Президент ҳузурида 2025 йилда Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 1,5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, бу орқали иш ўринлари ва корхоналар яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 44 та мактаб ва боғча таъмирланиб, ДХШ асосида янгилари қурилади.
Қирғизистон ЕОИИдан ташқарига кўмир экспортига олти ойлик тақиқ жорий қилди. Чеклов «Ўзкимёимпекс» 2023 йилда кўмирни тўғридан-тўғри етказиш бўйича келишувга эришган «Қирғизкўмур»га таъсир қилмайди. Мамлакат тошкўмир экспортининг 85%, қўнғир кўмирнинг 95,7% қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.
BYD компанияси Тошкентдаги фестиваль доирасида ўзининг автомобиллари кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон бозори учун янги моделларини тақдим қилди. Улар 2025 йилда сотувга чиқиши режа қилинмоқда. Намойиш 25 ноябргача давом этади. Фото.
Йил бошидан буён Ўзбекистонга газ импорти 1,36 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йил 10 ойидаги кўрсаткичдан 2,4 баравар кўп, дея хабар берди Статагентлик. «Кўк ёқилғи» экспорти 540,4 млн долларгача (+17,9%) ошди. Ҳукумат аввалроқ 2025 йилда газ экспортини тўхтатиш режасини эълон қилган эди.
Октябрь ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи пасайишда давом этиб, 3,6 млрд кубометрга етди (2023 йил октябрь ойига нисбатан 5% кам). Бензин ишлаб чиқариш кетма-кет учинчи ой қисқармоқда. Қуёш ва шамол станциялари ҳисобига электр қуввати ишлаб чиқариш кўпайди.
Энергетика вазирлиги иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини рад этди. «Иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларга ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бош вазир Абдулла Арипов касбий маҳорат ва чет тилларига ўқитиш учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.
UzAuto Motors 22 ноябрь куни соат 10:00 да Cobalt Style ва Midnight модификациялари учун онлайн шартнома очилишини эълон қилди.
Тошкентдаги Lotte меҳмонхонасининг давлат улуши 20 млн долларга сотилди, деб хабар қилди Давактив. Унинг харидори Alfa Invest суғурта компанияси бўлди.
Ўзбекистон октябрь ойида 833,4 миллион долларлик олтин сотди. Йил бошидан буён қимматбаҳо металл экспорти ҳажми $6,6 млрддан ошди. 10 ойда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $54,36 миллиардни ташкил этди.
Давактив International меҳмонхонаси хусусийлаштирилганини маълум қилди. Уни 26 млн доллар эвазига Smart Fast Stroy қурилиш компанияси сотиб олди.
М360 Евроосиё саммити илк бор 2025 йилнинг 20−21 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Бу телекоммуникация ва рақамли технологияларга бағишланган йирик минтақавий тадбирлардан биридир. Ҳамкорлар Рақамли технологиялар вазирлиги ва Beeline Uzbekistan бўлади.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалар билан танишди. 2025 йилда 1,8 млрд доллар инвестиция жалб қилиш орқали 20 минг иш ўрни яратиш, захирадаги ерларда саноат зоналари ташкил этиш, яйловларни туристик ҳудудга айлантириш — шулар жумласидан.
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини кенгайтириш ишлари бошланди. Бино олд фасади олдинга сурилади, натижада терминал майдони деярли икки бараварга кенгаяди. Ушбу босқичда яна иккита багаж ленталарини ўрнатиш ва терминал ичида кутиб олувчилар учун кенг майдон яратиш режалаштирилмоқда.
Президент 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирди ва 160 млрд долларлик мақсад қўйилганда айримлар бунга шубҳа билан қараганини айтди. «Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!», — деди у.
Ўзбекистонда туғилиш даражасининг пасайиши бутун дунёда кузатиладиган тенденциянинг аксини кўрсатмоқда. «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур мавзуни таҳлил қилиб, бу борада кўпчиликни қизиқтираётган айрим саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 250 миллион доллар кредит ажратди. Маблағ транспорт ва энергетика каби тармоқларда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишни қўллаб-қувватлайди.
TBC Uzbekistan асосий инфратузилмага сармоя киритаётгани ва ўз процессинг марказини ишга тушираётганини маълум қилди. Компания экотизим эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда яратилган процессинг маркази янги маҳсулотларни бозорга чиқаришни тезлаштириши ва ўзгаришларга мослашувчанликни оширишини кутмоқда.
Марказий банк қарз олувчилар ва банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритди.
Президент 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилашга доир йиғилиш ўтказди. Мақсадли вазифаларга кўра, инвестиция ҳисобига 305 минг аҳоли иш билан таъминланиб, 1 млрд доллар экспорт қилинади. Қир-адирлар тоифаси ўзгартирилиб, фойдаланишга топширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг