2022 йилнинг март ойида инфляция кўрсаткичи 1,5 фоизни, йиллик нисбатда (2021 йилнинг март ойига нисбтан) 10,5 фоизга етди. Ой давомида шакар нархи 12,8 фоизга кўтарилган. Шунингдек, март ойида ун нархи 2 фоиз, сут 2,5 фоиз, кунгабоқар ёғи 3,1 фоиз, пахта ёғи нархи 2,1 фоизга ошган бўлса, тухум нархи — 0,9 фоизга пасайган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,59 сўмга кўтарилиб, 11 404,61 сўмни ташкил қилди. Евро ва рубль курслари эса пасайди.
ЕТТБ Украинадаги уруш Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатишини прогноз қилмоқда. Банкнинг минтақа мамлакатлари бўйича қайта кўриб чиқилган прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6 фоизга эмас, 4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Россия иқтисодиётида юзага келадиган турғунликнинг минтақа мамлакатлари иқтисодиётига таъсири 2023 йилда ҳам сақланиб қолади.
Президент бюджет харажатларини 10 трлн сўмга қисқартириш зарурлигини таъкидлади. Шунга кўра, йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш тақиқланди. Қолаверса, улар молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошламаслиги керак.
Президент жаҳондаги нобарқарор вазиятда Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва ташқи хатарларни юмшатиш бўйича топшириқлар берди. Жумладан, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божлари қайта кўриб чиқилади, тадбиркорларга 10 трлн сўм «револьвер» кредитлар берилади. Йил якунигача Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётганларнинг дебитор қарздорлиги учун жарима ва пеня қўлланилмайди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Ўзбекистон билан «Бухоро — Мискин — Урганч — Хива» темир йўл линиясини электрлаштиришга қаратилган 108 млн долларлик кредит шартномасини имзолади.
Ўзбекистон январь-февраль ойларида қиймати 5,9 млн долларлик 228 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг 95 фоизга яқини Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 150 тага кўпроқ электромобиль олиб келинган.
Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Навоий ва Қашқадарёда сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда чорвачилик тармоғига иқлимий инвестицияларни молиялаштириш бўйича қўшма ишларни амалга оширишга қаратилган иккита битим имзоланди.
Италиянинг Сардиния оролида россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг мол-мулклари мусодара қилинди. Жумладан, тадбиркор 17 млн евролик вилласи ва 66 млн евролик активлари бўлган олтита компаниясидан айрилган. Шуниндек, пулемёт ва қўл гранаталари ҳужумларига бардошли қиймати 600 минг доллардан зиёд Mercedes Maybach S650 Guard VR10 автомобили ҳам олиб қўйилгани айтилмоқда.
30 март кунидан амал қилувчи курсларга кўра, 25 февралдан бошлаб ҳисоблаганда рублнинг энг кўп мустаҳкамланиш ҳолати кузатилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров рубль курсининг мустаҳкамланиши сабабларини келтириб ўтди. Рус иқтисодчиси Дмитрий Полевойнинг фикрига кўра, рубль курси олдинги 70+ [бир доллар учун рубль] даражасига қайтиши мумкин. «Бунинг учун ҳеч қандай техник тўсиқлар йўқ», — деди у.
Рублнинг сўмга нисбатан расмий курси 7,51 сўмга кўтарилиб, 136,08 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам яна кўтарилди. Доллар курси эса 11 400,21 сўмгача арзонлади.
Uzcard NFC технологияси бўйича контактсиз тўловни қўллаб-қувватловчи янги турдаги картани тақдим этди. Компания маълум қилишича, мижоз банкка мурожаат қилган вақтдан мазкур картани фаоллаштиришга қадар бўлган муддат 5 дақиқани ташкил этади. Ушбу карталарнинг рақами ҳам одатдагидек 8600 дан эмас, балки 5614 дан бошланади.
ДХХ Боёвут туманида хорижий корхона ва маҳаллий МЖЧ биргаликда қуён етиштириш ниқоби остида ноқонуний майнинг ферма ташкил этганини аниқлади. Бунинг оқибатида фермада 2020 йилнинг августидан бери 7,7 млн долларга тенг криптовалюта ишлаб чиқарилгани, қолаверса, катта ҳажмдаги электр энергияси учун паст нархда тўлов қилиш орқали давлат манфаатига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани айтилмоқда.
Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Тошкент вилоятида янги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ҳамда Сирдарё вилоятида яна бир ИЭС қурилишини бошлади. Туркия ва Ўзбекистон президентлари рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги ИЭСни ишга туширди ва Ховос туманидаги ИЭС қурилишини бошлаб бердилар.
Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамраев дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар Ўзбекистон иқтисодиётига учта канал: валюта курси, инфляция ва молиявий барқарорлик орқали салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади. У валюта курси ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида регулятор қандай чора-тадбирлар кўраётгани хусусида маълумот берди. Бундан ташқари, Марказий банк ЯИМ ўсиши, инфляция ва инвестициялар оқими бўйича прогнозларини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation ва Kyuden International консорциуми билан Сирдарё вилоятида 1,6 ГВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолади.
Марказий банк таҳлиллари қарз юки бўйича Ўзбекистон молия тизимига таъсир кўрсатиши ва тизимли молиявий заифликларга олиб келиши мумкин бўлган бир қатор хатарлар мавжудлигини кўрсатди. Улар бир қарз олувчига тўғри келадиган кредит шартномалари сонининг ортиши, товар ва хизматларни муддатли тўлов асосида харид қилиш, муаммоли кредитлар ва бошқа омиллар билан боғлиқ.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 31,63 сўмга пасайиб, 11 442,67 сўмни ташкил этди. Евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
ЕТТБ Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида янги санитария полигонларини қуриш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғадиган махсус ускуналар харид қилиш учун умумий қиймати 120 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳажми 2021 йилда 16% га ошиб, 40 млрд долларга яқинлашди. Бу ЯИМнинг 57 фоизини ташкил этади. Хусусан, 2021 йилда давлат ташқи қарзи 11% га ошиб, 23,7 млрд долларга етган. Хусусий ташқи қарз 2021 йилнинг бошига нисбатан 24 фоизга ўсиб, 15,8 млрд долларни ташкил этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг