Шавкат Мирзиёев деҳқон ва фермерларга вилоятлар ва туманлар ўртасида ҳаракатланишга рухсат беришни топширди. ИИВ уларнинг автомобилларини постларда кутиб олиб, ярмарка ва савдо нуқталарига қадар кузатиб боради. Президент вазият яхшиланиши билан 10 майдан сўнг карантин босқичма-босқич юмшатилишини маълум қилди.
2020−2021 йилларда барча қишлоқ ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернетга улаш ҳамда замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотларидаги барча хат ҳамда юридик ҳужжатлар фақат почта алоқа объектлари тармоғи орқали етказиб берилади.
Мудофаа вазирлиги томонидан ҳозирга қадар «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармасига 2,143 млрд сўм ўтказиб бергани маълум қилинди.
ДСҚ солиқ органлари ходимлари тадбиркорларга автомобилдан фойдаланишга рухсатнома олиш учун ярим йиллик солиқларни аввалдан тўлашни талаб қилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўғридан-тўғри бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали амалга оширилади. Ортиқча пенсия тўланганларнинг қарздорлиги бекор қилинади. Микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқларни кечиктириб (бўлиб-бўлиб тўлаш) бериш муддати узайтирилади — президент фармони.
Жисмоний шахсларнинг солиққа тортилмайдиган энг кам даромадлари миқдори МҲТЭКМнинг 7,5 бараваригача оширилади. Олинган хайрия ёрдамларига эса даромад сифатида қаралмайди — президент пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир фармонни имзолади.
29 апрель кунидан бошлаб Аи-92 маркали бензин нархи 5500 сўм қилиб белгиланди.
Ўзбекистонда стартаплар тўғрисида қонун қабул қилинади. Қонун лойиҳасига кўра, стартаплар ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Стартап компаниялар ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва бошқа солиқ тўловларидан озод этилади. Қонун доирасида хориж фуқароларига Стартап визалар берилиши ҳам режалаштирилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ягона электрон чипта сотиш тизими операторини танлашда янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирди. Олдинроқ Uzcard ягона электрон чипта сотиш тизими оператори бўлиши тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинган эди.
Жаҳон банки Ўзбекистонга 95 млн доллар миқдорида фавқулодда молиялаштириш маблағини тақдим этди. Улар соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ҳамда кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов ХВЖ 375 миллион доллар миқдорида кредит ажратишда Ўзбекистонга қўшимча шартлар қўймаслигини ва ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилаётганини айтди. Шунингдек, у бошқа қарзлар тафсилотларига ҳам тўхталди.
Карантин чораларини юмшатиш мақсадида фаолиятига рухсат берилган савдо корхоналари учун санитария талаблари эълон қилинди. Корхоналар ҳар бир харидор орасида 2 метр оралиқ масофани сақлашлари, дезинфекциялаш учун махсус ўтиш жойларини ўрнатишлари ва бошқа талабларга риоя қилишлари керак.
Карантин чораларини юмшатиш доирасида қурилиш материаллари бозорлари, ҳунармандлар, тижорат банклари шаҳоблачари, нотарал идоралар, автомобилларга хизмат кўрсатувчи ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг фаолиятини тиклашга рухсат берилди. Рухсат берилган тадбиркорлар санитария-эпидемиология талаблари асосида ишларини ташкиллаштиришлари белгиланган.
Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов электр ва газ нархларини либераллаштириш режаси номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди. «Газета.uz» маълумотларига кўра, февралда энерготашувчилар тарифларини ошириш режалаштирилган эди.
TBC Uzbekistan июндан иш бошлайди. Банк нақд пул кўринишидаги кредитлар, иш ҳақи гаров кредитлари, автокредитлар ва бошқа хизматларни таклиф қилади. Банкка тегишли Payme компанияси эса алоҳида ишини давом эттиради.
Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун 3,1 млрд доллар жалб қилишни режалаштирмоқда. Ушбу маблағларнинг 277,5 млн доллари — соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, 700 млн доллари — тадбиркорликни, 300 млн доллари — коммунал ва энергетика корхоналарини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Давлат бюджетига 1,8 млрд доллар йўналтирилади.
Google, Apple, Samsung, Netflix ва бошқа компаниялар Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғини тўлаш учун рўйхатдан ўтишди. Google 2020 йилнинг I-чораги якунларига кўра давлат бюджетига 85 минг евро миқдорида маблағ тўлаган.
Дональд Трамп коронавирус пандемиясидан кейин АҚШ иқтисодиётини тиклашга қаратилган «Американинг буюк иқтисодий тикланиши» лойиҳасига жалб этиладиган шахслар рўйҳатини эълон қилди. Унга Илон Маск, Жефф Безос, Марк Цукерберг ва бир қатор таниқли Америкалик тадбиркорлар ва давлат арбоблари кирган. Уларнинг асосий вазифаси инқироздан кейин АҚШ иқтисодиётини тиклаш масаласида Трампга маслаҳат бериш.
Халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига бюджетни қўллаб-қувватлаш ва Инқирозга қарши кураш жамғармасини молиялаштириш учун энг камида 1,6 млрд доллар кредит маблағларини тақдим этади.
Президент «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига келгуси 5 йилда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 4−5 бараварга кўпайтириш, таннархни рақобатчиларга нисбатан арзонлаштириб, ташқи бозорларни эгаллаш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, ЕИ бозорлари учун GSP+ мақомини олиш ҳамда маҳсулотларни BSI стандартлари асосида сертификатлашни жадаллаштириш топширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг