель куни АҚШ, Буюк Британия ҳамда «Катта еттилик» мамлакатлари Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Унга кўра, «Сбербанк» ва Альфа-банк активлари музлатилади, Россияга инвестиция киритиш тақиқланади. Бундан ташқари, Россия бош вазири Михаил Мишустин, Дмитрий Медведев, Владимир Путиннинг қизлари, Сергей Лавровнинг турмуш ўртоғи ва қизи ҳам санкцияга тушган. Батафсил «Газета.uz» материалида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,51 сўмга пасайиб, 11 370,56 сўмни ташкил қилди. Шуниндек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
«Global Money Week-2022» доирасида Марказий банк томонидан 12−15 апрель кунлари ёшлар учун молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинади. Маҳорат дарслари ҳар бир вилоятнинг «Ёшлар марказ"ларида ўтказилади. Дарсларда қатнашувчиларга пул билан тўғри муносабатлар ҳақида билим ва кўникмалар берилиши айтилди.
UzAuto Motors санкциялар режимига амал қилиш доирасида Россияга автомобиль сотишни тўхтатди, деб хабар берди Eurasianet.
Бутунжаҳон олтин кенгашининг ойлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон февраль ойида 22 тонна олтин сотган ҳолда дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. 1 март ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин захиралари 339 тонна ёки 20,72 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Сенат раиси Танзила Нарбаева коррупциявий жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилганини маълум қилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри порахўрлик эмас, балки фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайгани айтилди.
Президент фармони билан 1 апрелдан маҳаллий корхоналарга Европа Иттифоқига юқори қўшилган қиймат маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизи, қўшни давлатларга ташишда эса харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади. Қолаверса, божхона омборида 6 ой турган товарларга имтиёз қўллашни тақиқловчи тартиб ҳам бекор бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг