2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилмоқда, деди молия вазири Тимур Ишметов. Унга кўра, бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ва «бюджет харажатларини қаттиқ назорат қилиш» режалаштирилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,92 сўмга кўтарилиб, 10 712 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 60 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаларида давлат улушларини сотиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини эълон қилди. Улар орасида Тошкентдаги Миробод, Фарҳод, Ўрикзор ва Олой деҳқон бозорлари, «Ипподром» ва «Бек тўпи» савдо комплекслари мавжуд. Қарорга кўра, ҳокимлар бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, бозорлардаги давлат улуши ҳокимликларга ўтказилиши кутилмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу қарор лойиҳасини танқид қилди.
Ўзбекистон 9 ой ичида хорижий давлатларга қиймати $242,5 млнга тенг бўлган 25 минг 171 та енгил автомобиллар экспорт қилди. Экспортнинг деярли 96% қисми Қозоғистонга тўғри келмоқда.
Тошкент шаҳрида янги рақамли банк — «Bank Apelsin» рўйхатдан ўтказилди. У Kapitalbak томонидан 2019 йилда ишга туширилган Apelsin иловасидан келиб чиқди.
Октябрь ойида инфляция 1,3 фоизни ташкил этди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга, пуллик хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,87 сўмга кўтарилиб, 10 690,08 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Марказий банк таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари (NPL) ҳажми 5,4 баробар ўсиб, 5,2 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, кейинги ойларда банкларнинг кредит портфелининг сифати босқичма-босқич яхшиланмоқда.
UzAuto Motors’нинг хабар беришича, микрочиплар етишмаслиги сабабли компания жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида харидорларга топширилиши кутилаётган Lacetti ва Labo автомобилларини етказиб бериш муддатини икки ойга узайтиришга мажбур.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 728,8 млрд сўмлик буджет маблағларининг сарфланишида молиявий қоидабузарликлар аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 баробарга кўпроқ. Буджет интизомининг бузилиш ҳолатлари асосан халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим тизимлари, шунингдек, автомобиль йўллари қўмитасида юз берган.
Ўтган йиллардаги иқтисодий ўсиш «аҳолининг жуда кичик қисмини хурсанд қилди», чунки ўсиш инклюзив эмас эди, деди молия вазири Тимур Ишметов. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат унумдорлик, самарадорлик устида ишлаши, рақобат муҳитини яратиши ва ёшлар бизнес талабларига жавоб берадиган асосий кўникмаларга эга бўлиши учун инсон капиталига сармоя киритиши керак.
«Ўзбекнефтгаз» Jizzakh Petroleum компанияси таъсисчилари сафидан бутунлай чиқди. Бунгача қўшма корхонанинг 49 фоиз улуши «Ўзбекнефтгаз»га тегишли эди.
Сенат коронавирусга қарши курашиш учун қўшимча 1,3 трлн сўм ажратишни маъқуллади, бироқ ушбу маблағнинг 800 млрд сўми аллақачон сарфлаб бўлинган. Бу сенаторлар ва президент давлат бюджетига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлагунча содир бўлди. Мазкур ҳолатни бюджет қонунчилиги президент ва ҳукумат қарорлари доирасида жами бюджет харажатларининг кўпи билан 3 фоизидан фойдаланишга имкон беради, дея тушунтирди Молия вазирлиги.
Иккиламчи бозорда кўпгина автомобиль моделларининг нархи сезиларли даражада ошди. Нархларнинг кескин ўсиши янги маҳаллий автомобилларни ишлаб чиқаришнинг секинлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат «иккинчи қўл» автомобилларига бўлган талабни ошириб юборди.
Ўзбекистонда Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги энергия ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва муқобил энергетика соҳасидаги лойиҳаларга Россия сармояларини жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Москвадаги ҳукуматлараро комиссия йиғилишида сўз борди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Давлат геология қўмитаси ва «Газпром» ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши режалаштирилмоқда.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси хабар беришича, сентябрь ойидан ички бозорда ип-калава учун «асоссиз ажиотаж» кузатилмоқда. Уюшма ноябрь ойида ип калава экспортига вақтинчалик қўшимча тўлов амалиёти жорий этилишини маълум қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу «ёмон оқибатлар»га олиб келишини таъкидламоқда.
1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 7 сўмга кўтарилиб, 10 683 сўм этиб белгиланди. Бундан ташқари, евро ва рубль курслари ҳам ошди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ЖСТ бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашиб, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг ҳолатини муҳокама қилди. Йил охиригача ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши ўтказилади.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 558 та электромобиль импорт қилиниб, импорт ҳажми қарийб 7 бараварга ошди. Улар асосан Хитойдан олиб келинмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг